Пул ҳаммага керак. Аммо, тез ва осон пул топаман деб мусулмоннинг жиноятга қўл уриши, ҳаромдан бойлик орттиришга интилиши, оқибат уни икки дунёда хор қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Охиратни деб дунёсини, дунёни деб охиратини тарк қилган банда яхшиларингиз эмас. Чунки иккисида ҳам жамғариши лозим бўлган жиҳати бор. Одамларга боқиманда бўлиб қолманглар – зинҳор ўзгаларга оғирлигингиз тушмасин”.
Мазкур ҳадис мўмин-мусулмонларни у дунёни унутмаган ҳолда, ўзгаларга юк бўлмасдан, меҳнат қилиб, ҳалол йўл билан бу дунё эҳтиёжларига етарли мулк, маблағ топишга ундайди. Шарти шуки, фақат ҳалол йўл билан.
Сўнгги пайтларда, интернет саҳифалари, айниқса ижтимоий тармоқларда “уйдан чиқмасдан бой бўлишни хоҳлайсизми”, “Кўп пул топиш учун ажойиб имконият” ёки “Бир кунда миллион топишни истайсизми?” каби жимжимадор рекламалар орқали турли каналлар ва гуруҳларга аъзо бўлишни таклиф қилаётган “bet”лар ҳаддан зиёд кўпайиб кетди. Айниқса бугунги карантин шароитида, инсонларни уйда қолиб, кўпроқ вақтларини ижтимоий тармоқларда ўтказаётганлигидан фойдаланаётган фирибгарларнинг ишлари авжида.
Ўзига оҳанрабодек жалб этаётган рекламалар домига тушаётганлар сони эса сўнги 2 ойда каррасига ортиб бормоқда. Тўғрида, пандемия шароитида, ишга бормасдан осонгина, ҳеч қандай меҳнатсиз ва ҳаракатсиз пул топиш, бойиб кетиш кимга ҳам ёқмайди?! Бироқ озгина ақл юритсангиз уларнинг фирибгар ва ёлғончи, камига очиқчасига ҚИМОРБОЗ эканлигини ва сизни ҳам қиморга тортаётганининг гувоҳи бўласиз. Қимор эса ҲАРОМ, оқибат жиддий хавф ва мусибатларга олиб келувчи жирканч иш.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қиморни қаттиқ қоралаб шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (“Моида” сурасида, 90-оят).
“Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!” (“Моида” сурасида, 91-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “...Ким бир биродарига: “Кел, қимор ўйнаймиз” деса, дарҳол садақа қилсин”, деганлар (Бухорий ривояти).
Қимор шу даражада оғир гуноҳки, уни ўйнаймиз, деган гапнинг ўзиёқ каффоротни тақозо қилади. Бунда, қимор ўйнамоқчи бўлган пулни садақа қилиш кўзда тутилган. Зинҳор қимордан ютиб олган пулни эмас. Қимордан ютилган пул ҳаромдир. Ҳаромни садақа қилиб бўлмайди.
Хўш, айни дамларда одамларни пул топишга қизиқтираётган интернет тармоғидаги гуруҳлар ва каналларни бошқараётганлар (админлар), қилаётган ишлари ҳаром эканлигини билишармикан?!
Келинг, бу “шоввоз”ларнинг пул топиш услублари билан яқиндан танишамиз.
Аввало, улар рекламаларда ўзларини гўёки қайсидир спорт ўйинидаги маълум бир жамоага пул тикиб, бойиб кетган (бу қимор!) ва шу бойликларини сизлар билан бўлишмоқчидек кўрсатади. Баъзилари эса каналга аъзо бўлганингиздан сўнг “фалон мусобақадаги унисига, бунисига пул тикинг” деган таклифни киритади. Бироқ, каналга ёки сайтга киришингиз билан олдиндан ҳисобни тўлириш кераклигини айтишади. Мана шу ерда сиз ҳам қимор ўйинига аралашасиз (қиморбоз бўласиз) ҳамда фирибгарнинг тузоғига тушасиз. Чунки, ҳали бу ҳаром ва жирканч қимор ўйинларида ютиб, пулини олган бирор кимсани танимайсиз. Демак, улар фирибгар.
Фирибгарлар...
Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган бир оятга назар соламиз: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз.”(Бақара сураси, 188-оят).
Юқорида сизни бой қиламан деган «свайпчилар»нинг фирибгар эканлигини таъкидладик. Аллоҳ таоло Ўз Каломида ботил йўл билан ўзгалар молини ейишни ман қилган. Ўзганинг молини ноҳақ ейиш эса ҲАРОМдир.
Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади” – дея таъкидлаганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яна бир ҳадисда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бизни алдаса, у биздан эмас. Макр ва алдов дўзахдадир” – дея қатъий огоҳлантирганлар (Имом Табароний ривояти).
Бой бўлишни истовчилар ДИҚҚАТИГА!
“bet”ларни юритаётган “админ”лар диққатига! Ўз каналингиз орқали қимор, фаҳш, гуноҳ, фирибгарлик ва бошқа, инсонларни йўлдан оздирувчи, иймонига салбий таъсир этадиган рекламаларни тарқатишни БАС ҚИЛИНГ!
Қонуний, ҳалол ва адолатли бизнес режалар, таклифлар ва ҳамкорликларни тарғиб этинг!
Кимларнингдир гуноҳ амалларига шерик бўлиб қолманг!
Азизлар, Сарвари коинот Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди”, деганлар (Имом Ибн Ҳиббон ривояти).
Чунки, ҳаром луқма еган кишининг дуолари ҳам, ибодату илтижолари ҳам қабул бўлмайди!
Бугун, фақат сиз эмас, бутун дунё пандемия шароитида, қийинчиликлар ичра яшамоқда. Аммо, бу вазият, иқтисодий ночорлик мусулмонни ҳаромга қўл уришига сабаб бўлмайди. Ризқимиз Аллоҳ таолонинг зиммасида! Биз фақат сабабини ҳалолликдан излашимиз лозим!
ҲАРОМДАН УЗОҚРОҚ ЮРИНГ!
Саидаброр Умаров
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан