Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Январ, 2025   |   19 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:39
Аср
15:42
Шом
17:26
Хуфтон
18:44
Bismillah
19 Январ, 2025, 19 Ражаб, 1446

Илм фан рўза ҳақида: Ҳаётдан хафамисиз? Рўза тутинг! Сизга дофамин етишмаяпти...

13.05.2020   2961   4 min.
Илм фан рўза ҳақида: Ҳаётдан хафамисиз? Рўза тутинг! Сизга дофамин етишмаяпти...

Рўзанинг инсон саломатлиги ва руҳиятига ижобий таъсирлари ҳақида илм-фан кўплаб таҳлилий хулосаларни берган.

Тажрибаларнинг навбатдаги хулосаси кўпчиликни ҳайратга солди.

Ахборот технологиялари мутахассиси, тиббиётга оид дастурловчи Жеймс Синка рўза ҳақида ўз устида бир нечта тадқиқотлар ўтказади. У рўзанинг илк куниданоқ қўл телефонини ўчиради, ноутбукига қарамайди ва қолган барча қурилмалардан маълум муддатга воз кечади. Натижа эса ҳайратланарли: “Менинг нақадар меҳрибон оилам, дўстларим, қўшниларим ва қариндошларим борлигини ҳис этдим, завқландим” – дейди, Жеймс.

У дарҳол натижани ҳамкасблари ва дўстларига ҳам эълон қилади. Тез орада ўнлаб кўнгиллилар рўза тутишни бошлайди ва шунчаки оч юриш эмас балки, замонавий гаджет ва қурилмалардан воз кечган ҳолда, вақтини кўпроқ оила ва яқинлар билан ўтказишга, китоб ўқиш, табиат қўйнида сайр этишга сарфлайди.

Уларда ҳам натижа қувонарли: “Бизда кутилмаган ўзгаришлар содир бўлди. Яқинларимизга меҳр улашиш орқали меҳр ҳиссини туйдик. Қариндошларимизникига оғиз очиш учун меҳмонга бордик. Қўшниларимиз билан суҳбатлашдик. Биласизми рамазон ойи ва рўза тутиш ҳақиқатдан ҳам биз ўйламаган ва биз кутмаган мўжизаларга бой экан” – дейди, иштирокчилар.

Ҳаётдан ҳафамисиз? Рўза тутинг! Сизга дофамин керак – дейди, Жошуа Берк, Калифорния университети, невролигия ва психатирия профессори.

Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, кундизи ичиш, ейиш ва жинсий яқинликдан тийилиб, тунда ҳам бироз бедор бўлиш (таробеҳ ва саҳарлик вақтлари), инсон миясида тартибли равишда, кўп миқдорда дофамин ишлаб чиқарилишига сабаб бўлади. Бу эса биз учун жуда муҳим. Чукни, аксарият инсонлар йил давомида умрининг кўп қисмини асабийлашиш, стресс, депрессия, ножўя (ҳасад, хусумат ва бошқа) ҳиссиётлар, шунингдек ортиқча уйқу билан ўтказиб юборади. Бу омиллар эса мияда дофамин ишлаб чиқарилишини тўхтатади.

Хўш, дофамин нима? Бу – роҳатланиш ва завқланиш учун жавобгар нейромедиатор (нервларга сигнал узатувчи восита) бўлиб, инсон миясида ишлаб чиқарилади ва миянинг “мукофот тизими” элементи бўлиб хизмат қилади. Биз учун ёқимли бирор нима рўй берган пайтда миямизда дофамин ишлаб чиқарилади. Кўпинча олимлар буни қувонч ва завқ гармони дейди.

Жошуа Беркнинг фикрича, замонавий дунёда дофамин танқислиги анчайин кўпайиб кетмоқда. Бунга сабаб эса узликсиз ижтимоий тармоқлар, интернет ҳамда технологияларга тобелик, кимёвий моддаларга бой нотабиий озуқаларни истеъмол қилиш, кўп овқатланиш ва энг аянчлиси, табиий, инсоний муносабатлардан узоқлашишдир. 

 Рўза тутган одам эса ўзини ейиш-ичиш, кераксиз машғулотлардан тийилиш ва жинсий алоқдан қатъий тияди. Натижада эса оғиз очилиши билан, имтиёзлардан қайта фойдаланганимизда ишлаб чиқарилган дофамин одатдагидан кўра кўпроқ завқли ва фойдали бўлади.

Силикон водийсида кўплаб мижозлар билан ишлайдиган психолог Камерон Сепанинг фикрига кўра, доимий равишда мияда дофамин “портлаш”лари бизни ушбу нейротрансмиттерга бефарқ қилиб қўяди (қадри қолмайди). Рўзадор эса субҳидамдан то қуёш ботгунга қадар ўзини дофамин қўзғатувчи воситалардан изолятсия қилади ва ифторлик вақтига келиб у “қувонч” ва “завқ” гармонини оддий сув ичишдан ҳам ҳис қила бошлайди. Нақадар мўжизавий ҳолат!

Яна бир ҳайратланарли жиҳати, рўзадор ўз-ўзини назорат қилиш ва танани бошқариш кучига эга бўлади! Бу эса биз учун жуда ҳам ЗАРУР!

Юқоридаги тадқиқотларнинг моҳияти қуйидаги ҳадисда баён этилган.

 Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

  “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди”, дедилар.

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар. 

Саидаброр Умаров тайёрлади

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Эҳсонингиз ўрнини Аллоҳ тўлдиради

17.01.2025   4977   3 min.
Эҳсонингиз ўрнини Аллоҳ тўлдиради

Савол: Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар тонг қуёш чиққанда икки фаришта нидо қилади. Эй Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин ва хасис, зиқнага талофат бер” дер эканлар. Лекин биз ҳаётда бу ҳадиснинг аксини кўрамиз. Инфоқ, эҳсон ва садақа қилувчилар яшашда ўрта ҳол, баъзилари эса бироз қийналган бўлса, зиқна, хасис Аллоҳ йўлида бир чақа ҳам инфоқ қилмайдиганлар эса, дунёлари зиёда бўлиб бораётганлигини кўрамиз. Шунда киши ҳаёлига бу ҳадис саҳиҳмикан ёки ёлғонми деган ўй келади. Агар саҳиҳ бўлса нега инфоқ қилувчининг қилган инфоқини ўрни тўлмаяпти? Нега хасис, зиқна одам талофат кўрмаяпти?

Жавоб: Мазкур ҳадис саҳиҳ, муттафақун алайҳ. Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйидагича.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бандалар ҳар тонг оттирганларида икки фаришта тушиб, уларнинг бири: "Ё Аллоҳ инфоқ қилувчини инфоқини ўрнини тўлдиргин", иккинчиси эса: "Ё Аллоҳ хасис, зиқнага талофат бер" дейди” (Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ, 445-бет, 1442-ҳадис)

Ушбу ҳадиснинг маъносига ўхшаш бошқа ҳадислар ҳам мавжуд. Мисол учун, Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Эй Одам боласи агар саҳоватли бўлсанг, бу ишинг сен учун яхшидир. Агар зиқна, хасис бўлсанг, бу ишинг сен учун ёмондир" (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Оятда эса: “Ҳар бир инфоқ қилган нарсангизнинг ўрнини У тўлдирур. У зот ризқ бергувчиларнинг яхшисидир” дейилади (Сабаъ сураси, 39-оят). Ушбу оятни Ибни Касир раҳимаҳуллоҳ тафсирларида: "Роббингизнинг буюрган ёки мубоҳ қилган ишларида бирор бир нарсани инфоқ қилсангиз, албатта, У дунёда унинг бадалини беради. Охиратда эса, савоб ва мукофот беради", деганлар.

Энди савол берувчининг фикрига келадиган бўлсак, у инсон фақатгина ҳадисдаги тўлдириш ва талофот сўзларини мол-мулк маъносида тушунганлар. Ҳадиснинг асл моҳияти эса, бундан кўра чуқурроқ ва кенгроқдир. Аслида инфоқ қилувчи кишига Ғоний ва Карим бўлган Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилиши унинг инфоқига энг яхши эваздир. Аллоҳни инфоқ қилувчи бандасининг аҳлини ислоҳ, фарзандларини иқтидорли, танасини соғ, озига барака бериши ва уни тўғри йўлга бошлаши, яхшиликлар қилишга муваффақ қилиши, қалбида сакинат, инсонларни унга нисбатан муҳаббатли ва иймон ҳаловатини сезувчи қилиб қўйиши инфоқ қилувчи кишига дунё матоларидан чекланишидан кўра яхшироқдир. Зотан орифлар руҳий ризқларни кўзни қувонтирувчи дунё матоларидан кўра абадий ва қиймати баланд деб биладилар.

“Талофат” эса, фақатгина молнинг талофати дегани эмас, балки кишининг оиласини нотинчлиги, фарзандларини ноқобил, ўзгалар билан яхши алоқада бўлмаслиги, доим ташвишда, ҳаётда кишини хафа қиладиган ишлар билан яшаши, моли кўп бўлса-да фойдалана олмаслиги ва доимо танасининг дарди билан азоб уқубатда ҳаёт кечириши тушунилади. Бундай ҳолатлар эса, молнинг талофотидан кўра ёмонроқдир.

Ҳадисда келган фаришталарнинг дуоси Қуръони каримдаги ушбу оятларга мувофиқдир: "Аммо кимки (ато) берса ва тақво қилса. Ва гўзал (сўз)ни тасдиқ қилса. Бас, Биз уни осонга муяссар қиламиз.  Аммо кимки бахиллик ва истиғно қилса. Ва гўзал (сўз)ни ёлғонга чиқарса. Бас, Биз уни қийинга муяссар қиламиз" (Лайл сураси, 5-10-оятлар).

Аллоҳ барчамизни оятларини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини асл моҳиятлари билан англаб етишимизни осон қилсин.

Юсуф Қорозовийнинг “Фатаава Муасира” номли асаридан
“Имом ат-Термизий” жомеъ масжиди имом хатиби
Яҳё Абдураҳмонов таржимаси