Қалбларни поклаш сари: “Яхшилик бўлсин! Кимнинг ақли амир бўлиб, ҳавои нафси унга асир бўлса.
17. Уламолар айтадиларки: “Яхшилик бўлсин! Кимнинг ақли амир бўлиб, ҳавои нафси унга асир бўлса. Вой бўлсин! Кимнинг ҳавои нафси амир бўлиб, ақли унга асир бўлса”.
Уламолар, ҳавои нафс жамики ёмонликларнинг бошланишидир. Чунки шаҳватлар нафсга жойлаштирилган, дейдилар. “Ҳаво” эса енгил ел бўлиб, у азоб-уқубатлар, изтироблар тўла “жой”дан чиқади. Сўнгра шаҳват тўла нафсни қўзғатиб унга куч беради. Натижада, инсон кўз кўриб қулоқ эшитмаган жирканчликларга, жиноят ва разилликларга қўл уради. Ҳолига эса вой бўлади. Ақл эса танадаги бу ғалаённи тарқатиб, шаҳват оловини ўчириб туради. Шу сабаб ақл ва тафаккур эгалари доимо яхшиликлар ичра бахтиёр яшайдилар.
18. “Ким гуноҳларни тарк этса, унинг қалби юмшоқ бўлади. Яна кимки ҳаромни тарк қилиб, ҳалолни еса, унинг фикри мусаффо бўлади”.
Қалб оппоқ матога ўхшайди. Агар инсон гуноҳ иш қилса ўша оқ матода битта қора доғ пайдо бўлади ва гуноҳ ишларда бардавом бўлса, оппоқ мато қоп-қора дағал буюмга айланиб, дағаллашиб қотиб қолади. Натижада, яхшилик, амри маъруф ва тарбия унга кор қилмай қолади.
Энди бу қотган ва кирланган қалбни фақатгина гуноҳларни тарк этиш орқали юмшатиш мумкин.
Ҳалол луқма еган инсон эса, ўзгаларга нисбатан самимий, холис ва мусаффо фикрлайдиган бўлади.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Муҳйиддин ибн Арабий айтадилар: “Кимнинг қандай ҳожати бўлса, шом намозининг фарз ва суннатини ўқиб бўлганидан кейин ўрнидан турмасдан Фотиҳа сурасини 40 марта ўқисин. Шундан кейин, Аллоҳдан ҳожатини сўрасин, албатта сўраган нарсасини беради. Биз буни тажриба қилиб кўрдик ва фойдасини топдик. Фотиҳа сурасини ўқиб бўлганидан сўнг ушбу дуони ўқийди: “Аллоҳим! Сенинг илмингни ўзи Сендан сўрамасликка кифоя. Фотиҳа сурасининг ҳаққи ҳурматидан Ўзинг сўровимга кифоя қил. Сенинг карамингни ўзи Сенга сўзламасликка кифоя. Фотиҳа сурасининг ҳаққи ҳурматидан сўзимга кифоя қил ва қалбимдаги тилагимни ҳосил қил”.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ