Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Декабр, 2024   |   21 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:46
Пешин
12:27
Аср
15:17
Шом
17:01
Хуфтон
18:21
Bismillah
22 Декабр, 2024, 21 Жумадул сони, 1446

Рамазон ойида рўза тутишнинг фойдалари (Танловга)

13.05.2020   2614   5 min.
Рамазон ойида рўза тутишнинг фойдалари (Танловга)

 

Рўза араб тилидаги «сиём» сўзидан олинган бўлиб, «бир нарсадан ўзини тиймоқ» деган маънони билдиради. Фиқҳий китобларимизда «тонг отгандан то қуёш ботгунгача ният билан ейиш, ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан ўзини тийиш» га айтилади. Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳижрий иккинчи санада фарз бўлган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Эй иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек, рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз», деб рамазон рўзасини тутишни барча мусулмонларга фарз қилди (Бақара сураси, 183-оят).

Аллоҳ таоло бутун мусулмон умматига хитоб қилиб: «Шоядки, тақво қилсангиз», деб рамазон ойи бу Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан қўрқув ҳисси бўлган тақвони кучайтириш учун яна бир имконият манбаи эканини чуқур ҳис этади. Кимки рамазон рўзасини тутиб, қалбида заррача Аллоҳ таолога нисбатан қўрқув бўлмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади. Ва яна қайси бир инсон иймон ва эътиқод билан рўза тутадиган бўлса, Аллоҳ таоло ўша бандасини «тақво» деб аталадиган икки дунё саодатига элтувчи мукаммал бахтга муяссар этади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади. Ўзбошимча шайтонлар кишанланади. У ойда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар (Имом Насаий ва Имом Байҳақий ривоят қилишган).

Бу ойда Аллоҳ таолонинг раҳмати ила лаънатланган шайтонлар кишанланади. Жаннат эшиклари очилиб, жаҳаннам эшиклари ёпилади. Рамазон ойида минг ойга тенг Қадр кечаси бор бўлиб, уни ҳар бир мусулмон интиқлик билан кутади ва ўша кунда ибодат билан истиғфорлар айтиб, Аллоҳ таолодан билиб-билмай қилган гуноҳларининг кечирилишини сўраб дуо ва илтижолар қилади.

Демак, бу муқаддас ойда шунчалик кўп фазилатлар бор экан, ундан ҳар бир мусулмон кейинги йил келадиган рамазон ойигача ўзига зарур бўлган нарсаларни ҳосил қилиб, иймон билан савоб умидида ўтказиши керак экан.

Юқорида рамазон рўзасининг қандай фарз бўлгани ва унга оид айрим ҳадиси шарифларни ўргандик. Энди рамазон ойи рўзасини тутган инсон ўзига қандай фойдаларни касб қилишини келтириб ўтамиз.

  1. Аввало, рўза тутган одам тақво малакасини ҳосил қилади. Бу гапни Ҳаттоки, ҳозирги кундаги инсонларни очлик билан даволайдиган табиблар ҳам инсон оч қолган пайтида Аллоҳдан қўрқиш, Уни доимо ҳис этиб туриш ҳисси ҳосил бўлишини айтишмоқда.
  2. Рўза тутишнинг фойдаларидан яна бири – инсон соғлиғининг тикланишидир. Рўза тутиш инсонни турли хил касалликлардан халос этиши билан бирга инсон баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсон организими енгиллашиб, кучли ва бақувват бўлади.
  3. Рамазон ойи рўзасини тутган инсон ҳавойи нафсига берилмайди. Рўза тутмаган инсон йил давомида нафси хоҳлаган нарсани ейди, ичади ва нафси қай тарафга бошласа, ўша тарафга қараб кетаверади. Лекин рўза тутган одам кун давомида ўзи ейишга ҳалол бўлган нарсалардан нафсини тийиб туради. Шу орқали у ҳавойи нафсининг хоҳиш истакларини синдиради.
  4. Рўза тутган инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинади. Бу олий бир ҳикматдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бу борада бир қанча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган.
  5. Рўза тутган инсон ўз рўзаси сабабли фаришталарнинг мақомига кўтарилади. Биз биламизки, фаришталар фақатгина Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва Унга тинмасдан мақтовлар айтиш билан машғулдир. Уларга нафс яъни ейиш-ичиш ва жинсий яқинлик қилиш каби нарсалар берилмаган. Бу фаришталарга хос бир сифатдир. Рўза тутган инсон айнан мана шу сифатларни ўзида ҳосил қилади.
  6. Рўза тутган инсон ўзида сабр деган улуғ бир сифатга эга бўлади. Бу сифат барча инсонларга зарур бўлган ва ҳар бир одам боласи эгаллаши лозим бўлган сифатлардан бири ҳисобланади. Ўттиз кун давомида кўнгли тусаган барча нарсалардан ўзини четга олади. Бу эса, ҳар бир инсонни сабр-бардошли бўлишга ўргатади.

Аллоҳ таоло барчамизнинг савоб умидида Ўзининг розилиги учун тутаётган рўзаларимизни қабул этсин! Шундай улуғ ойларда юртимизнинг бошига тушган бало-офатларни қилаётган дуоларимиз, айтаётган истиғфорларимиз сабабли Ўзи даф қилсин!

 

Ҳайтмурат ЕРЕЖЕПОВ,

Имом Бухорий номидаги Тошкент

Ислом институти 2-курс талабаси.

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Жаннатга кириш Аллоҳнинг раҳмати билан бўлиши баёни

20.12.2024   6223   5 min.
Жаннатга кириш Аллоҳнинг раҳмати билан бўлиши баёни

 

 - 54دُخُولُ النَّاسِ فِي الْجَنَّاتِ فَضْلٌ مِنَ الرَّحْمَنِ يَا أَهْلَ الأَمَالِ
 

Маънолар таржимаси: Эй умидвор бандалар, инсонларнинг жаннатларга киришлари Ар-Роҳманнинг фазлидир.


Назмий баёни:

Жаннатга эришмоқ Ар-Роҳман фазли,
Бу муҳим эътиқод, эй умид аҳли.


Луғатлар изоҳи:

دُخُولُ – мубтадо.

النَّاسِ – музофун илайҳ.

فِي – жор ҳарфи اِلَى маъносида келган.

الْجَنَّاتِ – луғатда “дархтзор боғ” маъносини англатади. Жор мажрур دُخُولُ га мутааллиқ.

فَضْلٌ – хабар. Луғатда “марҳамат” ва “мурувват” каби маъноларни англатади.

مِنَ – “табйиния” (уқтириш) маъносида келган жор ҳарфи.

الرَّحْمَنِ – жор мажрур فَضْلٌ га мутааллиқ.

يَا – яқинга ҳам, узоққа ҳам ишлатиладиган нидо ҳарфи.

أَهْلَ الأَمَالِ – музоф мунодо. Луғатда “умидворлар” маъносига тўғри келади.

 

Матн шарҳи:

Қайси бир инсон жаннатга кирадиган бўлса, албатта, Аллоҳ таолонинг лутфу марҳамати билан кирган бўлади. Шунинг учун У меҳрибон зотнинг фазлу марҳаматидан умидвор бўлиб ҳаракат қилиш лозим.

Жаннатдаги даражалар қилинган амаллар эътиборига кўра эгалланса-да, унга кириш фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг фазлу марҳаматига боғлиқ бўлади. Бу ҳақиқатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари алоҳида таъкидлаганлар:

عَنْ عَائِشَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ سَدِّدُوا وَقَارِبُوا وَاعْلَمُوا أَنْ لَنْ يُدْخِلَ أَحَدَكُمْ عَمَلُهُ الْجَنَّةَ وَأَنَّ أَحَبَّ الْأَعْمَالِ إِلَى اللَّهِ أَدْوَمُهَا وَإِنْ قَلَّ. رَوَاهُ البُخَارِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри бўлинглар, ғулуга кетманглар, билингларки сизлардан бирортангизни амали жаннатга киритмайди, албатта амалларнинг Аллоҳга севимлироғи оз бўлса-да, давомлироғидир”, – дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Яъни бирор инсон ҳам яхши амаллари кўплиги сабабли ўзининг жаннатга киришини нақд қилиб қўя олмайди, балки жаннат фақатгина Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлган бахтли инсонларгагина насиб этади.

Шунинг учун ҳар бир банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиб яшаши лозим. Қуръони каримда тақводор бандаларнинг жонлари олинаётганда фаришталар уларга салом бериб, жаннат башоратини беришлари баён қилинган:

“Қилиб ўтган амалларингиз билан жаннатга кирингиз!” – дерлар”[1].

Ушбу ояти каримадаги ب ҳарфи “сабабия” маъносида бўлса ҳам, “бадалия” маъносида бўлса ҳам, ҳадисда баён қилинган маънога зид бўлиб қолмайди. Агар “сабабия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз сабабли Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” деган маъно тушунилади. Агар “бадалия” маъноси бериладиган бўлса, “қилиб юрган яхши ишларингиз бадалига Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлдингиз, жаннатга киринг” бўлади.

Модомики, барча Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўлиш билангина жаннатга кирар экан, доимо У зотнинг раҳматидан умид узмай амал қилиб бориш лозим. Аммо умидвор бўлиш билан хом хаёл суришнинг орасини ажратиб олиш керак. Хом хаёл суриш – бирон иш қилмасдан фақатгина “ширин хаёл” суришнинг ўзи бўлса, умидвор бўлишнинг ўзига яраша бир қанча шартлари бор.

 

Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар

Умидвор бўлиш ва хом хаёл суриш орасидаги фарқлар ҳақида “Талхису шарҳи ақидатит Таҳовия” китобида қуйидагилар айтилган:

“Кимки бир нарсадан умидвор бўлса, унинг умидворлиги бир қанча ишларнинг бўлиши зарурлигини келтириб чиқаради:

1. Умид қилган нарсасига муҳаббатли бўлиши;

2. Умид қилган нарсасига эришолмай қолишдан қўрқиши;

3. Умид қилган нарсасига эришиш учун имкони борича ҳаракат қилиши.

Ушбуларнинг бирортасига ҳам боғланмасдан, умид қилиш хом хаёл суриш бўлади. Умидворлик ва хом хаёл суриш бошқа-бошқа нарсалардир”[2].

Демак, кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга муҳаббатли бўлиши, уни доимо ёдида сақлаши ва унга олиб борадиган йўллардан юриши лозим.

Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришолмай қолишидан қўрқиши, ундан ажратиб қўядиган нарсалардан сақланиб юриши лозим.

Кимки Аллоҳ таолодан ўзини жаннатга туширишини умид қилаётган бўлса, ўша умид қилгани жаннатга эришиши учун унга эриштирадиган барча омилларни ишга солиб имкони борича ҳаракат қилиши лозим. Аллоҳ муваффақ қилсин.

 

Кейинги мавзулар:
Улуғ ҳисоб-китоб бўлиши баёни.

 


[1] Наҳл сураси, 32-оят

[2] Муҳаммад Анвар Бадахшоний. Талхийсу шарҳи ақидатит-Таҳовий. – Карачи: “Замзам бабилшарз”, 1415ҳ. – Б. 130.