Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Июн, 2025   |   13 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:05
Қуёш
04:50
Пешин
12:27
Аср
17:37
Шом
19:58
Хуфтон
21:36
Bismillah
09 Июн, 2025, 13 Зулҳижжа, 1446

Тасаввуф ҳақида тасаввур: ТАРИҚАТ СИЛСИЛАСИ

10.05.2020   5731   21 min.
Тасаввуф ҳақида тасаввур: ТАРИҚАТ СИЛСИЛАСИ

 

Тариқат СИЛСИЛАСИ

Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, ҳар бир тариқатнинг ўз шайхидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган силсиласи бор. Мазкур силсилага кирувчи шайхлар ушбу тариқат асосларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилишда хизмат қилганлар. Бизда асосан нақшбандийлик тарқалгани учун ушбу тариқат силсиласини батафсилроқ ўрганиб чиқамиз.

 

1 – ҲАЗРАТИ МУҲАММАД МУСТАФО
СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ

Одатда тасаввуф китобларида силсила зикр қилинганда биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари ва у зот алайҳиссаломнинг шамойиллари ва ахлоқи олиялари зикр қилинади. Ушбу маълумотлар бошқа алоҳида китобларда борлиги эътиборидан, биз бу ерда ҳар бир тариқат каби Нақшбандия тариқати ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалишини яна бир бор таъкидлаш билан кифояланамиз.

 

2 – АБУ БАКР СИДДИҚ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

Милодий 572 санада Маккада туғилганлар. Милодий 635 санада Мадинада вафот этганлар.

У киши узунга яқин ўрта бўйли, таналари оқ, озғиндан келган, сочларига оқ оралаган, сийрак соқолли, кўзлари бироз чуқур, юзлари нурли, озғин бўлишларига қарамай, қувватли, азму қарорли ва шижоатли киши эдилар.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб иймон келтирган кишидирлар. У киши Исломда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг афзал шахс эканликларида шубҳа йўқ.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

«Одамлар ичида мен учун суҳбатида ва молида энг ишончлиси Абу Бакрдир. Агар мен ўзим учун Роббимдан бошқани халил тутадиган бўлсам, албатта Абу Бакрни тутар эдим. Чунки у Ислом биродарлиги ва муҳаббатидир. Масжидда ҳеч бир эшик қолмасдан, ҳаммаси беркитилсин. Илло, Абу Бакрнинг эшиги бундан мустасно».

Бошқа бир ривоятда:

«Агар умматимдан халил тутадиган бўлсам, албатта Абу Бакрни тутар эдим. Лекин у биродарим ва соҳибимдир. Батаҳқиқ, Аллоҳ сизнинг соҳибингизни халил тутгандир», дейилган.

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Ислом умматининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейинги энг афзал шахси эканликлари яққол кўриниб турибди.

Шу билан бирга, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромлар орасида ҳам энг илмлиси ва энг зеҳни ўткири бўлганликлари кўплаб ҳадисларда ривоят қилинган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки марта:

«Аллоҳ мени сизларга юборганда, сизлар менга «Ёлғон айтдинг», дедингиз. Абу Бакр «Рост айтдингиз», деди. Ўзи сизлар менга соҳибимни тарк қиласизларми, йўқми?!» дедилар. Шундан сўнг унга ҳеч озор берилмади».

Бухорий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирди. Сўнг у зот унга:

«Сен Аллоҳнинг дўзахдан атийқисан (озод қилганисан)», дедилар. Ўша кундан бошлаб у «атийқ» деб атала бошлади».

Термизий ривоят қилган.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ичида Абу Бакр бўлган қавмга ундан бошқа имом бўлиши мумкин эмас», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди ва қўлимдан етаклаб бориб, менга жаннатнинг умматим кирадиган эшигини кўрсатди», дедилар.

Шунда Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳам сиз билан бўлиб, уни кўришни жуда ҳам истадим», – деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Бакр, умматим ичидан жаннатга биринчи кирувчи албатта сен бўласан», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ибн Исҳоқ Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Абдуллоҳ ибн Ҳусайн Тамимийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:

«Кимни Исломга даъват қилсам, албатта тўхташи ва иккиланиши бўлди. Фақатгина Абу Бакр кутиб турмади ва иккиланмади».

Бу – Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг фазлларига фазл қўшадиган улкан гувоҳликдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бизга хайр қилган ҳар бир қўлнинг мукофотини бермай қўймадик. Фақат Абу Бакр бундан мустасно. Унинг бизга қилган хайрлари бор. Унинг мукофотини қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзи беради. Ҳеч кимнинг моли менга Абу Бакрнинг моли манфаат берганидек манфаат берган эмас», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрга:

«Сен менинг ҳавздаги соҳибимсан ва ғордаги соҳибимсан», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу саҳобаи киромлар ичида энг зоҳидларидан бири эдилар.

Имом Аҳмад «Зуҳд»да Муҳаммад ибн Сийриндан ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан бошқа одамнинг еган таомини ўзини мажбурлаб қусиб юборганини билмайман. Унга бир таом келтирилган эди, ундан еди. Кейин унга:

«Буни Нўъмон розияллоҳу анҳу олиб келган эди», дейилди.

«Менга Ибн Нўъмоннинг коҳинликдан топганини егиздингизми?!» деди-да, ўзини мажбурлаб қусиб юборди».

Абу Нуъайм «Ҳуля»да Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг бир қули бўлиб, у ишлаб, бир нарсалар топиб келар эди. Бир кеча у таом олиб келди. У киши ундан бир луқма тановул қилди. Қул унга:

«Сенга нима бўлди? Ҳар кеча мендан сўрар эдинг. Бу кеча сўрамадинг?» деди.

«Бунга мени очлик мажбур қилди. Буни қаердан топдинг?» деди у.

«Жоҳилият пайтида бир қавм олдидан ўтиб, уларга дам солган эдим. Ўшанда улар менга бирор нарса беришни ваъда қилишган эди. Бугун уларнинг олдиларидан ўтиб кетаётсам, тўй бўлаётган экан, ўша ваъда қилган нарсаларини беришди», деди қул. Абу Бакр:

«Мени ҳалок қилай дебсан-ку!» деди ва қўлини ҳалқумига тиқиб, қусишга урина бошлади. У нарса чиқмай туриб олди. Унга:

«Бу нарса фақат сув билан чиқади», дейишди. У бир жомда сув опкелтирди-да, ундан ичиб, қусишга уринди. Охири у нарсани чиқариб ташлади. Шунда унга:

«Аллоҳ раҳм қилсин, бир луқмани деб шунчалик қиласанми?!» дейишди. У эса:

«Агар бу луқма жоним билан қўшилиб чиқадиган бўлганида ҳам, албатта чиқарар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳаромдан ўсган ҳар бир жасадга олов ҳақлидир», деганларини эшитганман. Ушбу луқмадан жасадимда бирор ўсиш бўлиб қолмасин, деб қўрқдим», деди».

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Нақшбандия тариқатининг асоси бўлмиш зикри хафийни, яъни овоз чиқармай, махфий зикр қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғорда бирга турганларида олганлар. Ўша ондан бошлаб бир лаҳза ҳам ғофил бўлмай, Аллоҳ таолонинг зикрида бардавом бўлганлар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу силсила омонатини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олганлар.

 

3 – САЛМОН ФОРСИЙ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

Эронда ҳижратдан 215 йил олдин туғилганлар. Ҳижрий 35 санада 250 ёшларида Эроннинг Мадоин шаҳрида вафот этганлар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу узун бўйли, буғдойранг, кулча юзли ва серсоқол, соғлом жисмли ва кучли инсон эдилар. Самимий ва кечиримли одам эдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бой ва зодагон отанинг бойлиги ва обрўсини, айшу ишратни, турли роҳат-фароғатни ташлаб, ҳақиқатни қидириб-қидириб, охири бориб Ислом ҳақиқатини топди. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳақиқатни Исломда топди.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу мажусийликнинг сафсаталари ҳақиқатдан йироқлигини ёшлик вақтларидаёқ равшан англаб етдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу масиҳийликни барбод қилган дин пешволарининг қилмишларини ҳам фитрий ҳис билан теран тушуниб, уларни шарманда қилдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳақиқий масиҳийликни тутган оз сонли кишиларнинг қолган-қутган озгина ҳақиқатни бошқаларга билдирмай тутиб турганларини ҳам билиб олдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу масиҳийлар ичидаги нодир ҳақиқатчилар ўзларининг бузилмаган илоҳий китобларига суяниб айтган аломатларга қараб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни топдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Ислом ҳақиқати туфайли жаҳолат зулматидан иймон нурига чиқдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Ислом ҳақиқати туфайли қулликдан ҳурликка чиқдилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўзлари келгинди бўлсалар ҳам, Ислом ҳақиқати туфайли ўзга юртда азизликка етишиб, охирзамон Набийси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин кишиларидан бири бўлиб ҳаёт кечира бошладилар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўз ихлослари ва ижтиҳодлари ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олий тақдирларига сазовор бўлдилар.

Оиз ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Суфён бир гуруҳнинг ичида ўтирган Салмон, Суҳайб Румий ва Билолнинг олдидан ўтди. Шунда улар:

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг қиличлари Аллоҳнинг душманининг бўйнидан оладиган жойини олмади-да!» дейишди.

Абу Бакр уларга:

«Сизлар Қурайшнинг шайхи ва улуғи ҳақида шундай дейсизларми?!» деди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, хабар берди. Шунда у зот алайҳиссалом:

«Эй Абу Бакр, сен уларнинг ғазабини чиқарган бўлсанг керак. Агар уларнинг ғазабини чиқарган бўлсанг, албатта Роббингнинг ғазабини чиқарган бўласан», дедилар.

Абу Бакр уларнинг олдига бориб:

«Эй дўстларим! Сизларни ғазаблантирдимми?» деди.

«Биз ғазабланганимиз йўқ. Аллоҳ сени кечирсин, эй дўстим!» дейишди».

Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда зикри келаётган ишлар Ҳудайбия сулҳидан кейин бўлиб ўтган. Мазкур сулҳда урушни тўхтатиш ва бир-бирига тегмасликка келишилган эди.

Душман тараф сулҳни бузганидан кейин, уларнинг бошлиғи Абу Суфён узр сўраб, Мадинаи Мунавварага келганлиги маълум. Эҳтимол, ўша келганида

«Абу Суфён бир гуруҳнинг ичида ўтирган Салмон, Суҳайб Румий ва Билолнинг олдидан ўтди».

Мушрикларнинг бошлиғи мусулмонлар пойтахтида бемалол юрганини кўриб, юқорида зикрлари ўтган саҳобаи киромлар афсусландилар.

«Улар:

«Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг қиличлари Аллоҳнинг душманининг бўйнидан оладиган жойини олмади-да!» дейишди».

Узр сўраб келган Абу Суфён ҳақидаги уларнинг бу гаплари, гарчи у ўша вақтда мушрик бўлган бўлса ҳам, Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ёқмади ва

«Абу Бакр уларга:

«Сизлар Қурайшнинг шайхи ва улуғи ҳақида шундай дейсизларми?!» деди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, хабар берди».

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзларининг қилган ишларини тўғри деб билар эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бу ҳақда шикоятомуз гап қилдилар.

«Шунда у зот алайҳиссалом:

«Эй Абу Бакр, сен уларнинг ғазабини чиқарган бўлсанг керак. Агар уларнинг ғазабини чиқарган бўлсанг, албатта Роббингнинг ғазабини чиқарган бўласан», дедилар».

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кутилмаган гапни айтдилар. Ул зот Салмон, Суҳайб ва Билол розияллоҳу анҳумни кўкларга кўтарувчи гап айтдилар.

Қаранг-а! Ким Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таолонинг ғазабини чиқарган бўлар экан!

Бу набавий гапларни эшитиб, қўрқиб кетган

«Абу Бакр уларнинг олдига бориб:

«Эй дўстларим! Сизларни ғазаблантирдимми?» деди».

Агар улар ғазабланган бўлсалар, узр сўраш ниятида эдилар. Аммо улар ғазабланмаган эканлар. Ҳаммалари Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг кўнгилларини тинчитиб:

«Биз ғазабланганимиз йўқ. Аллоҳ сени кечирсин, эй дўстим!» дейишди».

Албатта, бу набавий тақдирлаш Салмон Форсий розияллоҳу анҳу учун улуғ мақом эди. Қайси банданинг ғазабини чиқариш Аллоҳ таолонинг ғазабини чиқариш билан тенг бўлган экан ўзи?!

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Жаннат бировга муштоқ бўлиши ҳақида эшитган эдингизми? Эшитмаган бўлсангиз, эшитинг. Ҳаводан гапирмайдиган, фақат ўзларига ваҳий бўлган нарсанигина гапирадиган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннат уч кишига, хусусан, Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга ҳам муштоқ бўлишини таъкидламоқдалар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу учун бундан ортиқ тақдирлаш бўладими?!

Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ мени тўрт кишини яхши кўришга амр этди ва У Зотнинг Ўзи ҳам уларга муҳаббат қилишининг хабарини берди», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларнинг исмларини айтиб беринг», дейишди.

«Улардан бири Алидир, – деб уч марта айтдилар. – Кейин Абу Зарр, Миқдод ибн Асвад ва Салмон. У Зот менга уларни яхши кўришга амр этди ва албатта, Ўзи ҳам уларга муҳаббат қилишининг хабарини берди», дедилар».

Аллоҳ таолонинг Ўзининг энг афзал ва энг охирги Расулига: «Мен фалончини яхши кўраман, эй Расулим, сен ҳам уни яхши кўргин», дейиши улкан ишдир.

Ушбу ҳадиси шарифда исмлари зикр қилинган саҳобаи киромлар ана шундай улкан мақомга етишган зотлар экан. Уларнинг ичида Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳам бор эканлар.

Бу ҳадиси шарифдан ҳазрати Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эмас, балки Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам алоҳида эътиборга сазовор зотлардан эканлиги маълум бўлади. Ушбу нарса улкан фазл бўлмаса, яна нима фазл бўлиши мумкин?!

Имом Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ҳар бир набийга еттита нажийб ёки нақийб берилди. Менга эса ўн тўртта берилди», дедилар.

Биз (Алига):

«Улар кимлар?» дедик.

«Мен, икки ўғлим, Жаъфар, Ҳамза, Абу Бакр, Умар, Мусъаб ибн Умайр, Билол, Салмон, Миқдод, Абу Зарр, Аммор, Абдуллоҳ ибн Масъуд», деди».

«Нажийб» – «саййид» ва «фозил шахс» дегани.

«Нақийб» – «танланган ишбоши», «ёрдамчи раҳбар» деган маъноларни англатади.

Ушбу ривоятда зикрлари келган, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нажийб ва нақийб бўлиш мартабасига эришган зотлар улуғ бахту саодат соҳибларидир. Уларнинг ҳар бири бир оламга татийдилар.

Ана ўша улуғ зотлар ичида Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг борлиги у кишининг олиймақом зотлардан эканига яна бир ёрқин далилдир.

Ибн Аби Ҳотим қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «...Ва агар сиз юз ўгириб кетсангиз, сиздан бошқа қавмни ўрнингизга келтиради, улар сизларга ўхшаган бўлмаслар», оятини ўқиган эдилар, саҳобалар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз юз ўгирсак, ўрнимизга келадиган, бизга ўхшамайдиганлар кимлар?» деб сўрашди.

Шунда Набий алайҳиссалом Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг елкаларига уриб:

«Мана бу ва унинг қавми», дедилар».

Имом Бухорий ўз китобларида ривоят қилган ҳадисда улкан саҳобий Абу Ҳурайра бундай дейдилар:

«Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларида ўтирган эдик, Жумуъа сураси нозил бўлди. У сурада «Ва ҳозирча уларга қўшилмаган бошқаларга ҳам» жумласи бор эди.

Мен: «Улар ким, эй Аллоҳнинг Расули?» деб уч марта сўрадим.

Ичимизда Салмон Форсий ҳам бор эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом қўлларини Салмон Форсийнинг елкаларига қўйдилар ва:

«Агар иймон сурайё(юлдузи)да бўлса ҳам, мана булардан бўлган кишилар унга етадилар», дедилар».

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу илмий ҳаракатга ҳам муносиб ҳисса қўшган зотлардан ҳисобланадилар. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик вақтларида ҳам, у зотдан кейин ҳам кишиларга Ислом таълимотларини тарғиб қилишда фаол иштирок этганлар. У кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маслаҳатчилари бўлгани ҳаммага маълум. Хандақ урушида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан Мадина атрофига хандақ қазитганлар ва айни шу ишни сабаб қилиб, Аллоҳ таоло мусулмонларга ғалабани берган.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу халифалар даврида фатҳ ишларида фаол қатнашганлар.

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ҳақиқий зоҳидлардан эдилар. У киши зоҳидликни хўжакўрсинга қилмас эдилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг қалбларига Аллоҳ таолонинг муҳаббати тўлиқ ўрнашиб, дунё муҳаббатига у ерда жой қолмаган эди. У киши ҳақиқий бир муҳибга айланган эдилар. Муҳаббатлари фақат Аллоҳга ва У Зот буюрган нарсаларга эди.

Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Абу Бухтирийдан, у эса Бану Абаслик бир кишидан ривоят қиладилар:

«Салмон Форсий розияллоҳу анҳу билан ҳамсуҳбат бўлдим. У Аллоҳ таоло мусулмонларга фатҳ қилган Кисро хазиналарини зикр қилди ва:

«Албатта, сизга уни берган, фатҳ қилган ва ишониб топширган Зот Ўз хазиналарини тутиб қолиши ҳам мумкин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида одамлар ҳузурларида динор ҳам, дирҳам ҳам, бирор муд таом ҳам йўқ ҳолда тонг оттирар эдилар. Сўнгра мана шундай бўлди, эй Бану Абаслик!» деди.

Сўнгра сочилиб ётган хирмоннинг олдидан ўтдик».

Имом Тобароний раҳматуллоҳи алайҳи Бану Абаслик бир кишидан ривоят қиладилар:

«Салмон Форсий розияллоҳу анҳу билан Дажла қирғоғида юриб кетаётган эдим. У киши:

«Эй Бану Абаслик! Тушиб, сув ич!» деди.

Мен тушиб, сув ичдим. У киши менга:

«Сенинг ичганинг Дажлани қанча камайтирди?» деди.

«Камайтирмаган бўлса керак», дедим.

«Илм ҳам шунга ўхшаган, ундан олинади, аммо ўзи камаймайди. Энди уловингни мин!» деди.

Сўнгра хирмонда уйилиб ётган буғдой ва арпалар олдидан ўтдик. Шунда у киши:

«Буни кўряпсанми? Бизга фатҳ қилинди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларига қисилган эди. Бизга яхши, уларга ёмон бўлганми?» деди.

«Билмадим, менимча, бизга ёмон, уларга яхши бўлган бўлса керак», дедим.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жаллага етишгунларича уч кун кетма-кет тўймаганлар», деди».

Абу Нуъайм раҳматуллоҳи алайҳи Зайд ибн Соҳвоннинг мавлоси Солимдан ривоят қиладилар:

«Мавлоим Зайд ибн Соҳвон билан бозорда юрган эдим. Олдимиздан Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўтиб қолди. У бир васақ таом сотиб олган экан. Зайд унга:

«Эй Абу Абдуллоҳ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси бўлатуриб шундай қиласанми?» деди.

«Қачон нафс ризқига эришса, хотиржам бўлади, ибодатга ажралиб чиқади ва васваса ундан умид узади», деди Салмон Форсий розияллоҳу анҳу».

Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасандан ривоят қиладилар:

«Салмоннинг атоси (ойлик маоши) беш минг эди. Ўзи ўттиз минг одамга бошлиқ эди. Ярмини кийиб, ярмини тагига соладиган ридода хутба қилар эди. Атоси чиқса, одамларга тарқатиб юбориб, ўз қўл меҳнати ила кун кечирарди».

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу бемор бўлиб ётганларида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу у кишини кўргани кирди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу йиғладилар. Шунда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Нимага йиғлайсан, эй Абу Абдуллоҳ? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сендан рози ҳолларида вафот этдилар-ку?» деди.

«Аллоҳга қасамки, ўлимдан қўрқиб ёки дунёга ҳирс қилиб йиғлаётганим йўқ. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биздан аҳд олган эдилар. Ул зот:

«Сизлардан бирингизнинг бу дунёдаги насибаси йўловчининг зодичалик бўлсин», деган эдилар. Энди бўлса менинг атрофимда мана бу нарсалар сочилиб ётибди», деди.

Саъд розияллоҳу анҳу қарадилар. Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг атрофида бир лаган ва обдастадан бошқа нарса йўқ эди. Шунда у киши:

«Эй Абу Абдуллоҳ, бизга бир васият қилгин, уни сендан олиб қолайлик», деди.

«Эй Саъд!

Қасд қилсанг, қасдингдан олдин Аллоҳни зикр қилгин!

Ҳукм қилсанг, ҳукмингдан олдин Аллоҳни зикр қилгин!

Тақсим қилсанг, қўлингдан олдин Аллоҳни зикр қилгин!» деди Салмон Форсий розияллоҳу анҳу.

У киши силсила омонатини Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан олганлар.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

  1. Қосим ибн Муҳаммад розияллоҳу анҳу;
  2. Жаъфар содиқ розияллоҳу анҳу;
  3. Боязид Бистомий қуддиса сирруҳу;
  4. Абул Ҳасан Ҳараконий қуддиса сирруҳу;
  5. Абу Али Фармадий қуддиса сирруҳу;
  6. Юсуф Ҳамадоний қуддиса сирруҳу;
  7. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний қуддиса сирруҳу;
  8. Хожа Ориф Ревгарий қуддиса сирруҳу;
  9. Хожа Маҳмуд Фағнавий қуддиса сирруҳу;
Кутубхона
Бошқа мақолалар

Қурбонликка оид 30 масала

04.06.2024   4259   8 min.
Қурбонликка оид 30 масала

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Масала: Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди (41).

Масала: Қурбонлик қилишда ўзидан бошқасини вакил ва ноиб қилиш жоиздир. Агар бир киши бошқа одамни қурбонликка вакил ёки ноиб қилса, жониворни сотиб олиш ва сўйиш вақтида вакил ёки ноиб қурбонликни ният қилиши кифоя қилади (129).

Масала: Сафардаги киши бирор юртда ўн беш ёки ундан ортиқ кун муқим бўлиб қолиб, телефон ёки бирор восита орқали ўз юртидаги кишини мени номимдан қурбонлик қилгин деб вакил қилса, вакилнинг қурбонлиги унинг номидан ўтади(130).

Масала: Вафот этган киши қурбонлик қилишни васият қилган бўлса, бутун бир ёки еттидан бир ҳиссани қурбонлик қилишлиги вожиб бўлади ва қурбонлик гўштини барчасини фақир, мискинларга садақа қилиб юбориш ҳам вожиб бўлади (36).

Масала: Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир (131).

Масала: Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади (37).

Масала: Агар аёл кишини тақинчоқлари ва уйдаги кераксиз нарсалари нисоб миқдорига етадиган бўлса, аёл кишининг зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (46).

Масала: Одамлар қурбонлик мақсадида бозордан сотиб олмай уйда боқаётган қўйларини қурбонлик қилишни хоҳласа, улардан биттасини тайин қилиб қурбонлик қилишни ният қилади ва унинг бу нияти билан ўша жониворни қурбонлик қилиши лозим бўлиб қолмайди. Уни сотиб юбориб, ўрнига бошқасини қурбонликка сотиб олиши жоиз бўлади, яъни кимни мулкида аввалдан қўй-моллари бўлиб, уларни қурбонлик қилишни ният қилсада, уларни қурбонлик қилиш лозим бўлиб қолмайди (47).

Масала: Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир (57).

Масала: Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас (58).

Масала: Бир неча киши ўртага пул ташлаб бирор тижорат ёки ишлаб чиқариш қилса ва уларнинг барчасини ўртадаги пули нисобга етса, лекин ўртадаги пулдаги ҳар бирининг улуши нисобга етмаса, бирортасини зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди (62).

Масала: Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади (62).

Масала: Қурбонлик қилувчи киши қурбон ҳайитини ўқиб, қурбонлик қилганидан кейин сочи ва тирноқларини олиши мустаҳаб бўлади (63).

Масала: Вожиб бўлган қурбонликни ўзгалар томонидан қилишлик учун уларнинг ижозати зарур. Акс ҳолда уларнинг қурбонликлари адо бўлмайди. Агар ака-укалар йўқлигида бири бошқаси томонидан қурбонлик қилиб қўйиш одати бўлса, ижозат беришидан олдин қурбонлик қилиши жоиз бўлади. Ўзгалар томонидан нафл қурбонлик қилинаётган пайтда уларнинг ижозатини сўрашлик шарт эмас. Тирикларга ва ўликалар номидан нафл қурбонликлар қилиш жоиз. Уларнинг ижозатлари шарт эмас. Чунки, қурбонликнинг эгаси ҳайвоннинг эгаси бўлиб, у бошқаларга савобини бағишламоқда (78).

Масала: Бир неча кишилар битта ҳайвонни қурбонлик қилаётганларида сўювчи ҳаммаларини номма-ном санаб фалончи ва фалончилар номидан деб тилга олиши шарт эмас. Лекин, улар томонидан сўйилаётганини қалбдан ўтказилади (82).

Масала: Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади. Шунингдек, шериклардан бирортаси гўшт арзон тушиши мақсадида шерик бўлса, бирортасини ҳам қурбонлиги жоиз бўлмайди (91).

Масала: Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади (96).

Масала: Кўпчилик бўлиб қурбонлик қилинаётган суратда шериклардан бири ўтган йилни қазосини ният қилса, шерикларнинг қурбонлиги адо бўлади. Лекин, қазони ният қилган кишининг қурбонлиги нафл бўлиб, қазо қурбонлик ўрнига ўтмайди ва жониворни гўштини ҳаммасини садақа қилиб юбориш вожиб бўлади. Қазо қурбонлик эвазига бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши маҳбус бўлса, зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Хоҳ ётган жойида бўлсин ёки ташқарида бўлсин. Ташқарида бўлган суратда ўзидан бошқасини вакил ёки ноиб қилади (133).

Масала: Агар маҳбус ўз юртидан ташқарида сафар масофасича узоқликда бўлса, зиммасига қурбонлик вожиб бўлмайди (133).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик кунлари қурбонлик қилишдан аввал вафот топса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади ва меросхўрлар мулкига жонлиқ ўтиб кетади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган болалар бўлмаса ва оталари номидан фарзандларқурбонлик қилишга ижозат беришса, оталари номидан қурбонлик дуруст бўлади. Агар меросхўрлар ичида балоғатга етмаган бола бўлса, унинг ижозати эътиборга олинмайди ва ўша ҳайвонни қурбонлик қилиш жоиз бўлмайди (98).

Масала: Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади (99).

Масала: Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки садақаи фитр вожиб бўлган кишиларга ҳам вожибдир (99).

Масала: Нисобдан деб ҳисобланмайдиган нарсалар ҳожати аслиялар деб номланади. Улар: еб ичадиган, уч сидра киядиган кийим, яшаш жойи, хунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови, фабрика-заводларнинг станоклари кабилардир. Улардан ташқарисининг қиймати ҳисобланиб, нисобга етса, қурбонлик вожиб бўлади (100).

Масала: Шериклардан баъзиси қурбонликни ва яна баъзиси ақиқани ният қилиши жоиздир (102).

Масала: Аксарият кишилар вафот этувчилар томонидан қурбонлик қилаётганларида фотиҳага келганлар таомланиб кетсинлар деб ҳайт намоздан аввал ёки арафа куни жонлиқни сўйиб қўядилар. Бу суратда сўйилган ҳайвон қурбонлик ўрнига ўтмайди (105).

Масала: Нисобга эга бўлмаган киши қурбонлик қилганидан кейин қурбонлик кунлари чиқиб кетишидан аввал бой бўлиб қолса, яна бошқа қурбонлик қилиши вожиб бўлади (107).

Масала: Нисоб эгаси бўлмаган киши қурбонлик қилиш ниятида ҳайвон сотиб олса, уни қурбонлик қилиши вожибдир. Лекин, қурбонлик қилишдан аввал жонивор йўқолиб ёки вафот этиб қолса, вожиб зиммасидан соқит бўлади. Ўрнига бошқа олиб қурбонлик қилиши вожиб эмас. Йўқолган жонивор кейинчалик топилиб қолса, қурбонлик қилиши зиммасига вожиб бўлади.

Масала: Қурбонлик оқил, болиғ, муқим, закот ёки мулкида ҳожати аслийсидан ортиқча 85 г тилла ёки (612) 595 г кумуш қиймати баробарида нарсаси бор кишиларга вожиб бўлади. Ҳожати аслийдан ташқариларга яшаб турган ҳовлисидан ташқари ҳовлилар, пулни банд қилиш учун сотиб олинган уйлар, уловлар, тижорат моллари, астатка таврлар барчаси кириб кетади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.

Манба

Мақолалар