Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
20 Июн, 2025   |   24 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:30
Аср
17:40
Шом
20:03
Хуфтон
21:41
Bismillah
20 Июн, 2025, 24 Зулҳижжа, 1446

Дажжол фитнасидан сақландингизми?

09.05.2020   8429   2 min.
Дажжол фитнасидан сақландингизми?

Каҳф сўзи “ғор” маъносини билдиради. Бу сурада бошқа қиссалар билан бир қаторда ажойиб тарихий воқеа – ғор эгалари (асҳоби каҳф) қиссаси баён этилган. Унда иймонини сақлаш учун ғорга яширинган йигитлар тўғрисида гап кетади. Шунингдек, Мусо алайҳиссалом билан Ҳизр ҳамда Зулқарнайн қиссаси ҳам сурадан ўрин олган. Қолаверса, бу сурада мол-мулк мақтанишга арзигулик нарса эмаслиги, бу дунё ҳаёти ўткинчи экани баён этилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Каҳф сураси бошидан ўн оят ёдласа, дажжол (фитнаси)дан сақланади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Каҳф сураси охирги ўн оятини ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).

Дажжол қиёматга яқин чиқиб, илоҳликни даъво қилади, одамларни йўлдан уради,  уларга осмондаги ойни ваъда қилади, қўйниларини пуч ёнғоққа тўлдиради. Каҳф сурасини ўқиб юрган одам дажжол фитнасидан йироқ бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким Каҳф сурасининг  аввалини, охирини ўқиса, оёғидан бошигача нур  порлайди. Ким (сурани) тўлиқ ўқиса,  унинг учун  осмон  билан ер ўртаси(ни тўлдирадиган) нур порлайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Абу Саид Худрий  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганда ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимда-ким Каҳф сурасини нозил қилинганидек ўқиса, унга  қиёмат куни турган жойидан Маккагача  (бўлган масофада) нур порлайди. Ким бу сура охиридан ўн оят ўқиса, дажжол чиққанда унга ҳукмини ўтказолмайди”, деганлар (Имом Насоий ривояти).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким уйқуга кетишдан олдин Каҳф сурасидан ўн оят ўқиса, дажжол фитнасидан сақланади. Ким уйғонганида Каҳфнинг охирини ўқиса, қиёмат куни бошидан оёғигача нурга тўлади”, дейилган.

Каҳф сурасини исталган вақтда ўқиса бўлади. Лекин муборак жума кунида ўқилса, нур устига нур бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким Каҳф сурасини жума куни ўқиса, унинг учун ўзи билан икки жума ўртасини ёритувчи нур порлайди” (Имом Ҳоким ривояти).

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Нима учун хатим Каъбага қўшиб юборилмаган?

18.06.2025   4033   5 min.
Нима учун хатим Каъбага қўшиб юборилмаган?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Ҳижру Исмоил деб ҳам номланади. У ярим доира шаклидаги очиқ бинодир. Хатим деб номланишига сабаб, у Каъбадан синдириб олингандир. Қурайш Каъба биносини янгилаганда ўша ерни қолдирган. Исмоил ҳижри дейилишига сабаб, Иброҳим алайҳиссалом Каъбанинг ёнига арок дарахтидан Исмоил ҳамда оналарига капа қуриб берганлар. Демак, ҳижр Каъбанинг қисмидан бўлмаган. Лекин Қурайш Каъбадан қолдириб, Ҳижрга киритган жойи шак-шубҳасиз Каъбадир. Ҳажми олти газу бир қарич, яъни уч метрдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан хатим ҳақида сўраб: «У Каъбаданми?» десам, у зот: «Ҳа», дедилар. Мен: «Унда нима учун Каъбага қўшиб юборишмаган?» десам, у зот: «Қавмингнинг, яъни Қурайшнинг маблағи етмай қолган...» дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа бир ривоятда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилиятдан энди қутулганини ҳисобга олмаганимда, Каъбани бузишга буюриб, унинг чиқиб кетган жойини киргизиб, ерга ёпиштириб, икки эшик, яъни шарқ ва ғарб томондан эшик очиб, Иброҳим алайҳиссалом бунёд этган пойдеворга етказар эдим», дедилар.

Ибн Зубайрни Каъбани бузишга ундаган нарса мана шу эди. Язид: «Ибн Зубайр бузиб, қайта қураётганларида гувоҳ бўлдим. Ҳижрни Каъбага киритдилар. Иброҳим алайҳиссалом қурган пойдевордаги тошларни кўрдим. У худди туянинг ўркачига ўхшар эди», деганларида, Жарир: «Унинг ўрни қаерда эди?» дедилар. У киши: «Ҳозир сенга кўрсатаман», дедилар. Жарир у киши билан Ҳижрга кирдилар. Язид ўша маконга ишора қилиб: «Мана бу ерда», дедилар. Жарир: «Ҳижрни тахминий ўлчаб кўрсам, 6 газ ёки шунга яқин эди», дедилар.

Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларида ҳам очиқ-ойдин келган. Имом Муслимнинг ривоятларида эса: «Ҳижрдан олти газ қўшдим», деб айтилган.

Бу ривоятлардан билинадики, Ҳижр Каъбанинг бир қисмидир. У Каъба атрофидаги тахминан 3 метрлар чамаси жойдир. Бошқа ер эса Каъбадан эмас. Шунга биноан ҳижрнинг орқа томонидан тавоф қилиш дурустдир. Ким Каъба ичида намоз ўқишга имкон топа олмаса, Каъбанинг чамаси 3 метр ёнидаги хатим қисмида ўқиса, гўёки Каъба ичида намоз ўқигандек бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Мен Каъба ичига кириб намоз ўқишни яхши кўрар эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан ушлаб, ҳижрга киргиздилар, «Каъбага киришни хоҳласанг, мана шу ерда ҳам ўқийвергин. Чунки у Каъбадан бир бўлакдир», дедилар».

Бошқа ривоятда Оиша розияллоҳу анҳо: «Ҳижрдами, Каъбадами намозни қайси бирида ўқишга аҳамият бермайман», деганлар.

Салафлардан қилинган ривоятда: «Хатимда, мезоб остида дуолар мустажобдир», дейилган.

Шайбоний: «Саъид ибн Жубайрнинг Каъбани ҳижрда кучиб турганларини кўрдим», дедилар.

Золим Ҳажжож ибн Юсуф халифа Абдулмалик ибн Марвонга мактуб ёзиб, унда Ибн Зубайр Каъбани ўзгартириб, унинг ўрни бўлмаган жойларни қўшиб, бошқа эшик очганини айтган ва энди Каъбани қайтадан бино қилишини сўраган эди. Ҳажжож Каъбани ўзи айтганидек ўзгартириб бўлганидан кейин Абдулмалик билдики, Ибн Зубайр Каъба қурилишини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек амалга оширган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, агар қавминг жоҳилият замонидан эндигина қутулганини ҳисобга олмаганимда, Каъбани бузиб, чиқиб кетган жойларини қўшиб олган бўлар эдим...» деганлар.

Халифа Абдумалик Ҳажжожга рухсат бергани учун пушаймон чекиб: «Агар Ҳажжож бузишидан олдин ушбу ҳадисни эшитганимда, Ибн Зубайр қурганларини қолдирар эдим», деган Муслим ривояти.

Ривоят қилинишича, баъзи аббосий халифалар Имом Молик ибн Анасдан Каъбани бузиб, ҳадисда зикр қилинганидек, Ибн Зубайр қурганлари каби яна қайта қуриш учун фатво сўрашганида, Имом Молик розияллоҳу анҳу: «Эй мўминлар амири, ўтиниб сўрайман, Байтуллоҳни подшоҳларга ўйинчоқ қилиб қўйманг, хоҳлаган киши уни бузиб ўйнайвермасин. Шу ҳолат бўлаверса, одамлар қалбида Каъбанинг ҳайбати кетиб қолади», дедилар. Имом Моликнинг ушбу гапларидан кейин Каъба мана шу ҳолатда қолди.

Хатим деворининг баландлиги 1 метр 32 см. Деворнинг эни 1 метр 55 см.

Икки кириш орасидаги масофа 8 метр 77 см. Каъба деворидан Хатим деворигача 8 метр 46 см.

Каъбадан Хатимгача мавжуд бўлак 3 метр.

Мултазам томондаги очиқлик ўлчами 2 метр 29 см.

Муқобил очиқликдаги ўлчам 2 метр 23 см. Ташқаридан девор айланасининг узунлиги 21 метр 57 см.

"Макка, Каъба, Замзам тарихи, ҳаж ва умра маносиклари" китобидан