Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
13 Июн, 2025   |   17 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:28
Аср
17:38
Шом
20:00
Хуфтон
21:38
Bismillah
13 Июн, 2025, 17 Зулҳижжа, 1446

Рамазон ойида жаннатга 111 эшик (Танловга)

09.05.2020   2758   5 min.
Рамазон ойида жаннатга 111 эшик (Танловга)
  1. Ҳар бир амални фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб бажариш. (ихлосли бўлиш).
  2. Аллоҳ таолога тавба қилиш.
  3. Янги чиққан ойни кўрганда дуо қилиш.
  4. Иймон ва савоб умидида рўза тутиш.
  5. Иймон ва савоб умидида кечаларини бедор ўтказиш.
  6. Иймон ва савоб умидида қадр кечасида бедор бўлиш.
  7. Охирги ўн кунида янада жидду жаҳд қилиш.
  8. Умра қилиш.
  9. Эътикофда ўтириш.
  10. Рўзадорга ифторлик қилиб бериш.
  11. Қуръони каримни тиловат қилиш.
  12. Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатиш.
  13. Аллоҳ таолони зикр қилиш.
  14. Истиғфор айтиш.
  15. Таҳоратни мукаммал адо этиш.
  16. Таҳорат олгандан кейин шаҳодат калимасини айтиш.
  17. Доимо таҳоратли бўлиб юриш.
  18. Мисвок ишлатиш.
  19. Таҳорат олгандан кейин икки ракат намоз ўқиш.
  20. Азон эшитандан кейин унинг дуосини ўқиш.
  21. Азон ва иқомат орасида дуо қилиш.
  22. Доимо беш вақт намозни адо этиш.
  23. Намозларни ўз вақтида адо этиш.
  24. Хусусан бомдод ва аср намозларининг вақтига янада риоя қилиш.
  25. Жума куни дуолар ижобат бўладиган лаҳзаларни ўрганиб, шу вақтларда дуо қилиш.
  26. Жума куни “Каҳф” сурасини ўқиш.
  27. Доимо “Зуҳо” намозини адо этиш.
  28. Кундалик ўқилиб бориладиган суннат намозларини қолдирмаслик.
  29. Нафл намозларни уйда адо этиш.
  30. Кўп сажда қилиш.
  31. Ёш фарзандларни намоз ўқишга ўргатиш.
  32. Ёшларни рўза тутишга ўргатиш.
  33. Ҳар бир фарз намозидан кейин Аллоҳ таолони зикр қилиш.
  34. Рўзадор оғиз очишини кечиктирмаслиги.
  35. Оғиз очиш амалини шом намозидан аввал бажариш.
  36. Агар топилса, хурмо билан оғиз очиш.
  37. Доимо ифторлик дуосини ўқишга риоя қилиш.
  38. Ифторлик пайтида дуо қилиш.
  39. Бошқа пайтларда ҳам кўпроқ дуо қилиш.
  40. Саҳарлик қилиш.
  41. Овқат еб, ичимлик ичиб бўлгандан кейин Аллоҳ таолога ҳамд айтиш.
  42. Закотни адо этиш.
  43. Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилиш.
  44. Садақа бериш.
  45. Бировларга ошкора қилмай садақа бериш.
  46. Масжидлар қурилишига моддий ёки маънавий кўмак бериш.
  47. Саломни кенг ёйиш ва мискину фақирларга таом едириш.
  48. Йўлдан одамларга азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш.
  49. Ота-онага яхшилик қилиш ва уларга итоат этиш.
  50. Аёл киши эрига итоат этиши.
  51. Ҳалолдан касб қилиш.
  52. Доимо аҳли-оила нафақасидан хабардор бўлиш.
  53. Етимлар ва мискину бечоралар нафақасидан хабардор бўлиш.
  54. Етимни ўз кафиллигига олиб, унинг нафақасига қараш.
  55. Етимнинг бошидан силаб, унга меҳр-шафқат кўрсатиш.
  56. Дўсту биродарларнинг эҳтиёжларини раво қилиш.
  57. Аллоҳ йўлидаги дўстлардан ҳол-аҳвол сўраб туриш.
  58. Касалларни ҳолидан хабар олиш.
  59. Қариндош-уруғлар гарчи, алоқаларни узган бўлсалар-да, улар билан яхши муносабатда бўлиш.
  60. Мусулмон кўнглини кўтариб, хурсанд қиладиган ишларни амалга ошириш.
  61. Қийналиб қолган кишининг ишини енгиллатиш.
  62. Заифҳол кишиларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиш.
  63. Ўзаро низо чиққан, бир-бири билан юзкўрмас бўлиб кетган инсонларнинг орасини ислоҳ қилиш.
  64. Гўзал хулқли бўлиш.
  65. Ҳаёли бўлиш.
  66. Ростгўй бўлиш.
  67. Босиқ, кечиримли, мулойим бўлиш.
  68. Кўришганда қўл бериб саломлашиш.
  69. Очиқ юзли бўлиш.
  70. Савдода бағрикенг бўлиш.
  71. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан кўзни тийиш.
  72. Яхшиликка чақириб, ёмонликнинг олдини олиш.
  73. Солиҳлар, яхши инсонлар билан бирга бўлиш.
  74. Тил ва бошқа аъзоларни номақбул ишлардан сақлаш.
  75. Пайғамбар алайҳиссалом кўп салавот айтиш.
  76. Яхшилик қилиш ва эзгу ишларга далолат қилиш.
  77. Инсонлар Аллоҳ таолони танишига сабабчи бўлиш.
  78. Инсонларнинг айбларини беркитиш.
  79. Сабрли бўлиш.
  80. Бирор бир гуноҳ иш содир этганда, икки ракат намоз ўқиб, тавба қилиш.
  81. Ҳайвону жонзотларга ҳам шафқатли бўлиш.
  82. Инсонлардан таъма қилмаслик.
  83. Кўп таҳлил (яъни, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”) ва тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтиш.
  84. Садақайи жория қилиш.
  85. Савдо-сотиқда ростгўй бўлиш.
  86. Мусулмонлар ғам-ташвишини аритиш.
  87. Мусулмон ва бошқаларга зиён бермаслик.
  88. Ўзгаларга ёрдам қўлини чўзиш.
  89. Ота-онанинг дўстлари билан ҳам борди-келди қилиб алоқани узмаслик.
  90. Ширин сўзли бўлиш.
  91. Қўл остидаги ишчи-ходимларга шафқатли бўлиш.
  92. Бир солиҳ амални оз-оз бўлса-да, бардавомлик ила бажариш.
  93. Қўни-қўшниларга яхши муносабатда бўлиш.
  94. Ота-онанинг ҳаққига дуо қилиш.
  95. Дўсту биродарининг ҳаққига ғойибона дуо қилиш.
  96. Мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилиш ва Аллоҳ таолодан уларнинг гуноҳларини кечиришини сўраш.
  97. Турмуш ўртоғи билан яхши муносабатда бўлиш.
  98. Ўз аҳли-оиласига таълим-тарбия бериш.
  99. Бирор кишига жабр қилган бўлса, ундан розилик олиш ва зиммасидаги ўзгаларнинг моддий ва маънавий ҳақларини адо этиш.
  100. Ёмонлик кетидан уни ювиб юборадиган яхшилик қилиш.
  101. Омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдга вафо қилиш.
  102. Каттани ҳурмат, кичикни иззат қилиш.
  103. Ўзгаларнинг ғам-қайғуси ва дардига шерик бўлиш.
  104. Тилни ёмон сўзлардан сақлаб фақат яхши сўзларни айтиш.
  105. Мусулмонлар обрўсини сақлаш.
  106. Қалбни бахиллик ва ҳасаддан пок тутиш.
  107. Инсонлар орасида адолат билан ҳукм қилиш.
  108. Бошига кулфат ёғилган кишига ёрдам бериш.
  109. Яхшиликка чақираётган кишининг чақириғига лаббай дейиш.
  110. Яхши иш қилган кишига миннатдорчилик билдириш ва муносиб мукофотлаш.
  111. Шаввол ойидан олти кун рўза тутиш.

 

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ ,

Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси.

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Фатво беришга ким ҳақли

13.06.2025   938   6 min.
Фатво беришга ким ҳақли

Ҳозирги кунда ислом жамиятида, дунё мусулмонлари, айниқса юртимиз мусулмонлари орасида фатво бериш, фатво чиқариш, фатво сўраш каби атамалар кўп ишлатилмоқда.

Фатво сўзи араб тилида “саволга жавоб бериш” маъносини англатади. Истилоҳда эса, шаръий масала ҳақида савол сўраган одамга далилга асосланган ҳолда жавоб беришдир.

Биринчи фатво берувчи шахс Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган. У зотдан кейин саҳоба, тобеин ва кейинги давр мужтаҳид уламолар фатво бериш билан шуғулланиб, бугунги кунимизгача давом этиб келмоқда. Шариатда мусулмонлар ҳаётида пайдо бўладиган саволлар бўйича фатво берилиши бу фарзи кифоя амал ҳисобланади.

Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқаришнинг ўзига хос талаблари мавжуд. Қуръон ва ҳадисга асосланган ҳолда мусулмонларнинг манфаатларидан келиб чиқиб, инсон камолоти, жамият фаровонлиги ҳамда унинг ижтимоий тараққиётини кўзлаб ҳукм чиқариш алоҳида билим ва малака талаб этади. Мўътабар манбаларда қайд этилишича, араб тили, Қуръон ва ҳадис илмлари, фиқҳ ва ислом тарихини жуда чуқур ва мукаммал биладиган ва яна бошқа зарур сифатларга эга бўлган шахсларгина фатво бериш ҳуқуқига эга.

Шундай бўлса-да, бирор-бир масалада ҳукм чиқариш зарур бўлиб қолса, аввало, мазҳаблар таълимотига таянилади, агар уларнинг бирортасида масаланинг ечими топилмаса, мусулмонларга осонлик ва қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан муфтийлар томонидангина фатволар чиқарилиши мумкин.

Фатво бериш масъулияти. Исломда фатвонинг ўрни ва таъсири муҳим бўлиши билан бирга ўта масъулиятли вазифа ҳам ҳисобланади. Чунки фатвода Аллоҳнинг ҳукмларини баён қилиш мақсад қилиниб, унда ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасидаги амаллар кўрсатиб берилади. Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ фатво бериш масъулияти ҳақида тўхталиб қуйидагиларни таъкидлайди: “Муфтий – ҳукмларни етказишда Расулуллоҳ саллалллоҳу алайҳи васалламга ўринбосар ва У зотнинг меросхўри ҳисобланади. Шу боис у Расулуллоҳ соллалллоҳу алайҳи васаллам номларидан гапиради”.

Ҳақиқатан, Абдуллоҳ ибн Жаъфардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада огоҳ ва эътиборли бўлишга чақириб: “Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир”, – деганлар. Яъни воқеъликни тўлиқ ўрганмай, етарли билим ва тажриба орттирмай туриб, қўрқмасдан журъат билан фатво беришдан қайтарганлар.

Буни чуқур англаб етган мусулмонларнинг дастлабки авлодлари ўзларидан илмли шахс бўлган жойда сукут сақлашган.

Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳдан гоҳо элликта масала сўралганда биттасига ҳам жавоб бермаган пайтлари бўлган экан. Бунинг сабаби сўралганда, у зот: “Жавоб берувчи ўзини аввал дўзахга солиб кўрсин, халос бўлишига кўзи етса, жавоб берсин”, – деган эканлар.

Абу Алий аз-Зарирдан ривоят қилинади: “Мен Аҳмад ибн Ҳанбалга: “Кишига фатво бериши учун қанча ҳадис етарли, юз минг ҳадис етадими?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Икки юз мингчи?” – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Уч юз мингчи?”, – дедим. У: “Йўқ”, – деди. Мен: “Тўрт юз мингчи?” – дедим. У яна: “Йўқ”, деди. Шунда мен: “Беш юз минг бўлсачи?”, – деган эдим, у: “Умид қиламан”, – деб айтди”.

Юқорида келтириб ўтилган далиллардан келиб чиқиб шуни таъкидлаш лозимки, фатво бериш ўта масъулиятли бўлганлиги жиҳатидан унга ҳамма ҳам журъат қилавермайди. Бунинг ортида жамият ва унда яшовчи шахслар учун ғоят хатарли зарарлар келиб чиқиш мумкин. Шайх Рамазон Бутий айтади: “Ҳукм чиқариш илми тиббиёт илми кабидир. Мабодо бировнинг фарзанди оғир касалга чалиниб қолса, у тегишли ташхис қўйиш ва фарзандини даволаш учун тиббиётга оид китобларни титадими ёки малакали шифокорнинг олдига борадими? Тўғрисини айтганда, унинг эси жойида бўлса, кейинги йўлни танлайди. Динда ҳам худди шундай. Аслида бу тиббиётдан ҳам муҳимроқ, шунингдек қамрови жиҳатидан хавфлироқдир”.

Ҳеч кимга сир эмаски, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда.

Баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки маълум мақсадларга йўналтирилган тузилмалар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига раҳна солинишига сабаб бўлмоқда. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг устозлари бўлган Робиа ибн Абдураҳмонни йиғлаган ҳолда кўриб, ундан бунинг сабабини сўрашганда, у зот кишилар диний-ҳуқуқий саволларни билими бўлмаган шахслардан сўрашаётганини кўрганлиги, бу ҳолат исломда катта хатар пайдо бўлганлигидан дарак беришини таъкидлаган эканлар.

Демак, чуқур илм, тажриба ва холислик каби фазилат бўлмай туриб, фатво беришнинг оқибати хайрли эмас. Шундай экан, баъзи доира ёки гуруҳлар томонидан исломда улкан масала сифатида қаралган ҳукмларга эътиборсиз ва масъулиятсизлик билан фатво беришлари ўзлари ва ўзгаларни ҳам адаштиришдир. Қандай қилиб шахсларни ва бутун бошли жамиятларни кофирга чиқариб, жамоат олдида уларга эргашишни ҳаром демоқдалар?!

Хулоса қилиб айтганда, фатвонинг мусулмонлар ҳаётида ўрни муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда илм ва салоҳиятсиз фатво бериш ёки учраган кишидан фатво сўраш ва унга эргашиб кетавериш адашувга олиб боради. Бу каби салбий оқибатларни келтириб чиқарувчи ихтилофларнинг олдини олиш биринчи навбатда ислом марказлари ва уламоларнинг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчамизни турли ихтилоф ва фитналардан асраб, барчамизни мамлакатимизда минг йиллардан бери амал қилиб келинаётган ҳанафий мазҳабимизга мувофиқ ибодатларини адо этиб, завқли ҳаёт кечириш бахтига насиб этсин!


Манба: "Аҳли сунна" телеграм канали

МАҚОЛА