Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Январ, 2025   |   7 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:32
Bismillah
07 Январ, 2025, 7 Ражаб, 1446

Ҳақиқий мўмин қандай бўлади?

27.04.2020   3337   3 min.
Ҳақиқий мўмин қандай бўлади?

Аллоҳ таоло ҳақиқий мўминларни бундай васф қилади: «Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган, Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни баркамол ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва)эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол сураси, 2–4-оят).

Демак, ҳақиқий мўминлар юксак сифатларга эга бўлган кишилардир: «...Аллоҳ (номи) зикр этилганида – дилларида қўрқув бўладиган...»
Банда доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан машғул бўлиши керак. Бу ҳақда Қуръонда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз! (Аҳзоб сураси, 41-42-оят); «Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!» (Бақара сураси, 152-оят).

Дарҳақиқат, мусулмоннинг бутун ҳаёти, қалби, тили, ўй-хаё­ли Аллоҳ таолога боғланган бўлади. Зикр бандани Раббисига энг осон ва тез яқинлаштирувчи йўлдир. Банда ўз Раббисининг зикри ила умр кечирар экан, ҳаёти осо­йишта ва хотиржам бўлади.

«...Оятлари уларга тиловат қилинганида – имонлари зиёда бўладиган...». Банда Қуръонни қанчалик кўп тингласа ва тиловат қилса, унинг маъноларини тафаккур қилса, имони шунча мустаҳкам бўлади.

«...Ўзларининг Парвардигоригагина (барча ишларида) таваккул қиладиган...». Аллоҳга таваккул қилиш ҳақиқий мўминнинг сифатидир. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Осмонлар ва Ернинг ғайбий сири (уларнинг илми) Аллоҳга хосдир. Барча иш Унгагина қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Унга таваккул этинг! Қилаётган ишларингиздан (эса) Раббингиз ғофил эмасдир» (Ҳуд сураси, 123-оят).

Мўмин банда ҳар бир иш Аллоҳнинг иродаси ила бўлишига имон келтиради, шу сабабли ҳар бир ишини Аллоҳга таваккул қилган ҳолда бажаради.

«...Намозни баркамол ўқийдиган...». Ҳақиқий мўминлар намозни бенуқсон адо этишади.

«...Ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир...». Мўмин қўлидаги барча нарса Аллоҳнинг унга берган омонати эканини билади. Шу боис, Аллоҳ рози бўладиган йўлларга сарф қилади, қўлидаги бойликнинг кўп ёки озлигидан қувонмайди, балки холис Аллоҳ йўлида сарфлаганидан севинади.

Аллоҳ йўлида сарф қилинган бойлик асло камаймайди, аксинча, янада кўпаяди. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли гўё бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (саво­бини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳ (карами)кенг ва билимдон Зотдир» (Бақара сураси, 261-оят).

Демак, ушбу оятнинг бошида келтирилган сифатларга эга бўлган мусулмон ҳақиқий мўмин номига лойиқдир ва улар учун «...Парвардигор ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)...».

Ҳақиқий мўминлардан бўлишни истаган банда ўз нафсини тафтиш этиши лозим. Зикр этилган сифатларнинг бандада мавжуд бўлиши мўминнинг комиллигидандир. Барчамиз Аллоҳ таоло ҳузуридаги улуғ даражаларга ана шу сифатлар билан эришишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Агар бандаларинг Сени кўрсалар

6.01.2025   1820   4 min.
Агар бандаларинг Сени кўрсалар

Мен иш столимга ўтириб, ўйга толиб қолдим. Кўзларим бирдан қоғозлар устидан турган қандайдир кичик бир нарсани кўриб қолди, у кунжут донасидай кичик эди. Ўзимча: "Фаррош столни яхши тозаламаган кўринади", деб ўйладим. Бармоқларимни узатиб, уни четга суриб ташлашга уриндим. Аммо ўша "кунжут донаси" қўлимдан қочиб, ҳавода учиб кетди. Шунда тушундимки, бу кичкина капалак экан. Эҳтимол, у ухлаётган ёки ҳорғин ҳолда дам олаётган бўлган, менинг қўлим яқинлашганини ҳис қилганида учиб кетди. Қизиғи, мен унинг қанотларини ҳам кўра олмадим. Унинг қанотлари шу қадар нозик эдики, гўё кўзга кўринмас эди! Ҳатто унинг боши қаерда, дум қисми қаерда – буни ҳам ажратиш қийин. Унда ҳаёт учун зарур бўлган барча тизимлар мавжуд, аммо инсон кўзи уларни кўра олмайди.
Ўзимча ўйладим: "Аммо унинг Яратувчиси уни кўради, озиқлантиради, сув бериб яшаш учун керак бўлган барча нарса билан таъминлайди!".

Шундан сўнг фикрларим узоққа кетди. Шу кичкина капалакларни яратиб, ҳавода парвоз қилдирган Зот осмон ишларини ҳам бир зум бўлса-да назоратсиз қолдирмайди. У учиш қобилиятини фақат капалакларга эмас, балки катта сайёраларга ҳам ўз орбиталари атрофида айланиш қобилиятини ато этган. Сайёралар ўз йўлидан оғишмайди ҳам, чалкашмайди ҳам. Аллоҳ таолонинг бир иш билан машғул бўлиши, Уни бошқа ишдан чалғитмайди.

Аллоҳ таоло айтади: (бир вақтнинг ўзида) ерга кириб борадиган ва у ердан чиқиб келадиган, осмондан тушадиган ва унга чиқиб кетадиган нарсаларни билади. У раҳимли ва мағфиратли Зотдир" (Саба сураси, 2-оят).
Ўзимга савол бердим: "Нега мен бу кичик капалак ҳақида бунча ўйладим?".
Билганимиздек, СПИД вируси (ОИВ) капалакдан етмиш минг марта кичик бўлса-да, гуноҳкорларнинг танига кириб, уларни қувватсизлантиради, шифокорларни ожиз қолдиради ва илмни ҳам лол қолдиради.

Биз инсонлар учун Аллоҳнинг яратиш ҳикматини кузатиб, Унинг сифатларини билиб олиш жуда зарур. Биз олдимиздаги, ортимиздаги, устимиздаги ва остимиздаги барча нарсаларнинг яратилиш сирларини ўрганишга муҳтожмиз. Агар биз бир-биримиз билан Аллоҳнинг яратиш қудрати ва унинг асарлари ҳақида суҳбатлар қурсак, мана шу мажлислар фаришталар излайдиган зикр мажлислари бўлади. Бундай мажлисларга фаришталар қувонч билан иштирок этишади.

Ҳадиси қудсийда бундай дейилади:
"Аллоҳнинг шундай фаришталари борки, улар ер юзини кезиб, зикр аҳлини қидиришади. Агар Аллоҳни зикр қилаётган бир қавмни кўрсалар, бир-бирига: "Келинглар, сизлар қидирганлар бу ерда!" – деб айтадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: "Фаришталар уларни ўз қанотлари билан осмонгача ўраб оладилар".
Аллоҳ таоло фаришталардан сўрайди (ҳолбуки У ҳаммасини яхши билади):
– "Бандаларим нима дейишмоқда?"
Фаришталар:
– "Сенга тасбеҳ айтишмоқда, Сени улуғлашмоқда, Сенга ҳамд айтишмоқда ва Сени буюк деб билмоқдалар", – деб жавоб беришади.
Аллоҳ таоло сўрайди:
– "Мени кўрганмилар?"
Фаришталар айтишади:
– "Йўқ, улар Сени кўрган эмаслар".
Аллоҳ таоло айтди:
– "Агар мени кўрсалар, нима қиладилар?"
Фаришталар айтишади:
– "Агар Сени кўрсалар, улар янада кучлироқ ибодат қилишар, Сени янада кўпроқ улуғлашар, янада кўпроқ ҳамд айтишар ва янада кўпроқ тасбеҳ айтишар эди"...

Аллоҳни яқиндан таниш учун тафаккур қилиш ибодатларнинг энг аълоси ва асосий кўринишидир. Қуръонда бундай дейилади: "(Улар) Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида ҳам зикр қилишади ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қилишади: "Эй Парвардигоримиз, Сен бу (осмонлару ерни) беҳуда яратган эмассан. Сени (бундай нуқсонлардан) пок деб билдик. Бизларни дўзах азобидан сақла", деб дуо қилишади (Оли Имрон сураси, 191-оят).

Зикр – бу онг ва ақлнинг жиддий вазифаси, у кишини ердан осмонга кўтаради. Ҳозирги замон кишилари икки тоифага бўлинади: бир тоифаси Аллоҳни тан олмайдиган атеистлардир, улар бир куни Аллоҳ билан рўбарў бўлишларига ҳам ишонмайдилар. Иккинчи тоифаси эса, Аллоҳни зикр қилишни билмайдиган ва буни ўзгаларга ўргата олмайдиган мусулмонлардир. Улар Аллоҳни танийдилар, аммо бу таниш фақат юзаки бўлиб, уларнинг на қалбларини поклайди ва на тарбияларини тўғрилайди.

 Шайх Муҳаммад Ғаззолийнинг "Аччиқ ҳақиқат" китобидан
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ таржимаси