Азизлар, ўтаётган Рамазон ойини ғанимат билайлик! Бу ойдан улкан ажрлар билан чиқишга ҳаракат қилайлик! Келинг, мен сизга Қуръони карим борасида айрим тавсияларимни айтай!
Муҳим эслатма! Мен ўқишга қийналаман, хатога йўл қўяман-ку, Аллоҳ таолонинг Каломига нисбатан одобсизлик бўлади-ку, деб қайғурманг! Сизнинг ўқишдан мақсадингиз нима? Уни бузиб ўқишми? Йўқ, албатта. Шундай экан, хато қилишдан қўрқманг!
Тўғри ўқиш учун хатолардан йироқ бўлишингиз керак. Хатолардан холи бўлиш учун эса Қуръони каримни кўп ўқишингиз лозим!
Қуръони карим бардавомлик билан ўқиб, MP3 аудиолардан фойдаланиб, диққатлик билан кузатиб, эшитиб борилиши натижасида илк ўқилишида йўлга қўйилган хатолар, камайиб боради. Қуръони каримни қанча кўп ўқиб, хатм қилиб бораверганингиз сари Қуръони карим моҳирига айланиб борасиз. Бироқ, хато қиламан, ўқий олармикинман, деб ўтирсангиз, йиллар ўтади-ки, бироқ сиз ҳали ҳам Роббингиз Каломини бирор марта хатм қилмаган бўлаверасиз. Шундай экан, ўқишга киришинг!
Тавсия! Устозларимиз Қуръони каримни эшитиб, кузатиб боришда Шайх Муҳаммад Сиддиқ Миншавий, Шайх Абдулбосит Абдуссомад, Шайх Халил Хусорий раҳимаҳумуллоҳ каби зотларнинг MP3 аудиоларидан фойдаланишни тавсия қиладилар!
Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ ,
“Муҳаммад ал-Беруний” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси.
Иккита бир-бирига ўхшаш оят, лекин Аллоҳ таоло уларни икки хил хулоса билан якунлаган:
وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَتَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ الْإِنسَانَ لَظَلُومٌ كَفَّارٌ (34)
"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, инсон зулмкор ва ношукрдир" (Иброҳим сураси, 34-оят).
وَإِن تَعُدُّوا نِعْمَةَ اللَّهِ لَا تُحْصُوهَا إِنَّ اللَّهَ لَغَفُورٌ رَّحِيمٌ (18)
"Ва агар Аллоҳнинг неъматларини санашга уринсангиз, уларни санаб тугата олмайсиз. Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва марҳаматлидир" (Наҳл сураси, 18-оят).
Биринчи оятда: Инсоннинг Аллоҳга муносабати билан тугатилган!
Иккинчи оятда: Аллоҳнинг бандага муносабати билан тугатилган!
Аллоҳ таоло нақадар буюк Зот! Инсон эса нақадар ожиз ва нодон мавжудот.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ