Олимлар рўза тутиш билан минг дардни даволаса бўлади, дейишади. Хусусан, рўза тутган одам ошқозон касалликлари, бўғинлардаги муаммолар, тузлар, тошлар, қон босими ва бошқа кўплаб касалликлардан холос бўлар экан.
Токио технологик университети олими Ёсинори Осуми вақтинчалик очлик, яъни рўзанинг касалликларга даво бўлиши ва танани яшартиришини илмий исботлаган. Япониялик бу олим аутофагия механизмларини кашф этгани учун 2016 йилда тиббиёт ва физиология соҳаси бўйича Нобель мукофоти совриндори бўлди (Аутофагия “ўзини ўзи емоқ” деган маънони англатади).
Аутофагия барча жонли мавжудотларда бўлади. Бу танани кераксиз чиқиндилар, бактериялар ва бошқа ҳужайралардан тозалаш қобилиятидир. Натижада организм нафақат тозаланади, балки эрта қаришдан ҳимоя қилинади, тана ёшаради.
Аутофагия қорин оч бўлганида фаоллашади. Ташқаридан емиш келмаганидан кейин ички манбалар кераксиз чиқиндилар, шунингдек, патоген бактериялар ҳисобидан энергия ишлаб чиқаришни бошлайди. Ҳайратланарлиси, ҳужайралар Аллоҳ иродаси билан шундай яратилганки, улар ўзларини ўзлари тозалаб туриш қобилиятига эга.
Мутахассисларнинг фикрича, инсон тўқ юрганда ҳужайралар фаол ишламас экан. Бу танамизда шлак ва кераксиз чиқиндилар йиғилишига сабаб бўлади. Оқибатда турли касалликлар урчийди. Инсон оч бўлганида ҳужайралар ўзини-ўзи тартибга солиш учун фурсат бўлади.
– Рўзадор одам оч қолганида организмидаги ҳужайраларнинг нобуд бўлган қисмлари утилизация қилинади, – дейди Тошкент тиббиёт академияси тадқиқотчиси Элёрбек Раҳматуллаев. – Организм барча инфекция ва токсинлардан тозаланади. Инсон организми оч қолганда ҳужайралар ичкарида тўпланиб қолган ахлатлар, ёғлар, шлаклар, гижжалар, хавфли ҳужайраларни “ёқиб” энергия ишлаб чиқаради. Шунингдек, эски ҳужайралар емирилиб, янгилари пайдо бўлишига замин яратади. Яна бир мисол, рўзадор одамнинг ошқозон ва ичак фаолиятида ўт суюқлиги камайиши кузатилади. Бу аъзоларида яраси бор кишилар дардига даво бўлади.
Кембриж университети ва Британия илмий-тадқиқот институти молекуляр нейрогенетика бўйича профессори Д.Рубинштейннинг сичқонлар устида ўтказган тажрибаларидан маълумки, уларда 24 соатлик очликдан сўнг мия ва бошқа бир қанча органлар, жумладан, жигар фаолияти яхшиланган. Тадқиқот очликдан фойдаланган ҳолда олиб борилди ва бу жараёнда ҳайвонлар узоқ яшади, соғломлашди.
Мутахассиснинг айтишича, агар саҳарлик ва ифторликда меъёрий тарзда, соғлом овқатланиш талабларига риоя қилган ҳолда рўза тутсак организмдаги касалликларга қарши иммунитетни кучайтириш, семизликка қарши монелик пайдо қилиш, тўқималарда тўпланиб қолган ортиқча моддалар ҳамда тузларни ҳайдашга ёрдам берган бўлар эканмиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси