Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2024   |   24 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2024, 24 Жумадул сони, 1446

“Рамазонни қандай ўтказяпсиз? Деҳқоннинг дуоси...”

2.05.2020   2345   2 min.
“Рамазонни қандай ўтказяпсиз? Деҳқоннинг дуоси...”

Бу йилги рамазон ойи, юртимизда айни деҳқончилик ишлари авжи палласига тўғри келди. Аммо, заҳматкаш деҳқонларимиз карантин даврига қарамай, рўзадор ҳолда, замин неъматлари билан таъминлаш мақсадида тинмай меҳнат қилмоқда.

Навбатдаги мактуб муаллифи ҳам Сурхондарё вилояти, Денов туманидан меҳнаткаш деҳқон, боғбон, чорвадор Абдураҳмон бобо Абдуалимов.

Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсин, бизларни яна рамазонга етказди. Гарчи бу йилги рўза ойи баҳор фаслига, айни деҳқонлар ва ер билан ишлайдиган касб эгаларининг иши қизғин паллага тўғри келган бўлсада, рўза тутишимизга заррача салбий таъсир кўрсатаётгани йўқ.

Отам раҳматли ҳам деҳқон бўлганлар. Улар бизга доимо ризқни Аллоҳ беради, сен сабабини қилиб уруғни ерга қадайсан холос. Уни ундириб, ўстириб бизга мўл-кўл ҳосил қилиб бергувчи Яратганнинг Ўзи. Шунинг учун доимо Аллоҳга итоат ва ибодат қилиб, ундан деҳқончиликка барака сўраб дуо қилиш лозим дер эдилар. Мен ана шу насиҳатлар ила улғайганман.

Бу йил ҳам рўзани оилавий илҳақлик ва меҳр билан кутиб олдик. Барчамиз рўзадормиз. Саҳарликдан сўнг бироз Имом Ғаззолийдан ўқийман. Намози бомдоддан сўнг дала томон йўл оламан. Пиёз ва картошка етилиб турибди. Шуларни қозяпмиз. Халқимизга тортиқ этамиз инша Аллоҳ. Пешинда даладан қайтамиз. Бироз дам олиб, ҳовлидаги боғга кирман. У ерда 70 тупдан ортиқ мевали дараҳтлар бор. Шира тушганини дорилайман. Тагига қулупнай экканмиз уни парваришлаймиз. Шу билан намози аср бўлиб қолади.

Асрдан сўнг фарзандларим билан чорвага қараймиз. Бир неча бош қора мол ва қўйларимиз бор. Сут қатиқ дегандай неъматлар бизларда сероб. Шу билан шом вақти бўлиб қолади. Ифторлик вақтида оила жамул-жам бўламиз. Ўртанча ўғлим қори. То таробеҳ вақтигача бизга Қуръонда келтирилган воқеъалардан, пайғамбарлар тарихидан гапириб беради. Менга юсуф алайҳиссалом қиссаси жуда ҳам ёқади. Ҳар сафар ўзгача ибрат билан эшитаман.

Хуфтондан сўнг, оилавий таробеҳ намозини ўқиймиз. Ҳовлимиз катта, фарзандларим билан яхшигина бир жамоа бўламиз. Аллоҳга беҳисоб бўлсинки бу йил таробеҳ намозида ўғлим хатмул Қуръон қиляптии. Қори фарзанднинг ортида иқтидо қилиб 30 пора Қуръонни рамазон ойида тинглаш... Бундан ортиқ бахт бўлмаса керак бу дунёда.

Аллоҳ таолодан ватанимиздаги барча деҳқонларга, халқимизга файзу барака, хотиржамлик тилаб қоламан. Рамазон муборак!

 

Саидаброр Умаров суҳбатлашди

 

 

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ислом ҳуқуқи мактаби

24.12.2024   2006   3 min.
Ислом ҳуқуқи мактаби

Ҳаётда шундай соҳалар борки, уларни мукаммал эгаллаш учун бутун умр ўқиб-изланиш лозим. Ана шундай касблардан бири имом-хатибликдир. Кимдир бу касб эгаларига осон тутиши мумкин. Лекин етук имом бўлиш учун тўрт йил мадраса, тўрт йил диний олий таълим даргоҳида ўқишнинг ўзи камлик қилади. Чунки имом ўзи учун ҳам жамоат учун Аллоҳ олдида бурчли бўлса, эл олдидига жавобгарлик ҳам катта масъулият юклайди. Бу масъулият ва халқ ишончини оқлашнинг бирдан бир йўли илм ва тақводир.

Сўнгги йилларда илм-фаннинг барча йўналишлар қатори диний-маърифий хусусан, шариат, фиқҳ, ақоид каби илмларни ўрганиш учун кенг йўллар очилди.  Бу борада Самарқандда Ҳадис илми олий мактаби, Имом Мотуридий маркази қошида Калом илми, Фарғонада – Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухорода – Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф мактаби, Қашқадарёда – Абу Муин Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этилиши ўз самарасини бериб келаётир. Чунки имом-хатибларнинг мадраса ва олий таълим даргоҳида олган билимларини мустаҳкамлаш, уларни янада чуқурлаштириш, янги замонавий диний масалаларни кенг ўрганишда мазкур мактаблар муҳим аҳамият касб этяпти. Бир сўз билан айтганда, бу мактаблар имом-хатибларни чин маънода соҳанинг етук эгасига айланишига замин бўлаётир.

Айни кунда Фарғона вилоятидаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактабида йигирмадан ортиқ водийлик имом-хатиблар ўз иш жойларидан узилмаган ҳолда диний билимларини яна мустаҳкамлаб, фиқҳ илмини чуқурроқ ўрганмоқдалар. Уларга тажрибали имом-хатиблар Убайдуллоҳ домла Абдуллаев, Иброҳимжон домла Қодиров ва Аҳмадхон домла Низомовлар устоз-шогирд анъанаси асосида таълим бермоқдалар. Шу кунга қадар тингловчилар мазкур устозлар кўмагида “Мухтасарул-виқоя”, “Алфиқҳул-акбар” китоблари ўқиб тугатишди. Айни вақтда “Канзул-дақоиқ” ва Мулла Алий Қорининг “Алфиқҳул-акбар”га ёзган “Шарҳул фиқҳил Акбар” китоблари мутолаа қилиниб, асарлар батафсил ўранилмоқда. Ушбу асарлар Аҳли сунна вал жамоа ақидаси асосида мўмин-мусулмонларни тўғри ақида ҳамда динимиз таълимотларига амал қилишда васатий тарзда юришларида асосий манбалардир.

Таъкидлаш жоизки, имом-хатибларнинг мазкур илм даргоҳида олаётган билим ва малакалари фаолиятлари учун ниҳоятда манфаатли бўлмоқда. Зеро, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб адашган юртдошларимизни тўғри йўлга бошлаш, мўмин-мусулмонларга Аҳли сунна вал-жамоа ва Ҳанафий фиқҳи асосида ислом таълимотларини етказиш, долзарб мавзуларда чиқиш қилиш, мақолалар ёзишда бу даргоҳдан олинаётган илмий ва ҳаётий тажрибалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Шунингдек, турли учрашувлар ва маҳаллаларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларида ҳам мазкур илмий мактабда ҳосил қилинган билим ва кўникмалар асқотмоқда. Имом-хатиблар ўртасидаги билимлар беллашувида ҳам мазкур мактаб тингловчилари ўзини ҳар томонлама намоён этаётгани ҳам эътиборга молик. Шу билан бирга мактаб тингловчиларининг бир қанчаси илмий изланишларда давом этиб, ўз тадқиқотлари билан динимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Маълумки, илк ўрта асрларда Фарғона водийсида фиқҳ мактаби шаклланиб, буюк алломалар етишиб чиқди. Биргина Бурҳониддин Марғиноний ислом хуқуқшунослиги борасида беқиёс асарлар таълиф этгани барчага маълум. Бугун у кишининг “ал-Ҳидоя” асари бутун мусулмон оламида машҳур бўлиб, ислом ҳуқуқи – фиқҳ бўйича энг аниқ, мукаммал асар сифатида тан олинган.

Бугун ҳам мазкур анъаналар қайта тикланиб, юртимиз яна илму маърифат, олим уламолар диёрига айланаётгани қувонарли ҳолдир.

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот котиби
(Ҳидоят журнали, 12-сон)

Ислом ҳуқуқи мактаби Ислом ҳуқуқи мактаби Ислом ҳуқуқи мактаби Ислом ҳуқуқи мактаби
Ўзбекистон янгиликлари