“Ҳидоят (тўғри йўл) ўрнига залолатни (нотўғри йўлни) сотиб олганлар ўшалардир, (лекин уларга) бу савдолари фойда қилмади ва (улар) ҳидоят йўлига юрувчи ҳам бўлмадилар. Улар бамисоли бир олов ёққан (йўловчи) кимсадирки, олов унинг атрофини ёритганида, Аллоҳ (бехосдан олов) нурини кетказиб, уларни зулматлар ичра (ҳеч нарсани) кўролмайдиган ҳолда қолдирган” (Бақара сураси, 16-17 – оятлар).
“Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўх-шайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами) кенг ва билимдон зотдир” (Бақара сураси, 261 – оятлар).
“Унинг мисоли гўё бир итдирки, унга ҳамла қилсанг ҳам (тилини осилтириб) ҳансирайди, ўз ҳолига қўйсанг ҳам ҳансирайверади” (Аъроф сураси, 176-оят).
“Ҳақиқатан, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сув (ёмғир) бўлиб, одамзот ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат ер гиёҳлари у билан аралашиб, то ер ясаниб ва зийнатлангач, ер эгалари ўзларини унга қодир деб билган бир пайтда, ерга тунда ёки кундузи Бизнинг амримиз келиб, уни кечаги куни обод бўлмагандек (йиғиб олинган) ҳосилга айлантириб қўйганимизга ўхшайди” (Юнус сураси, 24-оят).
“(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур” (Каҳф сураси, 45-оят).
“Билингизки, бу дунё ҳаёти фақат ўйин, эрмак, зийнат, ўзаро фахрланиш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдан иборатдир. (У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур” (Ҳадид сураси, 20-оят).
“Иккала гуруҳ (кофир ва мўмин)ларнинг мисоли худди кўр билан кар ва кўрувчи билан эшитувчилар кабидир. Иккиси мисолда баробар бўладими?! Эслаб кўрмайсизларми?!” (Ҳуд сураси, 24-оят).
“(Аллоҳ) осмондан сув (ёмғир) ёғдирганида жилғалар миқдори билан оқиб, (бу) сел ўз устида кўпикларни ҳам кўтариб келур. (Одамлар) зеб-зийнат ёки асбоб-ускуна (ясаш) учун ёқадиган (олов)лардан ҳам шунга ўхшаш (чиқинди пайдо) бўлур. Аллоҳ ҳақ билан ботилни (мана шундай мисол билан) баён қилур. Бас, кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетур. Одамларга фойдали бўлган нарса эса Ерда қолур. Аллоҳ мисолларни мана шундай баён қилур” (Раъд сураси, 17-оят).
“Парвардигорларига кофир бўлганларнинг амаллари бамисоли бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулдир – улар қилган амалларидан бирор (яхши) нарсага эга бўла олмайдилар. Бу ўта гумроҳликдир” (Иброҳим сураси, 18-оят).
“(У сўз) худди бир яхши дарахтга ўхшайдики, унинг илдизи (ер остига) ўрнашган, шохи эса осмондадир. Парвардигорининг изни билан (у) мудом мева берур” (Иброҳим сураси, 24-оят).
“Ёмон сўзнинг (яъни куфр сўзининг) мисоли эса ер юзасидан (илдизи) узилиб қолган, бир жойда қарори йўқ нопок дарахтга ўхшар” (Иброҳим сураси, 25-оят).
“Аллоҳдан ўзгаларни дўст тутган кимсаларнинг мисоли худди ин қуриб олган ўргимчакка ўхшайди. Зотан, инларнинг энг нимжони, албатта, ўргимчак инидир, агар билсалар” (Анкабут сураси, 41-оят).
“Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар” (Анкабут сураси, 43-оят).
“Биз ушбу Қуръонда одамлар учун турли мисолларни келтирдик. Шояд эслатма олсалар” (Зумар сураси, 27-оят).
«Яна дилларида мараз (мунофиқлик) бўлган кимсалар ва кофирлар: “Бу мисол билан Аллоҳ нима демоқчи?” дегайлар. Аллоҳ ўзи хоҳлаган кимсаларни мана шундай йўлдан оздириб қўяр ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Муддассир сураси, 31-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД
Кишининг маърифати юксалгани сари ундаги фаросат нури ҳам кучайиб бораверади. Фаросат – кишида тез ва тўғри фаҳмлай олиш қобилияти, заковат, диддир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинглар. Чунки у Аллоҳнинг нури ила қарайди”, дея марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Уламоларимиз ушбу ҳадисни шарҳлаб: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг” яъни маъсиятларнинг ошкорасидан ҳам, махфийсидан ҳам сақланинглар. Эҳтимол, мўмин киши қилаётган гуноҳларингизни басират кўзи ила кўриб турар, натижада унинг олдида изза бўласизлар. Чунки комил мўмин сизлар яшираётган нарсага Аллоҳ таоло ато этган қалб кўзи билан назар солади ва ҳақиқатни ҳис этади”, дейишган.
“Туҳфатул олий” китобида фаросат уч хил – иймоний, риёзий ва халқий бўлиши таъкидланган.
Иймоний фаросат – банда қалбига Аллоҳ таоло солган нуридир. Ушбу фаросат иймон қувватига кўра турлича бўлиб, иймон қанчалик кучли бўлса, фаросат ҳам шунча ўткир бўлади. Уламолар бунга мисол қилиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаётида содир бўлган воқеани келтирадилар.
Бир киши ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келаётиб, йўлда бир номаҳрам аёлга қараб қўйди. Ҳазрат Усмон:
– Бирингиз кўзларидаги гуноҳ асорати билан кириб келмоқда, – деди. Ҳалиги киши ҳайрат-ла:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин ҳам ваҳий борми?! – дея ғалати аҳволга тушиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу:
– Йўқ, лекин содиқ фаросат бор, – дедилар.
Риёзий фаросат – тўйиб таом емаслик, бедорлик ва ақлий машғулотлар билан кўп шуғулланиш орқали ҳосил бўлиб, нарсаларнинг ҳақиқатини англаш тўғрисидаги маълум бир тушунча юзага келади. Ушбу фаросат фақат мўмин кишига хос эмас, балки мазкур риёзатларни чеккан бошқа инсонларда ҳам бўлиши мумкин. Чунки бу фаросат иймонга ҳам, валийликка ҳам далолат қилмайди. Шунингдек, фақат хақиқатни ҳам, тўғри йўлни ҳам кўрсатиб бермайди.
Халқий фаросат – Аллоҳ таолонинг ҳикмати тақозо қилган нарсалардан хулоса чиқариш истеъдоди.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари шогирдларига дарс бериб турганида мажлисга бир йигит кириб келади-да, илтифотсизлик билан: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг. Чунки у Аллоҳнинг нури билан қарайди”, деган ҳадиснинг мазмунини сўрайди. Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари унга: “Бу ҳадиснинг маъноси шуки, бўйнингдаги хочни ечгайсан”, дейди. У хочи борлигини инкор қилди. Шунда устознинг ишораси билан шогирдлар унинг тўнини ечишганда, хочи кўриниб қолади ва сири фош бўлади. У мазкур ҳадиснинг исботини кўргани боис иймонга келиб, Исломни қабул қилади.
Имом Шофеъий ва Имом Муҳаммад ибн Ҳасан раҳимаҳумаллоҳ Масжиди Ҳарамда ўтиришса, бир нотаниш киши масжидга кириб келди. Шунда Имом Муҳаммад унинг юриши ва ўзини тутишига қараб: “Бу одам дурадгор бўлса керак”, деди. Имом Шофеъий эса: “Менимча, бу одам темирчи-ёв”, деди. Шунда ўша одамни ўзидан сўралган эди: “Мен аввал темирчи эдим, айни пайтда дурадгорлик қилмоқдаман”, деб жавоб беради (“Рисолатул Қушайрия”). Яъни, ҳар икки олим ҳам фаросатларининг ўткирлигидан нотаниш кишининг касбини аниқ топа олишган.
Шунингдек, улуғларнинг мақоми ва эҳтиромини ўз ўрнига қўя олиш ҳам кишининг фаросатидан саналади. Масалан, бир киши Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан: “Сиз каттамисиз ёки Расулуллоҳми?” деб сўради. Шунда у зот: “У зот мендан катталар, лекин мен у зотдан аввалроқ туғилганман”, – деб жавоб берган.
Киши суҳбатдошига малол келмайдиган тарзда таълим бериши ҳам фаросатдир. Масалан, бир киши Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳнинг олдида акса урди ва суннатга мувофиқ ҳамд айтмади. Шунда Абдуллоҳ ибн Муборак одоб билан ўша одамдан савол сўровчи талабадек: “Тақсир, киши акса урганда суннатга кўра нима дейди?” деб сўради. Ҳалиги одам: “Алҳамдулиллаҳ”, деди. Шунда у зот: “Ярҳамукаллоҳ” дея жавоб қайтарди.
Фаросатни зиёда қилиш учун ҳар ишда динимизга амал қилиш зарур. Ибн Шужоъ Кирмоний раҳимаҳуллоҳ бундай дейди: “Ким зоҳирини суннатга эргашиш билан, ботинини Аллоҳнинг муроқабаси (назоратини ёдда сақлаши) билан обод қилса, кўзини ҳаромдан тўсса, нафсини ортиқча истакларидан тийса, ҳалол луқмага одатланса, фаросати ўткирлашади” (“Ҳилятул авлиё”).
Бугунги кунда фарзандларимизнинг таълим-тарбиясига, уларнинг юксак фаросат соҳиблари бўлиб камол топишларига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ эътибор қаратишимиз даркор. Бунинг учун, аввало, ўзимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам китоб мутолаасига одатланишимиз, илм-маърифат эгаллаш ҳаракатида бўлишимиз лозим. Зеро, Имом Абу Ҳомид Ғаззолий: “Илмнинг кўпайиши, маърифатнинг кенгайиши – тафаккур мевасидир”, деган.
Ғуломиддин ХОЛБОЕВ,
ЎзМИ Фатво маркази директор ўринбосари