Фотиҳа сураси етти оятдан, йигирма етти сўз ва бир юз қирқ ҳарфдан иборатдир. Ибн Аббос, Қатода ва Абул Олия Фотиҳа сураси Маккада нозил бўлган, дейди. Фотиҳа сурасининг номи кўплиги унинг шарафи ва фазлининг юқорилигига далилдир. Фотиҳа сураси билан намознинг ҳар бир ракати аввалида ўқилиши ва Қуръони карим у билан бошлангани учун “Фотиҳа” (очувчи) деб номланади.
Анас, Ҳасан ва Ибн Сирин бу сурани “Уммул Китоб”, яъни Китоб (Қуръон) онаси дейишган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн Қуръоннинг онасидир, Китобнинг онасидир ва етти такрорланувчидир”, дедилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Ушбу сура “Шифо” деб ҳам номланган. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Фотиҳатул Китоб – ҳар бир заҳарга шифодир”, дейилган (Имом Доримий ривояти).
Бу сура “Руқия” деб ҳам номланади. Сўфён ибн Уйайна Фотиҳани “Воқия”, Яҳё ибн Аби Касир эса “Кофия” деган. Яна у “Намоз ва хазина” ҳам дейилади. Бу ҳақда Имом Замахшарий “Кашшоф” тафсирида келтирган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Фотиҳатул Китоб – Аршимнинг хазиналаридан бир хазинадир”».
Саъид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ибн Аббосдан розияллоҳу анхудан: “Ва, батаҳқиқ, сенга етти такрорланувчи (етти оятли Фотиҳа сураси)ни ва Буюк Қуръонни бердик” ояти ҳақида сўрадим.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “У Қуръоннинг онаси. Аллоҳ азза ва жалла Расулуллоҳ соллаллоҳу алай ҳи васаллам уммати учун хослаб, улар учун сақлаб қўйган ва уларга берган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдин ҳеч кимга бермаган” деб жавоб берди (Имом Ҳоким ривояти).
Бугун, 15 ноябрь куни "Бағрикенглик ҳафталиги" доирасида "Ўзбекистон – бағрикенг диёр" мавзусида халқаро илмий-амалий конференциянинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Русланбек Давлетов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмитаси раиси Содиқжон Тошбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори академик Акмал Саидов қатнашди. Шунингдек, хорижий мутахассислар, дипломатик корпус вакиллари, диншунос-экспертлар, исломшунослар, шунингдек, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, диний конфессия етакчилари ва миллий маданий марказлар вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба ёшлар иштирок этди.
Сўзга чиққан нотиқлар томонидан турли маданият ва дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, улар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Ўзбекистон тажрибаси юксак эътироф этилди. Кўп миллатли халқимиз қадимдан бағрикенглик ва меҳмондўстлик фазилатлари билан танилгани, қайси жамиятда аҳил-иноқлик мустаҳкам қарор топган бўлса, ўша жамиятда ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатлар ривожланиши, инсонлар тинч ва осойишта ҳаёт кечиришини алоҳида таъкидладилар.
Очилиш маросимидан сўнг конференция ўз ишини учта шўъбада давом эттирди. Ҳар бир шўъбада диний бағрикенглик, ижтимоий барқарорлик, таълим ва маънавий-маърифий жараёнларга оид долзарб мавзулар атрофлича муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати