Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июл, 2025   |   17 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:19
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:34
Bismillah
12 Июл, 2025, 17 Муҳаррам, 1447

Рўзанинг фойдалари

13.05.2020   4633   1 min.
Рўзанинг фойдалари

Рўза - фойдалари энг кўп ибодатдир. Унда руҳий фойдалар билан бирга бошқа фойдалар ҳам бор. Қуйида қисқача тарзда у фойдалар ёзилади:

Нафс устидан ақл ғолиб ва назоратчи бўлади. У жуда катта фойдадир. Дарҳақиқат бутун Қуръон ва Ҳадис айни шу нарсага чорлайдики, инсон ақли пок бўлсин ва нафс мағлуб бўлсин. Рўзада бу нарса энг мукаммал даражада топилади. Чунки, рўза шаҳват ва ғазаб устидан ғолиб келади. У иккиси кўп еб-ичишлик ва хурофотлардан пайдо бўлади.

Инсон табиатида яхшилик ва фазилат пайдо бўлади. Малакутият сифати яъни, фаришталарнинг сифатлари унда намоён бўлади. Аллоҳ таъолога хос қурбат ҳосил бўлади. Чунки, инсон Аллоҳнинг муҳаббатида ўзининг еб-ичиши ва аслида жойиз бўлган нафсоний хоҳишлари яьни, ўзининг аёли ила жинсий яқинликни ҳам тарк қилади. Аввалдан манъ қилинган ва ҳаром бўлган хоҳишларга эса яқин ҳам келмайди.

Ақл қувватида зиёдалик бўлади. Қачонки, шаҳват ва ғазаб қуввати мағлуб бўлса, ақл қуввати зиёда бўлиши аниқ ва ақл ўз ишини мукаммал қилади. Яъни, инсон нажоти унга боғлиқ бўлган ишлар, намозга ғайрат, таровеҳга ғайрат, тиловатга ғайрат, Аллоҳнинг зикрига ғайрат, закот ва Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилишга ғайрат, ўзгаларга хайрхоҳлик ва ҳамдардлик қайғуси пайдо бўлади. Шунингдек, ҳадиси шарифларда ишора қилинган бошқа яхши хаёллар унинг табиатида пайдо бўлади. Масалан, бу сабр ойидир, ғамхўрлик ойидир. Айни мана шу солиҳ амаллар ва ҳасанотлар сабабидан баракалар нозил бўлади, зоҳирий баракалар ҳам нозил бўлади ва ботиний баракалар ҳам. Мана шу, бу ойда мўминнинг ризқи зиёда бўлади дейилганидир.

 

"Садойе ҳақ"- журналидан. 2019-йил, апрел-май сони.

Абдулқайюм Комил таржимаси.

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди

11.07.2025   1258   3 min.
Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди

Лондонда муҳим маданий воқеа бўлиб ўтди: Буюк Британияда илк бор Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ, Ислом цивилизациясининг олтин даврларига оид ноёб Қуръон қўлёзмалари ва тарихий артефактлардан иборат коллекция намойиш этилди. Ушбу муқаддас ёдгорликлар йиллар давомида хусусий коллекциялар ва музейларда сақланган, эндиликда улар ўз диёри – Ўзбекистонга қайтмоқда.

 

Дунёнинг машҳур Sotheby’s ва Christie’s аукцион уйлари мезбонлигида ташкил этилган ушбу кўргазмалар 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббус – Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳанинг бир қисмидир. Сўнгги йилларда миллий ва халқаро мутахассислар томонидан йўқолган маданий меросни излаш ва аниқлаш бўйича кенг тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

 

Лондондаги икки кўргазмада илк бор халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган экспонатлар орасида дунёнинг етакчи олимлари, экспертлари, масъул мутахассислар, машҳур музей ва кутубхоналар вакиллари  ва коллекционерлари иштирок этди.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу маданий-маърифий мега платформа – Ислом цивилизацияси маркази ташаббусини илгари суриш баробарида шахсан унинг амалга оширилишига бошчилик қилмоқда. Тарихий ва маънавий дурдоналарни  Ватанга қайтариш бўйича давлатимиз  раҳбарининг тўғридан-тўғри топшириғи асосида  ушбу кенг қамровли лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу фақат тарихий артефактларнинг  қайтиши эмас – бу хотиранинг, миллий ўзликнинг ва Ўзбекистоннинг ислом меросини асрашдаги бетакрор ролини тан олишнинг тимсолидир, – дея таъкидлади Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов кўргазма очилиш маросимида.

 

Намойиш қилинган нодир артефактлар орасида IX-XIII асрларга оид  Қуръон қўлёзмалари саҳифалари, миниатюралар, нафис заргарлик буюмлари, маиший буюмлар, матолар ва санъат асарлари бор. Улар Ўзбекистонни жаҳондаги муҳим интеллектуал марказлардан бири сифатида кўрсатади.

 

– Ушбу кўргазмалар – Ўзбекистон Президенти шахсий ташаббуси билан амалга оширилаётган муҳим маданий ҳодиса бўлиб, ёш  авлодни илҳомлантиришга қаратилган. Ўз меросини қайтаришга йўналтирилган бундай амалий қадриятлар маданий уйғониш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади, – деди Буюк Британиядаги "Ал-Фурқон" фонди директори Сали Шаҳсивари.

Кўргазмаларда тақдим этилган экспонатларнинг кўпчилиги 2025 йилда Sotheby’s ва Christie’s аукционларида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти доирасида харид қилинган.

 

Sotheby’s савдо уйининг Шарқ мероси бўйича вакили  Бенедикт Картер шундай деди:

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шарафдирМарказий Осиё тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ёдгорликларнинг Ватанга қайтишига кўмаклашганимиздан мамнунмиз.

 

Тошкентнинг марказида 10 гектардан ортиқ ҳудудда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази минтақадаги энг йирик маданият ва маърифат институтларидан бирига айланмоқда. Унинг экспозиция майдони 8000 квадрат метрдан ошади. Марказ таркибига қуйидаги беш мавзули галерея киради:

"Қуръон зали"

"Исломгача бўлган мерос"

"Ренессанснинг биринчи ва иккинчи даврлари"

“Янги Ўзбекистон”.

 

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов қуйидагиларни таъкидлади:

– Бугун Ўзбекистон ўз тарихий меросини тиклаш ва асраб-авайлаш борасида улкан саъй-ҳаракатлар қилмоқда. Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази каби ташаббуслар бу йўлдаги муҳим қадам бўлиб, тез орада у билим ва динлараро мулоқот маёғи сифатида ўз эшикларини очади. Бу бизнинг тарихий ўзлигимизни англаш ва уни очиқ тараннум этишга интилишимизнинг ифодасидир.

 

Лондондаги ушбу кўргазмалар нафақат муҳим маданий воқеа, балки тарихий адолатнинг тикланиши ифодаси бўлди. Намойиш этилган экспонатлар Ўзбекистоннинг ислом олами интеллектуал маркази сифатидаги ўрни ва бугунги Янги Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлидаги навбатдаги ютуқларини амалда исбот этди.

Сisc.uz

Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди
Ўзбекистон янгиликлари