Барчамиз ҳаётимиз давомида нимадир касаллик билан оғриганмиз, беморлик ҳақида хабаримиз бор. Шунинг учун ҳам баданимиз саломатлигига доимий тарзда эътибор қаратамиз. Бутун эътиборимиз, ҳаракатларимиз, овқатланишимиз, ҳатто кўрадиган кўрсатувларимиз ҳам жисмоний саломатлигимизга қаратилган. Касалликларнинг турига қараб улардан қай даражада эҳтиёт бўлиш ҳақида ўйлаймиз, оғирроқ касалларни имкон қадар олдини олишга интиламиз, аммо доимий бир хатога йўл қўямиз.
Хатойимиз шуки, энг катта эътибор талаб қиладиган, доимий назоратга муҳтож ва турли хил касалликларга чалинган бир аъзойимиз - қалбимизга умуман эътибор қаратмаймиз. Қалбимизда ўрнашган саратонданда хавфли бўлган касалликларга умуман беэътибормиз. Унинг касалликлари оддий шамоллаш каби эмас, унинг касалликлари хавфли ўсимта каби қалбимизни эгаллаган, кундан-кунга катталашиб, борган сари авж олиб бизни жаҳаннам сари етакламоқда.
Уларнинг номи саратон эмас, уларни табиблар текшира олмайди. Уларнинг номи кибр, риё, сумъа, ғийбат... Уларнинг ташхис қўювчи табиби эса ўзимиз... Нега бунчалар беэътибормиз?
Баданимиз саломатлиги учун тез-тез дам олиш масканларига борамиз, боғу роғлар ва тоғларни айланамиз. Саломатлик учун ўн кун, йигирма кунлаб алоҳида вақт ажратамиз, аммо қалбимизни даволашга кунда бир соат ҳам кўпдек туйилади. Руҳимизни тарбия қиладиган намозга ўн дақиқани ҳам кўп кўрамиз. Бир соат Қуръонга вақт ажратишга вақтимиз йўқ. Жаҳаннамдан шунчалик қўрқмаймизми? Ёки баданимиз куймайдиган жисмми?!
Азиз биродарим, Рамазон ҳам бизни тарбия қиладиган, қалбимиздаги ўсимталарни йўқотадиган табиб, дори ва шифодир. Табибнинг буйруқларини тўлиқ бажармасак, дорини вақтида қабул қилмасак тузалмаганимиз каби Рамазоннинг ҳақларига тўлиқ риоя қилмас эканмиз қалбимизни даволай олмаймиз.
Ўн кун. Бу жуда оз муддат. Табибимиз жуда кучли ва ўта қимматбаҳо табиб. Ўн кун ундан фойдаланмасак, у бизни тарк этади ва биз касалликдан фалажланиб қоламиз. Фурсатни ғанимат билиб касалимизни аниқлайлик ва уни даволайлик. Зеро, Расулуллоҳ (с.а.в) айтганларидек, жасадимизда бир гўшт бор, агар у тўғри бўлса бутун жасадимиз тўғри бўлади, агар у фасод бўлса бутун баданимиз фасод бўлади. Огоҳ бўлайлик, у бизнинг қалбимиздир!
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ
Муҳтарам ватандошлар!
Сиз, азизларни, барча мўмин-мусулмон юртдошларимизни, бутун халқимизни улуғ ва мўътабар айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, ўзимнинг юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.
Жамики ислом уммати учун қадрли бўлган ушбу шукуҳли байрам – Ийд ал-Адҳони эл-юртимиз билан биргаликда тинч ва осойишта муҳитда кутиб олаётганимиз учун, аввало, меҳрибон ва қудратли Аллоҳ таолога беҳисоб шукроналар айтамиз.
Ҳеч шубҳасиз, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ижтимоий, халқчил давлат барпо этиш, унинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш ва таъсирчанлигини оширишда муқаддас ислом дини, унинг асосий байрамларидан бири бўлган Қурбон ҳайити ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Айниқса, бу байрамнинг инсонпарварлик, аҳиллик, саховат ва олижаноблик каби фазилатлари юртимизда “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, кексалар, ёшлар ва хотин-қизлар ҳақида алоҳида ғамхўрлик кўрсатиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастурларимиз самарасини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Азиз дўстлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда турли миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, виждон эркинлигини таъминлаш, диний-маърифий меросимизни асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, ислом динининг эзгу тамойилларини чуқур ўрганиш, буюк тарихимиз ва маданиятимиз дурдоналарини, машҳур алломаларимизнинг бой меросини тўплаш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Жумладан, кўҳна Шарқ мўъжизаси – Самарқанд шаҳри 2025 йилда ислом маданияти пойтахти, деб эълон қилинди, улуғ ватандошимиз Имом Мотуридийнинг 1155 йиллик таваллуд санаси юртимиз бўйлаб кенг нишонланмоқда, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторига, шу йил Бухоро шаҳрида ўз фаолиятини бошлайдиган Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази ҳам қўшилди.
Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази илмий-маънавий йўналишдаги улкан ва ноёб лойиҳа сифатида эл-юртимиз ва халқаро жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотмоқда. Бу муаззам маскан кўп минг йиллик қадимий тарихимиз, бой ва бетакрор миллий маданиятимизнинг ёрқин тимсоли сифатида Янги Ўзбекистон ҳаётидаги ғоят муҳим воқеага айланади, деб ишонаман.
Ҳурматли юртдошлар!
Шу саодатли кунларда 15 минг нафар ватандошимиз муқаддас ҳаж зиёратини адо этмоқда. Эзгу дуо ва ниятлар ижобат бўладиган мана шундай мунаввар лаҳзаларда уларни ҳам Қурбон ҳайити билан самимий қутлаб, Яратгандан юртимизга соғ-омон қайтиб келишларини сўраймиз.
Умид қиламизки, муҳтарам ҳожиларимиз жамиятимизда бирдамлик, оила ва маҳаллаларимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимиз тарбиясини кучайтириш, уларни илм-маърифатга, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашга, Ватан ҳимоячиси бўлишга тарғиб этиш, муҳтож инсонларга кўмак беришда алоҳида ибрат ва намуна кўрсатадилар.
Қалбларимиз қувончга тўлган ушбу файзли кунларда хорижий давлатларда бўлиб турган ватандошларимизни ҳам бугунги улуғ айём билан чин дилдан қутлаб, уларга соғлик-омонлик, бахт ва омад тилаймиз.
Жаҳоннинг узоқ-яқин ўлкаларидаги мусулмон умматини ҳам қизғин табриклаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Ҳозирги кунда дунё нақадар мураккаб ва таҳликали бўлиб бораётганини барчамиз кўриб турибмиз. Бундай кескин шароитда юртимизда тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувлик муҳитини сақлаб, барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб кўзлаган юксак мақсадларимизга ета оламиз.
Албатта, ўз тарихида не-не синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва олижаноб халқимиз бунга ҳар томонлама қодир.
Бу йўлда эл-юртимизга мансуб меҳр-оқибат, ўзаро бирлик ва жипслик биз учун беқиёс куч-қудрат манбаи бўлиб хизмат қилади, деб ишонаман.
Сиз, азизларни муқаддас Қурбон ҳайити билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга тинчлик-хотиржамлик, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қутлуғ айём барчамизга муборак бўлсин!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти