«Эй имон келтирганлар, тақволи бўлишларинг учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди.
Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир. Мадори етмайдиганлар бир мискин кимсанинг (бир кунлик) таоми миқдорида фидя (эваз) тўлашлари лозим. Ким ихтиёрий равишда кўпроқ яхшиликлар қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши. Агар билсаларинг, рўза тутишларинг (фидя бериб, тутмаганларингдан) яхшироқдир» (Бақара, 183–184).
Ҳаётнинг лаззатини, ироданинг қийматини англаб етишга хизмат қиладиган Рамазон рўзаси илоҳий амрлар ичида нафсга энг оғир келадиган амалдир. Рамазон арабча «ар-рамад» сўзидан олинган, қуёш ҳароратининг жуда исиб, кўтарилганини англатади. Ойнинг «Рамазон» дейилишига сабаб, бу ойда тавба, солиҳ амал қилганларнинг гуноҳлари куйдирилади, йўқ қилиб юборилади. Ўзбек тилида рўза маъносини англатадиган арабча «савм», «сиям» сўзи луғатда нафс истакларидан ўзини тийишни билдиради. Атама сифатида эса, ният қилиб, нафснинг энг катта истаклари бўлган ейиш-ичиш ва жинсий алоқадан кун бўйи тийилишдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг ойда уч кун ва ашуро кунида нафл рўза тутардилар. Ҳижратдан бир йил ўтиб, қибла ўзгарганидан кейин шаъбон ойида Рамазон рўзаси фарз қилинди.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдин ўтган пайғамбарларнинг умматларига ҳам рўзани фарз қилган. Масалан, Одамга (алайҳиссалом) бийз кунлари (ойнинг 13-14-15 кунлари), Мусонинг (алайҳиссалом) қавмларига ашуро кунлари, насороларга ҳам рамазон ойида рўза тутиш буюрилган. Рўза шаҳватни кесади, нафснинг ҳою ҳавасларини мағлуб қилади. Турли ёмонликлардан, туғёнга кетишдан сақлайди. Рўзанинг бадан саломатлигига фойдалари бугун барчага яхши маълум. Аммо бу фойдалар рўзанинг фарз бўлиши сабаби ва ҳикмати ҳисобланмайди. Рўза фарз бўлишининг асл ҳикмати Аллоҳ таолонинг амрига бўйинсуниб, бандаликнинг завқини тотиш, руҳни риё асоратларидан поклаб, қувват ва ихлосни ошириш, нафсни енгиб, комилликка эришишдир.
«...саноқли кунларда». Яъни, сизга фарз қилинган рўза йилнинг саноқли кунларида – ўн икки ойдан фақатгина бир ойидадир. Ҳамда сизнинг саломатлигингизга зиён келтирмайдиган, тоқатингизни тоқ қилмайдиган шаклда, узрли бўлсангиз, маъзур кўрилиб, енгиллик беришни кўзда тутилган ҳолатда буюрилгандир.
«Бас, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, саноғи бошқа кунлардандир». Агар рўза тутиш сиҳатингизга жиддий зарар етказадиган даражада бемор ёки сафарда бўлсангиз, рўза тутмасликка рухсат берилади. Соғайгач ёки сафардан қайтганингиздан кейин, неча кун рўза тутолмаган бўлсангиз, шунча кун тутиб, зиммангиздаги фарз қазосини адо этасиз.
«Мадори етмайдиганлар бир мис кин кимсанинг (бир кунлик) таоми миқдорида фидя (эваз)тўлашлари лозим». Бу борада Ибн Абу Лайлодан қуйидагилар ривоят қилинади: «Рамазон рўзаси фарз қилинган дастлабки пайтда одамлар ҳали унга кўникмаган эдилар. Уларга кун бўйи оч юриш жуда оғир келарди. Шунинг учун рўза тутолмаганлар ояти кариманинг: «Мадори етмайдиганлар...» ҳукмига асосланиб, бир камбағални тўйдириш билан ўзларини фарзни адо этган ҳисоблаганлар. «Сизлардан ҳар ким у ойга шоҳид бўлса, рўза тутсин» мазмунли ояти карима тушгач, рўза тутмай, фидя беришга рухсат фақат беморлар ва мусофирларгагина тегишли бўлиб қолди. Қолган барчамиз рўза тутишга буюрилдик».«Мадори етмайдиганлар» қаторига жуда ҳам қартайиб, очликка тоқати етмайдиган қариялар ҳам киришига муфассирлар иттифоқ қилишган.
«Ким ихтиёрий равишда кўпроқ яхшиликлар қилса (лозим бўлганидан ортиқ фидя берса), ўзига яхши». Яъни, ким буюрилганидан ортиқроқ фидя берса, ўзи учун янада яхшидир. «Агар билсаларинг, рўза тутишларинг (фидя бериб, тутмаганларингдан) яхшироқдир». Фидя берганидан ёки қазони тутганидан кўра, қийин бўлса ҳам, вақтида рўза тутганларинг ўзларинг учун афзалдир. Агар рўзанинг фазилатини билганларингда, албатта, рўза тутмаслик жоиз бўлган ҳолатларда ҳам рўза тутган бўлардиларинг.
Қуртубий ва Ҳамдий
тафсирлари асосида
Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади
Самарқанд ва Бухоро бугун дунё туризмининг энг машҳур йўналишларидан бири ҳисобланади. Бироқ бу шаҳарлар минг йил аввал қандай кўринишда бўлган? Улар қандай иқтисодий қудратга эга эди, қайси халқаро савдо йўлларини боғлаган ва мусулмон цивилизацияси тараққиётида қандай ўрин тутган? Бу саволларга жавоб археологик топилмалар эмас, балки X асрда яшаган араб географи ва сайёҳининг бевосита кузатувларига асосланган асарида мужассам, хабар бермоқда iccu.uz. Энди мазкур нодир манба танқидий матн, қиёсий қўлёзмалар таҳлили ва илмий шарҳлар билан биринчи марта ўзбек китобхонига тақдим этилмоқда.
Глобал миқёсда маданий меросни сақлаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва цивилизациялар тарихи бўйича бирламчи манбаларни қайта тадқиқ этишга қизиқиш кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда яна бир муҳим академик нашр тайёрланмоқда. Машҳур араб географи ва сайёҳи Абу Исҳоқ Иброҳим ал-Истахрийнинг X асрда ёзилган "Китоб ал-масолик вал-мамолик" ("Йўллар ва мамлакатлар китоби") асари танқидий матн ва илмий изоҳлар билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўзбек тилида нашр қилинмоқда.
Нашр Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими томонидан амалга оширилган таржима ва кенг қамровли манбашунослик тадқиқоти натижасидир.
Марказ илмий ходими Равшан Худайбергановнинг қайд этишича, ушбу асар тарихий географияга бағишланган оддий рисола эмас. У X аср мусулмон оламининг сиёсий, иқтисодий ва маданий манзарасини акс эттирувчи энг муҳим бирламчи манбалардан бири ҳисобланади. Истахрий турли мамлакатлар бўйлаб саёҳат қилиб, шаҳарлар, савдо йўллари, аҳоли турмуш тарзи, иқтисодий муносабатлар ва давлат бошқарувига оид маълумотларни шахсий кузатувлари асосида қайд этган.
Айниқса, асарда Мовароуннаҳр ҳақида келтирилган маълумотлар бугунги тарихшунослик учун алоҳида аҳамият касб этади. Самарқанд, Бухоро ва минтақанинг бошқа шаҳарлари нафақат мусулмон Шарқининг муҳим маданий марказлари, балки Ипак йўли орқали Европа, Яқин Шарқ ва Осиёни боғлаган халқаро савдо тизимининг стратегик нуқталари сифатида тасвирланади.
Бугунги кунда тарихчилар қадимги шаҳарлар тараққиётини археологик маълумотлар, эпиграфик ёдгорликлар ва қўлёзма манбаларни ўзаро солиштириш орқали тикламоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Истахрий асари археологик далилларни тўлдирувчи бевосита катта илмий аҳамиятга эга.
Асар IX–XII асрларда Марказий Осиёда шаклланган ва кўплаб тадқиқотчилар томонидан Биринчи Ренессанс деб баҳоланувчи цивилизацион юксалиш даврини англашда ҳам муҳим манба вазифасини ўтайди. Бу даврда илм-фан, шаҳарсозлик, савдо, маданият ва маърифат юқори тараққиёт босқичига чиққан бўлиб, кейинчалик мусулмон цивилизацияси ва жаҳон илм-фани ривожига кучли таъсир кўрсатган.
Нашрнинг асосий илмий қиймати унинг танқидий матн асосида тайёрланганида намоён бўлади.
Равшан Худайберганов, Марказнинг Қадимий ёзма манбалар давлат реестрини юритиш бўлими илмий ходими:
– Мазкур асар X аср мусулмон оламининг тарихий географияси бўйича энг муҳим манбалардан биридир. Чунки унда нафақат Мовароуннаҳр, балки Хуросон, Эрон, Ироқ, Арабистон, Кавказ ва бошқа кўплаб ҳудудлар ҳақида ҳам маълумотлар жамланган. Шу боис бу асар бутун мусулмон цивилизациясининг ўша даврдаги ҳолатини ўрганиш имконини беради. Китобнинг илмий аҳамиятини янада оширадиган жиҳат — унинг танқидий матн асосида нашр этилганидир. Одатда қадимий манбалар бир ёки икки қўлёзма нусха асосида таржима қилинади. Натижада айрим матний фарқлар эътибордан четда қолиши мумкин. Ушбу нашрда эса манбашуносликнинг энг муҳим талабларидан бири бўлган қиёсий таҳлил усули қўлланилган.
Маълум қилинишича, тадқиқот давомида асарнинг араб тилида сақланган саккизта қўлёзма нусхаси ҳамда кейинчалик форс тилига қилинган таржиманинг ўнта қўлёзмаси ўзаро қиёсланган. Жами ўн саккизта қўлёзма таҳлил қилиниб, улар асосида муаллиф матнига энг яқин ҳисобланган танқидий матн қайта тикланган.
Манбашунослик нуқтаи назаридан бундай ёндашув халқаро академик амалиётда энг ишончли усуллардан бири ҳисобланади. Турли қўлёзмалардаги матний фарқларни солиштириш орқали асарнинг кейинги асрларда қандай таҳрирлангани, қайси маълумотлар қўшилган ёки ўзгарганини аниқлаш имкони пайдо бўлади.
Нашрнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, барча матний тафовутлар сатр ости изоҳларида келтирилган, тарихий шахслар, этнонимлар, топонимлар ва географик атамаларга оид кенг шарҳлар эса китобнинг изоҳлар қисмида жамланган. Бу жиҳат эса китобни кенг китобхонлар оммаси билан бир қаторда тарихчилар, шарқшунослар, этнологлар, географлар ва иқтисодий тарих тадқиқотчилари учун ҳам муҳим илмий манбага айлантиради.
Мутахассисларнинг фикрича, араб ва форс тилидаги қўлёзмаларни бир вақтнинг ўзида қамраб олган бундай кенг қамровли манбашунослик тадқиқотлари миллий академик муҳитда нисбатан кам учрайди. Шу жиҳатдан мазкур нашр нафақат бир қадимий асарнинг таржимаси, балки Ўзбекистонда манбашунослик мактабини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилувчи муҳим илмий лойиҳалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Бугун жаҳонда маданий меросни рақамлаштириш, қўлёзмаларни сақлаш ва уларни халқаро илмий муомалага киритиш долзарб вазифага айланган. Истахрийнинг "Китоб ал-масолик вал-мамолик" асари ҳам ана шу глобал жараённинг бир қисми сифатида Марказий Осиёнинг цивилизациялар тарихидаги ўрнини янада чуқурроқ англашга хизмат қилувчи муҳим илмий манба сифатида эътироф этилмоқда.
Тадқиқот натижаларидан кўринадики, минг йил аввал Мовароуннаҳр бўйлаб сафар қилган муаллифнинг кузатувлари бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Аксинча, улар тарихчиларга ўтмишни қайта тиклаш, географларга қадимги ҳудудларни аниқлаш, маданиятшуносларга эса халқлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни тадқиқ этишда ишончли асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шу маънода, "Китоб ал-масолик вал-мамолик" фақат тарихий ёдгорлик эмас, балки Марказий Осиёнинг Биринчи Ренессанс даврини илмий асосда англашга хизмат қилаётган долзарб академик манба сифатида ҳам аҳамият касб этади.
Дурдона Расулова
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати