Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Январ, 2025   |   7 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:32
Bismillah
07 Январ, 2025, 7 Ражаб, 1446

Бири иккинчисиз бўлмас

17.05.2020   2544   4 min.
Бири иккинчисиз бўлмас

Аллоҳга итоат этиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилинмайди. Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этиш лозим.

Аллоҳ таоло бундай буюради: “Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳ ва (Унинг) Расулига итоат этингиз!” (Анфол сураси, 1-оят); “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз ва Пайғамбарга итоат этингиз!” (Муҳаммад сураси, 33-оят).

Аллоҳ таолога итоат Қуръони карим кўрсатмаларига амал қилиш билан, Набий алайҳиссаломга итоат эса у зот алайҳиссаломнинг суннатларига эргашиш билан бўлади.

Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат этганлар улкан зафарларга эришади:

“Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб сураси, 71-оят).

Аллоҳга ва Унинг Расулига итоатгўй бандалар жаннатга мушарраф бўлишади:

“Кимки Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоат этса, (У) уни остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритур” (Фатҳ сураси, 17-оят).

Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этмаганлар қиёмат куни азобланадилар:

«Юзлари оловда айлантириладиган кунда, улар: “Кошки эди, Аллоҳга итоат этганимизда, пайғамбарга итоат этганимизда”, дерлар» (Аҳзоб сураси, 66-оят).

 

 

Намозни ўз вақтида адо этиш, моли нисобга етганда закот бериш лозим. Намозни ўқиб, закотга қодир бўла туриб бермаслик, катта гуноҳдир.

Аллоҳ таоло намозни адо этишга ва закот беришга буюради: “...намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз...” (Ҳаж сураси, 78-оят); (Эй мўминлар!) Намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз” (Нур сураси, 56-оят).

 

Намозни адо этувчилар ва закотни берувчилар учун Аллоҳ таолонинг улуғ мукофотлари бордир:

“Албатта, имон келтирган, яхши ишларни қилган, намозни баркамол ўқиб, закотни берганлар учун Парвардигорларининг ҳузурида (махсус) мукофотлари бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара сураси, 277-оят); «...намозни барпо қилувчилар, закотни адо этувчилар, Аллоҳга ва “Охирги кун” (қиёмат)га имон келтирувчилар ҳам борки, айнан уларга, албатта, улкан мукофот ато этурмиз» (Нисо сураси, 162-оят).

 

Мол-дунёсини тўплаб, Аллоҳ йўлида сарфламайдиганлар учун аламли азоб бордир:

«Олтин ва кумушларни кон (махфий хазина) қилиб олиб, уларни Аллоҳ йўлида сарф қилмайдиганларга аламли азоб ҳақида “хушхабар” беринг! (Мазкур олтин-кумушлар) жаҳаннам ўтида қизитилиб, улар билан пешоналари, ёнлари, орқалари куйдирилган куни: “Бу ўзларингиз учун сақлаган хазинангиздир. Сақлаган хазинангиз (мазасини) тотингиз!” (дейилади)» (Тавба сураси, 34-35 – оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга Аллоҳ молу дунё берса-ю, у закотини адо қилмаган бўлса, қиёмат куни у унга кўзойнакли илон бўлиб кўринади. Унинг икки тиши чиқиб туради. У қиёмат куни бўйнидан бўғиб олади. Сўнг икки жағ суягидан тишлаб туриб: “Мен сенинг молингман! Мен сенинг тўплаган хазинангман!” дейди”, дедилар ва: “Аллоҳнинг фазли билан берган нарсаси (бойлиги)дан бахиллик қилувчилар буни ўзларига яхши деб ҳисобламасинлар! Асло! Бу улар учун ёмондир. Қиёмат куни бахиллик қилган нарсалари (ўз бўйинларига) бўйинтуруқ қилиб илиб қўйилади”, оятини тиловат қилдилар» (Оли Имрон сураси, 180-оят).

 

Аллоҳга итоат этиш ва ота-онага яхшилик қилиш лозим. Аллоҳга ибодат қилиб, ота-онани ҳурмат этмаслик, уларга яхшилик қилмаслик улкан гуноҳ.

Аллоҳ таоло бундай буюради: Роббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди” (Исро сураси, 23-оят); “Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик” (Луқмон сураси, 14-оят); “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик” (Аҳқоф сураси, 15-оят).

 

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг розилигини топадиган амалларда собит қадам қилсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

7.01.2025   80   2 min.
Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!

Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар