Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

Рўза ҳикматларидан билишни истайсизми? (Танловга)

9.05.2020   2398   4 min.
Рўза ҳикматларидан билишни истайсизми? (Танловга)
  1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги зиёдалашади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда рўзани олдинги умматларга фарз қилганидек, ушбу уммати Муҳаммадийяга ҳам фарз қилганини айтиб, оятнинг сўнгида албатта тақводор бўласизлар деб таъкидлади. Рўза туфайли инсонда Роббисини кўриб турганлигини ҳис қилиш кучи, У зотдан қўрқиш ҳисси янада зиёдалашади. Рўза тутиш билан банда Роббисига бўйсуниб, буйруғига “лаббай”, деб итоат қилган бўлади.
  2. Рўза кўзни номаҳрамларга назар солишдан сақловчи, ёмонликларга ундовчи шайтоний нафсини сусайтирадиган асосий омиллардандир. Чунки унинг ёрдамида инсон нафсининг ҳар қандай хоҳиш-истакларига ғолиб келади. Бу билан инсоннинг қийинчилик, машаққатларга бардош бериш, сабр қилиш тажрибаси ошади. 
  3. Рўзанинг яна бир ҳикмати ночор, мискин, фақирларни ҳолатини эслатишдир. Киши оч, чанқоқ бўлмас экан, фақирлар чекадиган қийинчиликларни қаердан билсин! Рўза тутган инсон очлик, чанқоқлик аламини тотиб кўриб, бечора ҳолдагиларни қандай кун кечираётганини ҳис этади. Турмушимизда тўкин-сочин, фаровон ҳаёт кечирар эканмиз, кўп ҳолатларда, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, атрофимиздаги инсонларнинг ҳолати қай даражада кечаётганини, лоақал бир маротаба эслаб қўйиш ёдимиздан кўтарилиб қолади. Кўча-кўйда, автобусда, метрога тушганимизда бозорга борганимизда, умуман олганда кўплаб ўринларда ибрат олишимиз керак бўлган ҳолатларга дуч келамиз-у, аммо эътибор бермасдан ўтиб кетаверамиз. Шунинг учун ҳам халқимизда “Қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор” деган ибора бежиз айтилмайди. Ҳақиқатдан ҳам баъзида бечораҳол кишиларнинг олдидан ўтиб кетадиган бўлсак, улар ҳам биз каби инсон, улар ҳам биз каби фаровон ҳаёт кечиришни исташларини, уларнинг олдиларидаги жажжи фарзандлари, бизнинг фарзандларимиз каби ота-онанинг меҳрига, атрофдагиларнинг эътиборига лойиқ эканларини унутиб қўямиз. Ҳа, инсон унутувчан ва баъзан ношукр бўлади, чунки кеча яқинда ўзининг ҳолати ҳам шундай бўлганини, ўзи ҳам бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлганида: “Мен ҳам қачон ўзгаларга ўхшаб кўнглим тусаган нарсани ейман”, деб Аллоҳ таолога дуо қилиб ёлворганини эсидан чиқаради. Ёки бўлмаса, умри давомида тўқчиликда яшаб, тақдири илоҳий билан ўзининг бошига ҳам шундай кунлар тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Шунинг учун ҳам юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, рўза инсонни мурувватга, ўзгаларга, хусусан бечора ҳолларга эътибор қаратишга ундайди. Ким ўзида раҳм-шавқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа рўза тутсин! 
  4. Яна бир ҳикмати – узоқ-яқиндаги барча мусулмонларни Рамозон ойида рўза тутишга бирлаштиришдир. Бир вақтда рўзани ният қилиб, бир вақтда рўзаларини очадилар. Шу билан ҳам маънан, ҳам ҳиссан барча умматнинг якдиллиги рўёбга чиқади. 
  5. Рўзанинг навбатдаги ҳикмати, рўза бадан учун сиҳат-саломатлик гаровидир. Рўзадор рўза тутиши сабабли, ўз соғлиғини тиклаб олади. Бугунги кунга келиб бутун дунёда рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморларни даволаш учун ҳам ўта зарур омил эканлиги ошкора айтилмоқда. Яқинда Россия олимлари рўза тутиш йўли билан даволанган беморлар рўйҳатини эълон қилишди. Натижа кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли эди. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам мана шу йўл билан шифо топишибди. Рўза турли касалликларга даво бўлиши билан бирга бадандаги ёмон, кераксиз ёғларни, холерик-сафро, флагматик-балғам, сангвиник-қон, меланхолик-қора ўтларни кетказади. Қонни мусаффо қилади, ошқозонни яхшилайди. Натижада рўзадор анча енгиллашиб қолади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўлади. Кўплаб тиббиёт мутахассислари: “Рўза тутиш баданнинг соғлом ва қувватли бўлишига сабаб бўлади”, деб таъкидлайдилар.
  6. Рўза тутган кишининг гуноҳлари тутган рўзаси сабабли мағфират қилинади. 
  7. Рўза тутган киши ўз рўзаси сабабли фаришталар сифати ила сифатланади. Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги билан айнан ана шу сифатларга соҳиб бўлади.

 

Ғиёсиддин ҲАБИБУЛЛОҲ ,

Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус

ислом билим юрти мударриси.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Эҳромда тикилган кийимларни кийса

24.12.2024   7769   1 min.
Эҳромда тикилган кийимларни кийса

Cавол: Отам билан Мадинаи мунавварада умра учун эҳромга кириб, Маккага йўлга тушдик. Лекин йўлда ҳаво совуб кетиб, отам дўппи, куртка ва пайпоқ кийиб олишга мажбур бўлдилар. Бу ҳол Маккага етиб боргунимизча давом этди ва эҳромда умра қилиб олдик. Саволим шуки, отам кийган кийимларининг ҳар бири учун алоҳида каффорат берилиши лозим бўладими? 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Эркак киши ҳаж ёки умрага эҳром боғлаганда зарурат сабабли бир нечта тикилган кийимни бир кундуз ёки бир кеча (ёки жами 12 соат)дан кам муддат кийиб юрса битта садақа – ярим соъ (2 кг атрофида) буғдой ёки унинг қийматини ҳарам чегарасида фақирларга садақа қилиши кифоя қилади.

Агар бир кундуз ё кеча (12 соат)дан кўп муддат кийиб юрган бўлса, ҳарам чегараси ичида битта жонлиқ сўйиши етарли. Кийимлар бир нечта бўлиши билан садақа ёки сўйиладиган жонлиқлар сони кўпаймайди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, эркак киши эҳромдалик ҳолида совқотиб қолса, тикилган кийим кийиб олмасдан, адёлга ўхшаш бирор ёпинчиқ ўраниб олиш ёки кенг кийимни енгига қўлларини киритмасдан, елкасидан ташлаб олиш ҳам мумкин. Буни кийим кийиш деб ҳисобланмагани учун жиноят саналмайди ва каффорот ҳам лозим бўлмайди (“Камолуд дироя” китоби). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.