Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, бизни яна Рамазонга етказди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилганидек, тақводор, гуноҳ ишлардан қўрқадиган бўлишимиз учун Рамазон рўзаси бизларга фарз қилинди. Демак, рўза ибодатини барча шартлари ила, ихлос билан адо этган одамнинг тақводор бўлишига шубҳа йўқ. Шу боис Рамазон мўминлар учун ҳақиқий байрамдир. Рамазон келиши билан ер юзидаги мўмин бандаларгина эмас, балки бутун коинот, барча махлуқотлар беқиёс шодлик билан чулғанади.
Севикли Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Рамазон ойининг кириши туфайли жаннат ўзининг зийнатларини янгилаб, хилма-хил тусга кириб, товланиб туради".
Яъни ҳатто жаннат ҳам бу ойни ўзгача қарши олади. Мана шундай муборак ойда қанча эзгу амаллар қилиб, тоат-ибодатда бардавом бўлар эканмиз, нафсимиз ушбу ибодатларга кўникиши шунча осон бўлади. Чунки, рўзадор нафсини Аллоҳнинг амрига бўйсундириб, мубоҳ бўлган та иий шаҳватларни ҳам тарк қилиши билан тақвоси ортади, нафси жиловланади.
Нафсни жиловлаш тақвонинг асосидир. Шубҳасиз, рўзанинг бошқа жисмоний ва маънавий фойдалари кўп: инсонни сабрга ўргатади, ҳавойи нафси устидан ҳоким этади. Рўза қалбни юмшатади, меҳр-мурувват туйғуларини оширади, кишиларни ночор ва ўкцикларнинг кўз ёшини артишга ва ғамини аритишга ундайди. Рамазон ойида яна барча мусулмон аҳли интиқ бўлиб кутадиган ибодатлардан бири бу таровеҳ намозидир. Аммо, ҳозирги вазиятдан келиб чиқиб, барчамиз уйдамиз. Хўш бундай вазиятда, бу йилги Рамазон ойида ибодатларимизни қандай қилишимиз керак?
1 . Аввало бу ойда бошқа ойлардан ҳам кўпроқ ибодат қилишга шошамиз ва ўзимизга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзини шиор қилиб оламиз:
"Рози бўлишинг учун мен сенга шошдим эй, Роббим" (Тоҳа сураси, 84-оят).
2. Барча гуҳоҳларимиз учун Аллоҳ таолога тавба қиламиз, зикр ва дуоларни кўпайтирамиз, Аллоҳ таолодан ушбу мусибатларни аритишини сўраб дуо қиламиз.
3. Қуръони каримни Аллоҳ таоло қодир қилганча ўқиймиз, хатм қиламиз.
4. Муҳтожларга садақа ва эҳсонлар қиламиз, гарчи бир дона хурмо ёхуд бир қултум сув билан бўлса ҳам. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида берилганидир", деганлар.
5. Ота-онамизга янада кўпроқ яхшилик қилишга шошамиз, бу Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилинадиган, у Зотга яқинлаштирадиган ибодатлардандир.
6. Вақтимизни ибодатдан чалғитувчи нарсаларга сарфламасликка ҳаракат қиламиз.
7. Нафл ибодатларни кўпайтирамиз, уйда таровеҳ намозларини ўқиймиз.
8. Яна тезда масжидлар очилиб, намозлар жамоат билан адо қилинишига ишониб, дуоларда бардавом бўламиз. Саҳиҳи Муслимда келтирилишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қудсий ҳадисда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "Агар бандам яхшилик қилишни ният қилса, мен унга яхшилик ёзиб қўяман".
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини муборак қилсин, барчамизни Ўзи рози бўладиган амалларга муваффақ этсин!
Моҳигул ЖЎРАБОЕВА,
Тошкен ислом институти 1-курс талабаси.
Ҳажга кетаётганларга ёки ҳаждан қайтганлар ҳаққига «Ҳажингиз мабрур ҳаж бўсин!» дея дуо қилинади. Умуман, ҳожиларнинг ўзлари ҳам ўз ҳажларининг мабрур бўлишини истаб, дуои хайрлар қиладилар. Нима учун бундай дуо қилинади? Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу ҳадиси шарифлари бор: “Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннат бўлади!” (Имом Бухорий, 3/1773; Имом Муслим, 2/1349).
Бошқа бир ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан инсоният учун энг афзал амаллар қайсилигини сўралганида, ул зоти шариф томонларидан бундай амаллар қаторида ҳажжи мабрур ҳам санаб ўтилган эди (Имом Бухорий, 2/1519; Имом Муслим, 1/83).
Шундай экан, ҳажнинг қай тариқада мабрур бўлишини билиб олиш жуда зарур экан. Аввало «мабрур» сўзининг луғавий маъноси қандай?
«Мабрур» сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган деган маънодадир. Унинг «холис» деган маъноси ҳам бор. Демак, «мабрур» сўзи «мақбул» сўзига маънодош бўлади.
Мабрур ҳаж бўлиши учун қуйидагилар бўлиши лозим:
1) Имом Бухорийнинг “Тарихи кабир” асарида бир ривоят бор. Унда машҳур олим Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг бундай дегани нақл қилинади: “Мабрур ҳаж шуки, ҳаждан дунёда зоҳид ҳолда, охиратга рағбатли бўлган ҳолатда қайтмоқликдир” (Имом Бухорий, «Тарихи кабир», 3/808).
Демак, ҳожилар юртга қайтар эканлар дунё борасида зоҳид, зуҳду тақвога берилган, охират борасида эса унга рағбат қўйган, ҳаром ва шубҳали нарсаларга парҳезгор бўлиб, ҳар дам ва ҳар қадамда охиратини ўйлайдиган бўлишлари керак экан. Агар ана шундай ҳожилар бўлса, уларнинг ҳажларининг мабрур бўлганининг аломати ана шудир.
2) Ҳаж вақтида гуноҳ иш ва қилиқлар аралашмаган ҳаж мабрур бўлади. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари бор: «Кимки ҳаж қилса, ёмон гап ва ёмон иш қилмаса, ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Термизий, 2/808).
Ҳадиси шарифда тилга олинган “рафас” сўзи луғатда шаллақилик қилиш, беҳаё гапларни гапириш, бузуқ, ифлос ишларни қилиш маъносида экани айтилади. Қуръони каримда у «хотини билан жинсий яқинлик қилиш» маъносида келган. Бу ерда эса у умумий бўлиб, ёмон гап-сўз, қабиҳ ишлар маъносида қўлланган. Демак, ҳажда бу хилдаги ишлар мутлақо мумкин эмас.
3) Ҳаждан кўзланган мақсад фақат Аллоҳнинг фарз қилган ҳажини адо қилиш бўлиши керак. Шундагина ҳаж мабрур бўлади. Бу тўғридаги Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг мана бу гапига эътибор беринг:
“Ким мана бу Уйни бошқа нарсани ирода қилмасдан ҳаж қиладиган бўлса, гуноҳлардан худди онаси туққан кундагидек бўлиб чиқади” (Ибн Абу Шайба, 3/12785).
Инсон ҳажга борар экан, тижорат, савдо-сотиқ ва бошқа шунга ўхшаш дунёвий ва ҳаждан ўзга диний ишлар ҳажнинг баҳонаси ила сафарнинг биринчи мақсадига айланиб қолмаслиги керак.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир хотиннинг ҳаждан қайтаётганини кўриб, «Сайру саёҳат қилиб, дўконларни айланиб юрибсанми?» дебдилар. Хотин тасдиқ жавобини берганида, унга Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Ундай бўлса, қайтадан ҳаж қилгин!» деган экан.
Бир куни Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Каъбага суяниб ўтирганида, Ироқдан келган ҳожилар у ёқдан бу ёққа ўта бошлабдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларни олдига чақирибди. «Сизлар ҳажга келдингларми? Тавоф қилдингларми, Сафо ва Марва орасини саъй қилдингларми?» дебдилар. Улар тасдиқ жавобини қилибдилар. «Ҳозир нима қилаяпсизлар? Ҳаж мавсумидан фойдаланиб қоляпсизларми?» дебди.
Ҳожилар фурсатдан фойдаланиб, у ер бу ерларни кўриб юришганини, у ёққа бу томонга ўтиб, бориб-келиб юрганларини, бошқа хайрли амаллар, кўпроқ зикр, кўпроқ нафл ибодатлар қилмаётганларини айтишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларга ҳажни қайта қилишларини буюрибдилар (Ибн Абу Шайба, 3/12787).
Саҳоба Абу Зарр розияллоҳу анҳу ҳаж кунларида Рабза деган жойни айланиб юрган ҳожиларни кўриб, уларга ҳажларини қайта қилишни бурган экан.
Демак, инсон ҳаж кунларини ғанимат билиши, бошқа нарсаларга, совға-саломларга чалғиб кетиб, ибодатлардан, зикрлардан қолиб кетмаслиги керак. Шунда унинг ҳажи мабрур бўлади.
4) Ҳажи мабрур бўлганининг аломати ҳожи ҳаж қилиб қайтганидан сўнг унинг ҳоли яхши тарафга ўзгаришидир. Ҳар бир ҳожи ўз ҳолига қараб кўрсин: кўпроқ ибодатлар қилаяптими, ўқиётган нафллари аввалгидан кўпайдими, одамларга қилаётган хайрли амаллари ортдими, оғзидан чиққан ёмон гаплар энди йўқолдими, ёмон амаллари йўқолдими, ҳеч кимга айтиб бўлмайдиган гуноҳлари, айбу нуқсонлари озайдими?
5) Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтган: “Ҳаж мабрур бўлиши учун ҳаж арконлари, маносиклари, амаллари, фарзу, вожибу суннат ва мустаҳабларининг барчаси мукаммал ва тўлиқ адо қилиниши керак”. Бу жуда муҳим гап! Ҳожилар бунга эътибор қаратишлари керак бўлади. Ҳажнинг амалиётларининг бирортаси қолиб кетмаслиги, амалларнинг кетма-кетлиги, тартиби ўзгармаслиги, шошма-шошарликка йўл қўймаслиги, бировлар гапига кириб осон ва қулай йўлга ўтиб олмаслиги керак.
6) Муҳаммад Юсуф Баннурий раҳимаҳуллоҳ ҳажнинг мабрур бўлиши учун у риёдан холи бўлмоғи керак, деб таъкидлаган. Зотан, риё савоблар кушандасидир. Хўжакўрсинга, одамлар ҳожи десин, ҳамманинг эътибори ва обрў-ҳурматига сазовор бўлиш мақсадида ҳажга борса; ҳамма ҳажга бораяпти-ку, деб одамлар кўзи учун ҳажга кетса, унинг ҳажи мабрур бўлмаслиги мумкин.
7) Умуман, мабрур ҳаж деганда гуноҳ, маъсият аралашмаган ҳажга айтилади. Чунки унинг «холис ҳаж» деган маъноси бор. Бу гуноҳлардан холи, деганидир. Тавоф асносида, одамлар тиқилинчида бировга туртилмасликка, бировнинг оёғини босиб олмасликка ҳам эътибор қаратиш керак бўлади. Бировнинг кўнглига оғир келадиган гапларни гапирмаслик керак. Бунинг учун зикрга зўр бериш керак. Ҳажга бориб, меҳмонхонада оёқ узатиб ётиб, умрида бир марта бўладиган, атиги ўн беш кунлик муборак сафарида бу ёқдаги, юртидаги дунёвий ишларини муҳокама қилишнинг ҳеч кераги йўқ.
Барча ҳожиларнинг ҳажлари мабрур, саъйлари машкур бўлсин!
Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ