Бизларга кўз неъматини берган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Кўзни ҳаромдан сақлашни таълим берган зот Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот ва саломлар бўлсин.
Баъзилар кўзнинг ҳам рўзаси бўладими, деб ажабланадилар. Ҳа азизлар, кўзнинг ҳам ўзига хос ва мос рўзаси бор. Кўзни ҳаромдан тийиш, фаҳшдан юмиш, қайтарилган нарсалардан сақлаш, унинг рўзасидир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур, 30).
Муфассирлар ушбу оятни: “Эй Муҳаммад мўминларга айтингки, авратларини зинодан сақлаб, қараш ҳалол бўлмаган жойлардан кўз юмсинлар, унга назар солишни ёмон кўрсинлар. Мана шу комил имон далилидир”, деб тафсир қилганлар.
Эркак маҳрамларининг боши, бўйин ва бўйин атрофи, болдири ва тўпиқларига қараш билан гуноҳкор бўлмайди. Бегона аёлнинг эса, юзи, кафти ва оёқларига кўзнинг ногоҳ тушишининг зарари йўқ.
Эркак кишининг бошқа эркак кишига нисбатан аврати киндик остидан тиззасининг тагигача бўлган қисмидир. Бу аврат қисмини эркакка ҳам аёлга ҳам кўрсатиши ҳалол эмас. Бу ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эркак бошқа эркакнинг авратига, аёл бошқа аёлнинг авратига қарамайди. Шунингдек, икки эркак яланғоч ҳолда, икки аёл яланғоч ҳолда бир тўшакка ўраниши мумкин эмас”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Қуръони каримда марҳамат қилинади:
“Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!..” (Нур, 31).
Ушбу оят тафсирида: “Эркак бегона аёлга қараши мумкин бўлмаганидек, аёллар ҳам номаҳрам одамга қараши ҳалол эмас”, дейилган. Аёл киши маҳрамларининг ҳам, бегона эркакларнинг ҳам киндиги остидан тиззасининг тагигача бўлган аъзоларига қараши ҳаромдир. Аёл эркак кишини кўриб шаҳватланса, ундан кўзини юмиши фарздир. Аёл киши аъзоларининг маҳрамига кўрсатиши мумкин бўлган, яъни боши, бўйин ва бўйин атрофи ҳамда тиззасидан пастки қисмига бошқа аёлнинг кўзи тушишининг зарари йўқ. Шундан бошқа аъзоларини бошқа аёл кишига кўрсатиши мумкин эмас. Чунки бу ишдан Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарганлар.
Кўз қалб буйруғини бажарувчи ижрочи ва руҳнинг эшигидир. Кўздан қалбга хайриятлар ва яхшиликлар кириши мумкин. Шунингдек, уни азобланишига сабаб бўлувчи нарсалар ҳам кириши мумкин. Инсон кўзини ҳаромдан тиймаса, ибодати кетади, таот-ҳаловати йўқолади, имон ва ишонч таъмини билмайди, қаттиқ гуноҳкор бўлади, кўзининг нури кетади ва зеҳни ўлади. Ким кўзини фаҳш ва ёмон нарсалардан юмса, Аллоҳ таоло унга имон ҳаловатини беради, инсон уни кўксида ҳис этади.
Кўзини ҳаромдан юмган мўмин қудрати буюк зот Аллоҳ таолога тоат, У зотнинг бандага берган бир неъматига эришиш, дунё ва охиратда азизлик, қалб саломатлиги, роҳати, хотиржамлиги ва фараҳи каби фойдаларига эришади. Шу билан бир қаторда банда фитна, бало ва хатолардан омонда бўлади. Аллоҳ таоло илм-маърифат ва тавфиқ бериб, тўғри йўлни кўрсатиши инсонга берилган буюк неъматдир.
Рўзада инсон оч бўлади. Очлик кўзни бўйсундиришнинг асосий омили бўлиб, уни хатодан сақлайди ва назар шаҳватини заифлаштиради. Шу билан бир қаторда кўз нурини зиёда қилади. Баъзилар таом ва ичимликдан тийилиш билан рўза тутади-ю, кўзи билан рўза тутмайди, яъни ҳаром жойлардан кўзни юммайдилар. Бу рўзанинг ҳақиқатини ва асл моҳиятини билмайдиган одамнинг рўзасидир.
Таом ва ичимликдан тийилганимиздек, ҳаром жойлардан кўзларимизни юмиш билан ҳам рўза тутайлик. Шоят қалбларимиз саломат бўлиб, руҳларимиз роҳатланиб “Аллоҳ буюкдир” деб нидо қилса. Аллоҳ таолонинг раҳмати, баракаси ва розилигини умид қилиб, кўз рўзасини тутишлик барчамизга насиб қилсин.
Баҳриддин ПАРПИЕВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
أَلْعِلْمُ فِى الصِّغَرِ كَالنَّقْشِ فِى الْحَجَرِ
Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш кабидир.
Илм олиш учун энг афзал давр бу инсоннинг ёшлик чоғидир. Чунки ёшликда боланинг хотираси кучли бўлади. Бу вақтда олинган илм бола хотирасида узоқ вақтгача сақланиб қолади. Шунингдек, ёшликда ҳар хил ташвиш ва юмушлардан узоқ бўлган боланинг фикри фақат ўқишда бўлиб, натижада у илмни яхши ўзлаштиради. Катта бўлиб, ишлари кўпайгач, фикри бўлинади ёки илм олишга вақт ажратолмай қолади.
Афсуски, аксарият болалар айни илм олиш пайти келганда ҳам ўйин-кулги ва бекорчи машғулотлар билан овора бўлиб юраверадилар. Ота-оналари ҳам: “Ҳали фарзандимиз ёш, катта бўлгач ўқир”, дея бунга бепарво қарайдилар. Аслида бола тахминан 3-4 ёшларида хотираси энг яхши ишлайдиган давр бўлади. Ўша пайтдан бошлаб, болани секин-аста илмга жалб қилиш яхши натижа беради.
Сўзимизни далили сифатида бир мисол келтирамиз. Машҳур аллома бобомиз Абу Али ибн Сино 4 ёшида Қуръони каримни тўлиқ ёд олган. Бундан ташқари, тарих, фалсафа, тиббиёт, мантиқ ва бошқа фанларни чуқур ўзлаштирган. Ўн саккиз ёшигача ҳаётида керак бўладиган барча илмларни мукаммал ўрганиб, машҳур олим, табиб даражасига кўтарилган. Бундан келиб чиқадики, ота-оналар фарзандларини ёшлик давридан унумли фойдаланиб, керакли илмларни эгаллашлари учун қулай шароитларни таъминлаб беришлари лозим.
مَنْ لَمْ يَتَعَلَّمْ صَغِيرًا لَمْ يَتَقَدَّمْ كَبِيرًا
Ким ёшлик чоғида илм олмаса, катта бўлганида юксалмайди.
Ушбу мақолни икки хил маънода тушуниш мумкин:
1. Ким ёшлик чоғини ғанимат билиб, илм эгалламаса, катта бўлганида бунга илож топа олмайди. Кишининг ёши кексайган сари унинг хотираси пасайиши ҳам бор ҳақиқат.
2. Ким ёшлигида илм олмаса, катта бўлганида бирон поғонага кўтарила олмайди, инсонлар орасида ҳам энг кейинги ўринда туради, чунки унинг илм-маърифати йўқ. Илм инсонни юксалтиради ва равнақ топишига ёрдам беради. (Лекин, ўрни келганида шуни ҳам айтиб қўйиш лозимки, илм фақат бирон мартабага эришиш учунгина ўрганилмайди).
يُطَيَّبُ القَلْبُ لِلْعِلْمِ كَمَا تُطَيَّبُ الأَرْضُ لِلزِّرَاعَةِ
Ер экин экиш учун тозалангани каби қалб ҳам илм учун тозаланади.
Илмнинг макони қалбдир. Маълумки, илм эзгулик ва нурдир. Киши илмни пухта эгаллаш учун қалбини турли хил маънавий иллатлар, жумладан кибр, ҳасад, гина, кудурат, ғийбат ва шу кабилардан тозалаши лозим. Ушбу камчиликлар бор қалбга илм яхши ўрнашмайди, тезда унутилади ёки бирон манфаат келтирмайди. Шунинг учун илм олишга киришаётган киши биринчи навбатда қалбини тозалаши, сўнгра яхши ният билан илм таҳслига ўтиши керак.
Бола ёшлигида хотираси кучли, қалби тоза ва беғубор бўлади. Бундай пайтда олинган илм ҳар тарафлама пишиқ ва мустаҳкам бўлади. Демак, ота-оналар бу борада масъулиятлироқ бўлсалар, фарзандларининг камолга етиб, олим бўлиб, дини ва юртига фойдасига тегадиган чин инсон бўлишида ҳисса қўшган бўладилар.
Одилхон қори Исмоилов