Муборак Рамазон ойининг рўзасини тутаётган инсон савобли амалларни кўпайтиришни ва кўпроқ яхшиликлар қилиб қолишни истайди. Айниқса, охирги ўн кунлик – дўзахдан озод бўлиш даҳасида бу истак янада катталашади. Хўш, биз учун энг савобли амаллар қайси? Бу савол кўпчилигимизни ўйлантириши табиий. Аслида, бу саволга жавоб топиш учун кўп ўйланишимиз шарт эмас, чунки, Аллоҳ таоло биз мусулмонларга юксак намуна бўлган Зот – Пайғамбар алайҳиссаломни неъмат қилиб берган. У зот бизга таълим берган амаллар ўзимиз ўйлаб қилган амалдан жуда катта фарқ қилади ва савоби ҳам биз тасаввур қила олмайдиган даражада кўп бўлади. Сабаби, Аллоҳ таоло бизга ўзимиз амал қилишимизни эмас, У зотга эргашишни буюрган. Ушбу мақолада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ва унинг охирги ўн кунлигида қилишни буюрган ёки ўзлари бажарган ўн суннат амал ҳақида сўз юритамиз.
1. Қуръон тиловат қилиш. Рамазон – Қуръон нозил қилинган ойдир. Шунинг учун ҳам у Қуръон тиловати учун энг ҳақли вақт саналади. Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахий бўладиган пайтлари Рамазонда Жибрийл (а.с) билан учрашганда бўлар эди. У зот Жибрийл билан Рамазоннинг ҳар кечасида учрашар ва Қуръондан дарс қилар эдилар». Демак, ушбу ойда Қуръон тиловат қилиш суннат амал экан. Ушбу суннатга эргашиш учун эса ҳар куни имкон қадар тиловат билан машғул бўлиш мақсадга мувофиқдир.
2. Тасбеҳ ва зикрларни кўпайтириш. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тасбеҳлар айтиш хусусида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Имкон қадар йўлда, уйда, ишда ва бошқа пайтларда тасбеҳларни кўпроқ айтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки, Имом Зуҳрий айтадилар: «Рамазондаги бир тасбеҳ ундан бошқасидаги минг тасбеҳдан афзалдир». Демак, зикр ва тасбеҳларни кўпайтириш ҳам суннатга эргашиш, ҳам ушбу муборак ойда кўплаб ажрларга эга бўлишга сабаб бўлар экан.
3. Дуони кўпайтириш. Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда У зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ё Расулуллоҳ, қайси кеча лайлатул қадр эканини билсам унда нима дейман?», деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳумма иннака аъвуффун, туҳиббул аъфва фаъфу аънний» (Маъноси: Аллоҳим, сени марҳаматли Зотсан, афв этишни суясан, мени кечиргин!) дегин», дедилар. Бошқа ҳадисларда эса рўзадорнинг дуоси қайтарилмаслиги ҳам зикр қилинган. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламўргатганларидек кўпроқ дуо қилиш ҳам суннат амал экан.
4. Кечалари қойим бўлиб таровеҳ намозларида ҳозир бўлиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ким Рамазонни иймон ва (риё қилмасдан) савоб умидида (ибодат билан) қойим қилса ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ривояти). Кечани ибодат билан ўтказиш учун имкон қадар таровеҳ намозларига қатанишиш, яна имкон бўлса саҳарликдан аввал икки ракат бўлсада намоз ўқиб дуо қилиш ва суннатга эргашиш маъносида саҳарлик қилиш мумкин. Охирги ўн кунликда қадр кечасини топиш мумкинлигини ҳам унутмаслик лозим.
5. Тунги ибодатга аҳли оиласини уйғотиш. Оиша онамиз (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда У зот айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (Рамазоннинг) охирги ўн кун кирганда енгларини шимарардилар (ибодатга маҳкам бўлардилар), (ибодат билан) тунларини бедор қилар ва (намоз учун) аҳлларини уйғотардилар» (Имом Бухорий ривояти). Ҳадиси шарифдан охирги ўн кунликда кўпроқ ибодат қилиш ва аҳлини намоз учун уйғотиш ҳам суннат амал эканини кўриш мумкин.
6. Мисвок ишлатиш. Мисвок ишлатиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий бажарадиган суннатлари эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламайтадилар: «Агар умматимни машаққатга солмаганимда уларни ҳар намоз олдидан мисвок қилишга буюрган бўлардим». Уламоларимиз бу ва бошқа ҳадислардан хулоса қилиб таҳорат пайтида мисвок қилиш суннат эканлигини айтишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолларида ҳам мисвок қилганлари маълум ва машҳурдир.
7. Рўзадорга ифторлик қилиб бериш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким рўзадорга ифтор қилиб берса унга у (рўзадор)нинг мислича ажр бўлади, лекин у (ажр) рўзадорнинг ажридан ҳеч нарса камаймайди» (Имом Термизий ривояти). Ҳадиси шарифдан рўзадорга ифторлик қилиб бериш жуда катта ажрга сабаб бўлиши маълум бўлмоқда. Аммо бундан исрофгарчилик қилиб ёзиладиган ҳашаматли дастурхонларни тушунмаслик керак. Ифтор қилиб бериш бошқа ҳадисларда келгани каби бир дона хурмо билан бўлиши ҳам мумкин. Инсон ўз аҳли оиласидаги рўзадорларга ифторлик қилиб бериши ҳам ҳадиси шарифда зикр қилинган ажрга эга бўлишга сабаб бўлади.
8. Беморларни зиёрат қилиш. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим: «Қайси бир мусулмон (бемор) мусулмонни эрта тонгда зиёрат қилса кеч тушгунча етмиш минг фаришта унга саловат (мағфират сўраб дуо қилиш) айтади. Агар кечки пайт зиёрат қилса унга етмиш минг фаришта тонг отгунча саловат айтади ва унга жаннатда бир боғ берилади» (Имом Термизий ривояти). Оддий пайтларда беморни зиёрат қилиш шу даражада катта савоб экан ажрлар кўпайтириб бериладиган ушбу муборак ойда уларнинг адади беҳисоб бўлиши табиийдир.
Юқорида биз келтириб суннат амаллар кўплаб суннатларнинг бир қисми, холос. Бу ҳақида яна ўзбек тилида нашр этилаётган китоблар, мақола ва газеталардан ҳам маълумотлар олиш мумкин. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу муборак кунларда савобли амалларни кўпайтириб олишга муваффақ айласин!
Ийсохон Яҳё тайёрлади
Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?
Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)
Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).
Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.
Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.
“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.
Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз. Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).
Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.
Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси