Аллоҳ таоло Ўз каломи Қуръони каримнинг Қалам сураси 4- оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мақтаб шундай марҳамат қилади:
“Албатта, сен буюк хулқ узрасан”.
Уламоларнинг таъкидлашларича инсон ҳаёти давомида кўплаб муаммолар ва одамлар билан ўзаро низоларга боришининг энг катта сабаби бу – ахлоқида кўплаб нуқсонлар борлигидадир.
Бугунги замонавий илм-фан тадқиқотлари ҳам бу фикрни қўллаб қувватламоқда.
Яқинда АҚШнинг Шимолий Каролина Дюк университети тиббиёт маркази профессори Свитен Бойл ўзининг кўп йиллик илмий изланишлари натижасини эълон қилди: “Биз феъл-атвор (ахлоқ) соғлиққа таъсир кўрсатишини илмий жиҳатдан асосладик ва бу таъсирнинг даражасини ҳам тўлалигича англадик” – дейди профессор.
Унга кўра, узоқ яшаш учун одам салбий иллатлардан воз кечмоғи, атрофидагиларга кўпроқ яхшилик қилмоғи лозим экан. Профессор бугун узоқ йиллик тадқиқотлар натижасида аниқлаган маълумотлар динимизда бундан бир ярим минг йил аввал таъкидлаб ўтилган.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким умрининг узайишини, ризқининг зиёда бўлишини истаса, ота-онасига яхшилик ва қариндошларига силаи раҳм қилсин”, дедилар”
Хўш, қандай сабаблар инсонни аста-секинлик билан таназзулга олиб келади?
1-САБАБ. Салбий муносабат. Ҳаётга ва атрофдагиларга салбий муносабатда бўлиш – яширин душманлик ҳисси билан яшаш, дегани. Бундай одамлар бошқаларни ёқтирмайди. Доимо яқинлари уларга нотўғри муносабатда бўлаётганидан нолийди. Аслида бундай одамларнинг ўзи атрофдагиларга нисбатан янглиш муносабатда яшайди! Натижада юрак, қон-томир, қандли диабет касалликларига чалиниш мумкин. Асабийлашиш оқибатида иммун тизимида салбий ўзгаришлар юз беради.
Аввало, қандай вазият бўлишидан қатъий назар бу дунёда барча нарса ўткинчи эканлигини АНГЛАБ яшаш лозим. Имом Ғаззолий таъкидлаганларидек: “Биз билан нима рўй бермасин у албатта ўтиб кетади”.
2-САБАБ. Мақсадсизлик. Яшашдан мақсад бўлмаса, умр қисқа бўлади. Яшашдан маъни йўқ, деб ўйлаган одамлардан кўра, мақсад сари интилувчанларнинг иммун тизими ва юраги бақувват бўлади. Уларнинг саломатлигига даромадининг миқдори ҳам, одамларнинг салбий муносабати ҳам таъсир қилмайди. “Ҳаётдан мақсад сари фойдаланиш лозим” – дейди Бойл. “Акс ҳолда, қисқа умр кўриш эҳтимоли кучаяди. Аввалига интеллектуал, кейин эса жисмоний ўлим юз беради. Мақсадсиз яшаш – ақлнинг заифлашувига олиб келади. Руҳий касалликларнинг ривожланиш эҳтимоли 50 %га ошади. Демак, нима учун яшаётганингизни дарҳол аниқланг!
Фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари, инсоннинг бу дунёда яшашдан мақсади нима деган саволга қуйидагича жавоб қилган эканлар: “Яшашдан мақсад, Аллоҳ таолога бўлган иймоннинг ер юзида қарор топишига ҳисса қўшиш. Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш. Ушбу ҳар бир инсон учун шараф бўлган ишларни амалга ошириб икки дунёнинг саодатига эришиш”.
3-САБАБ. Жиззакилик. Жиззаки, айниқса арзимаган сабаб туфайли кўп асабийлашадиганлар, доимо жазавага тушадиганлар ўзларини “еб битиришади”. Шунинг учун тинчланиш даркор! Унутманг асабларнинг тикланиши учун 10 йил керак бўлар экан.
Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломдан насиҳат сўради: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга насиҳат қилиб ушбу оятни ўқидилар: “Авф-марҳаматли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг”. (Аъроф, 199).
Жиззакилик ҳам жоҳилликнинг бир тури.
4-САБАБ. Тартибсизлик. Иш столингиз, автомобиль салонингиз, хонангиз доимо бетартибми? Кўп кеч қоласизми? 9000 киши иштирокида ўтказилган 20 дан ортиқ илмий тадқиқотлар натижаси тартибсизлик – умрни қисқартиради, деган хулосани берди.
Тартиб динимиз биздан талаб этадиган асосий омиллардан биридир. Биз барча нарсани тартиб вва интизом билан бажаришга чақирилганмиз. Ҳатто, намозни ҳам тартиб билан адо этамиз.
Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти, “Мажмаъу-з-завоид”; Суютий, “Ал-жомеъ ас-сағир”).
Қолаверса тартиб бор жойда поклик бўлади, поклик эса ИСЛОМнинг устунларидандир.
5-САБАБ. Тушкунлик. Узоқ давом этган стресс, қаттиқ ҳаяжон умрни қисқартиради. Қон босимининг кўтарилиши, юракнинг тез-тез безовта бўлиши, сурункали шамоллаш – тушкунлик аломатлари. Бирор мусибат етганда ёки яқинингиз ўлганидан кейин тақдирга тан бермасдан, тушкун ҳолатда асабийлашиш саломатлик учун жиддий зарар. Ғам-қайғуларни унутиш керак!
Одатда ғам-қайғу ва тушкунлик Аллоҳнинг қадарига рози бўлмасликдан, ношукрликдан келиб чиқади. Агар биз Аллоҳнинг неъматларига шукр қилсак, Қуроъни каримда “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” дея вада қилинганидек, яна ҳам зиёда бўлади. Аксинча, ношукрлик қилиб, итоатсизлик ила, қайтариқларидан қайтмасак, оятнинг давомида марҳамат қиладики: “Борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим, 7).
Тиб илмининг улуғ устозларидан бўлган ватандошимиз Абу Али ибн Сино ҳазратлари ҳам ушбу оятдан шундай хулоса қилган: “Инсондаги кўплаб дардлар руҳий мувозанатнинг бузилишидан келиб чиқади. Руҳий мувозанат эса аксарият ҳолда ношукрлик туфайли бузилади”.
6-САБАБ. Дам олмаслик. Дам олмаслик, шу жумладан, таътилга чиқмасдан ишлаш, тинимсиз равишда компьютер қаршисида ўтириш зиён! Шунинг учун, ҳафтада биир кун, йилда бир бор берилган таътилда бир ой тўлиқ дам олинг! Табиат қўйнида кўпроқ вақт ўтказинг.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида бундай деб марҳамат қилади:
“Аллоҳ ҳеч бир жонга имкониятидан ташқари нарса юкламас” (286-оят).
Аллоҳ таоло биз бандаларига раҳм-шафқат ва меҳр билан вазифа юклаганда, биз ҳам танамизга раҳм қилайлик. Уни то тугаб, яроқсиз ҳолатга келгунга қадар қийнаб ишлатмайлик. Базан жамиятда кимларгадир ёқиш мақсадида тинимсиз “меҳнат” қилиб, қолганларни ҳам шунга тарғиб этаётган, “озгина дам олинг” десангиз “қабрда дам оламиз” дейдиганлар ҳам учраб туради. Бундайларга ҳам уламолар дам олишни маслаҳат бериб: қабрда дам олинмаслигини, у ерда Аллоҳ таоло берган неъматларнинг жавобини бериб, маҳлум ҳолатда ётишини шунингдек, тана ҳам инсонга омонат берилганлигини таъкидлашган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирганларида, ҳузурларида бир аёл бор эди. У зот:
“Бу аёл ким?” – дедилар.
“Фалона”, дея унинг намози ҳақида гапира кетдилар.
“Бас! Сизлар тоқатингиз етадиган нарсани лозим тутинглар. Аллоҳга қасамки, сиз малол олмагунингизча Аллоҳга малол келмайди. Диннинг Аллоҳга маҳбуби, соҳиби унда бардавом бўлганидир”, – дедилар”.
7-САБАБ. Ёлғон ва хиёнат. Кўп ёлғон гапирадиганларнинг ошқозон ости бези ва юрак қон томир тизимида жиддий муаммолар вужудга келар экан. Шунингдек хиёнат қиладиганларда сурункали касалликлар ва хавфли дардлар ривожланиш эҳтимоли кўпроқ бўлар экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: “Мўмин киши табиатида ҳар бир хислат бўлса ҳам, лекин хиёнат ва ёлғончилик бўлмайди”.
Манбалар асосида Саидаброр Умаров тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Билим ҳар бир инсон учун бирдек зарурдир. Бироқ у тўғри ва тартибли олинмаса, кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Кейинги вақтда ҳар ким ўзига керакли маълумотларни интернет ва ижтимоий тармоқлардан олган ҳолда ўзи билганича илм ўрганиш, тасдиқланмаган хулосаларга риоя қилиш ҳолатлари кўпайиб кетди. Бу иллатлар эса ўз навбатида ҳақиқий билимлар қадр-қийматига путур етказиб қўймоқда. Қуйида илмни устоздан олиш ҳақиқатига оид баъзи далилларни келтириб ўтдик.
Қуръоний далиллар
1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда билмайдиганларга биладиганлардан сўрашни буюрди: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлларидан сўранглар» (Анбиё сураси, 7-оят).
2. Қуръони Карим Аллоҳ таоло томонидан умматнинг ҳидояти ва илми учун нозил қилинган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тушунтиришларисиз Қуръон маъноларини тўлиқ ва бехато англаб бўлмас эди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бундай марҳамат қилади: «(Биз пайғамбарларни) ҳужжатлар ва китоблар билан (юборганмиз). Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» (Наҳл сураси, 44-оят).
Ҳадисий далиллар
3. Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар (Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
«Саҳиҳу Бухорий»га шарҳ ёзган машҳур муҳаддис Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни бундай изоҳлайди: «Демак, ишончли илм фақат пайғамбарлар (анбиё) ва уларнинг ворисларидан (уламолардан) олинган илмдир». Аллома Айний раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу ҳадисни шундай шарҳлаган.
4. Аллома Шотибий раҳимаҳуллоҳ бу фикрга урғу бериб ёзади: «Бунинг далили яна бир ҳадисдир: «Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумо айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидан илмни бирданига суғуриб олмайди. Балки илмни уламоларнинг жонини олиш билан тортиб олади. Ниҳоят, бирорта олим қолмагач, одамлар жоҳилларни бошлиқ қилиб олишади. Кейин улар сўралганларида, жоҳилларга хос равишда фатво беришади. Натижада улар адашадилар ва адаштирадилар», деганларини эшитдим» (Бухорий ривояти).
Яна бундай ёзади: «Шундай экан, илм калити – унинг кўтариб юрувчилари эканига шубҳа йўқ» («Адаб ал-ихтилаф», 174-бет).
5. Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида Имом Аҳмаднинг «Муснади»дан бир парча келтиради, унда бундай дейилади: «Албатта, илм аҳлининг тарк этиши – айнан илмнинг кетишидир» («Фатҳул-борий»).
Пайғамбарлар алайҳимуссаломдан мисолар
6. Айтилишича, Довуд алайҳиссалом пайғамбар бўлгунларига қадар Луқмон Ҳакимдан кўп илмлар ўрганганлар («Тафсир ал-Қуртубий»).
7. Луқмон Ҳаким ўғлига бундай насиҳат берган: «Ўғлим, олимларга яқин ва доимо улар билан бирга бўл. Албатта, Аллоҳ таоло ерни ёмғир билан тирилтирганидек, қалбларни ҳикмат билан тирилтиради» («Жомиъу баёнил илм»; «Маъолим иршодия», 164-бет).
8. Мусо алайҳиссаломнинг Ҳизр алайҳиссаломдан илм олганлари маълум.
9. Юшаъ ибн Нун алайҳиссалом пайғамбарлик келишидан олдин узоқ вақт Мусо алайҳиссаломнинг ёрдамчиси вазифасини бажарганлар, уларнинг хизматида бўлганлар.
Салафи солиҳларнинг сўзлари
10. Шунингдек, тобеинлар даврида ким бирор илми борлигини даъво қилса, ундан бу илмни кимдан олгани сўралган (Муслимнинг «Саҳиҳ» асари кириш қисми).
11. Машҳур муҳаддис Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Тақйидул илм» асарида бундай ёзади: «Кўплаб олимлар вафот этишларидан олдин ўзларининг айрим китобларини йўқ қилишди ва бошқаларга ҳам шундай қилишни буюришди. Улар бу китоблар ҳукмларни тушунмайдиган ва китобдан фақат ташқи маъноларни оладиган жоҳиллар қўлига тушиб қолишидан қўрқиб шундай қилдилар».
Кейин бу ишни Имом Обид Салмоний, Имом Шўъба ибн Ҳажжож, Имом Абу Қилоба ва Имом Исо ибн Юнус раҳимаҳуллоҳ кабилар қилганини айтиб ўтди (61–62 бетлар).
12. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга масжидда илм мажлисида ўтириб, фиқҳий масалалар ҳақида баҳслашаётган бир гуруҳ одамлар ҳақида хабар берилганида, у киши: «Уларнинг устози борми?» деган саволларига «йўқ» деган жавоб бўлганда: «Бу одамлар ҳеч қачон фиқҳни эгалламайдилар» деганлар (Шайх Муҳаммад Аввома. «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет ва «Маъолим иршодия», 163-бет; «Ал-Фақиҳ вал Мутафаққиҳ», 2-жилд, 83-бет).
13. Бир куни Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан «Киши илм олишда олимлар билан суҳбатлашмасдан, фақат китоб ўқиб қаноатланса илм олади-ми?» деб сўрашди. Имом Молик рад жавоб берди ва бундай деди: «Илм фақат уни ёд олган, олимларга ҳамроҳ бўлган, ўз илмига амал қилган ва тўғрисўз ҳалол кишидангина олинади» («Адаб ал-ихтилаф», 165-бет; «Маъолим Иршодия», 163-бет).
14. Ибн Рушд раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Қадим замонларда билим одамларнинг қалбида бўлган. Кейин у китобларга ўтказилди, аммо калитлар ҳали ҳамон одамларнинг қалбида қолмоқда. Шу сабабли, талаба, албатта, унга мунозаралар ва тушуниш йўлларини очадиган мураббийга муҳтож» («Адаб ал-ихтилоф», 174-бет; «Маъолим иршодия», 174-бет).
15. Хатиб Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Ҳар бир талабанинг қийин саволларга жавоб олиш учун мурожаат қилиши мумкин бўлган устози бўлиши керак» («Ал-Фақиҳ вал-мутафаккиҳ», 2-жилд, 83-бет; «Ан-Насиҳа ёки Аҳлил-Ҳадис», 259-бет).
16. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Агар ўқувчига илм сирларини очиб (тушунтириб) берадиган олим бўлмаса, китобларнинг ўзи ҳеч қандай фойда келтирмайди. Бу ҳаммага маълум ҳақиқат» («Адаб ал-ихтилаф», 178-бет).
Салафи солиҳларнинг тутган йўли
17. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Баъзи шогирдлар ўттиз йил давомида ўқитувчиларининг дарсларида қатнашган» («Адаб ал-ихтилаф», 171-бет).
18. Шунчаки бир неча дарсларга қатнашиш (бугунги кунда одатий ҳолга айланган) «мулозама» – қатъиятлилик ҳисобланмайди («Маолим иршодия»даги изоҳлар, 177-бет).
19. Ҳанафий фақиҳи Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ баён қилади: «Илмга мунтазам мурожаат қилмасдан, доимий изланиш ва устозсиз эришиб бўлмайди» («Адаб ал-ихтилаф», 172-бет).
20. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ўз даврида машҳур бўлган ва омма томонидан қабул қилинган ҳар бир таниқли олимнинг ўз даврида мурожаат қиладиган устозлари бўлган» («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
21. Илм йўлидаги сафарлар.
Бу ерда муҳокама қилинадиган асосий жиҳат, салафларнинг илм йўлида сарсон-саргардонликда ўтказган узоқ муддатларидир:
1). Имом Боқий ибн Маҳлад раҳимаҳуллоҳ илм излаб икки марта сафарга чиқдилар. Уларнинг биринчиси 14 йил, иккинчиси эса 20 йил давом этди («Сафоҳат мин сабрил улама», 60-бет).
2). Имом Ибн Манда раҳимаҳуллоҳ 45 йилни уйларидан узоқда ўтказдилар («Сафоҳат мин сабрил улама», 65-бет).
3). Имом Яъқуб ибн Суфён Фасави раҳимаҳуллоҳ: «Мен 35 йилдан бери сафардаман», деганлар («Сафоҳат», 61-бет).
22. Дунё кезиб илм излаган олимлар
Толиби илмлар сафарлари чоғида бирорта олим бўлган ҳеч бир шаҳар, қишлоқ ёки шаҳарчани эътибордан четда қолдиришмаган.
1). Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ҳақида бундай ёзадилар: «Муснад»ини тузишдан олдин бутун (Ислом) дунёсини уч марта кезган («Саид ал-Касир»; «Сафаҳат мин сабрил улама», 54-бет) .
2). Ибн Муқрий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Шарқдан ғарбга тўрт марта сафар қилдим ва ўн марта Байтул Мақдисни зиёрат қилдим» («Сафоҳат мин сабрил улама», 64-бет).
23. Фақат битта устоз эмас!
Салафлар ҳеч қачон бир-икки устоз билан чекланишмаган. Уларнинг муаллимлари баъзан минглаб ададни ташкил қилган.
1). Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ: «Мен 1080 устоздан ҳадис ёздим», деганлар («Ҳадю ас-сарий», 670-бет).
2). Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Тахминан 2 мингдан ортиқ устоздан ҳадис ёзиб олдим» («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 921-бет).
3). Ибн Манда раҳимаҳуллоҳнинг 1700 нафар устози бор эди («Тазкиратул-хуффоз», 3-жилд, 1032-бет).
4). Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ 4 минг устоздан илм олган («Тазкиратул-ҳуффоз», 1-жилд, 276-бет).
5). Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг биргина тобеъинлардан 4 минг нафар устози борлиги хабарларда келган (Ибн Ҳажар Ҳайсамий «Ал-Хайратул-ҳисон»; «Асорул-ҳадис», 176-бет).
6). Ҳофиз Ироқий раҳимаҳуллоҳ Имом Қосим ибн Довуд Бағдодий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ёзади: «У зот: «6 минг шайхдан ҳадис ёздим», дедилар («Сафоҳат»га изоҳ, 64-бет).
24. Замонамизнинг беқиёс муҳаддиси Шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ «Адабул ихтилоф» китобида алоҳида таъкидлаб бундай ёзади: «Улар (уламолар) устози бўлмаган кишига ҳеч қачон эътибор бермаганлар ва бундай кишини ҳатто у билан гаплашишга ҳам лойиқ кўрмаганлар, чунки у хато қилишга мойил эди».
25. Абу Жаъфар Довудий ўз даврининг нуфузли уламоларининг фикрига эътироз билдирганда, улар бундай жавоб бердилар: «Овозингизни ўчиринг! Сизинг устозинг йўқ!» («Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
26. Шайх Аввома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ҳар бир инсоннинг насл-насаби бор. Талаба ўз билими учун ўқитувчиларидан олинадиган насл-насабга ҳам муҳтож. Ўқитувчиси бўлмаган киши, кимлиги бетайин ва насл-насаби номаълум одам кабидир. Унинг ҳеч қандай қадри ҳам, вазни ҳам йўқ» («Олтин қўлланма», Англия, 8-бет; «Маъолим иршодия», 160-бет ва «Адаб ал-ихтилаф», 164-бет).
Хатоларнинг келиб чиқиш сабаби
27. Муҳаммад ибн Сирин, Ҳакам ибн Атийя ва Воқий ибн ал-Жарроҳ раҳимаҳуллоҳ сингари имомлар Бани Исроилнинг адашиб кетишларига асосий сабаб ота-боболаридан қолган китоблардир, деганлар («Тақйид ал-илм», 61-бет).
28. Дарҳақиқат, илмларнинг жамланиши ҳам одамларнинг уламолар дарсларига кам қатнаша бошлагани сабаб бўлгани учун Имом Авзоий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: «Илм илмли кишиларнинг оғзидан чиққанида улуғ эди. Лекин у китобларга кўчганида нури (илоҳий нури) йўқолди» («Тақйид ул-илм», 64-бет).
Бошқа ривоятда бундай дейилади: «...китобларга кирганида, унга ҳуқуқи бўлмаганлар унга йўл олишди!» («Сунани Доримий», 467-ҳадис).
Эслатма! Юқорида келитирилган икки иқтибосдан мақсад китобларни ўзбошимча ўрганиш нотўғри эканини исботлаш ва китобларни билимдон устоз ҳамроҳлигида ўрганиш кераклигини тушунтиришдир.
29. Шайх Муҳаммад Аввома айтади: «Олимлардан илм олмаган, уларнинг ҳузурида узоқ вақт бўлмаган, одатларини ўзлаштира олмайдиган одамдан қандай ҳурмат кутиш мумкин? Бундай одам олимларнинг қадрини қандай тан олади? Шунинг учун, бундай одамларнинг олимларни танқид қилиши ажабланарли ҳолат эмас! Кимки уламолар мажлисларига қатнашса, ҳақиқатдан ҳам уларни ҳурмат қила бошлаши кафолатланади» («Адаб ал-ихтилоф», 172-бет; «Маъолим иршодия», 172-бет).
30. Аллома Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кимки илмни фақат китобдан олган бўлса, ўзгаларни йўлдан оздирувчилардан бўлибди» («Фатво Ҳадисия»; «Адаб ал-ихтилаф», 165-бет).
31. Имом аш-Шотибий раҳимаҳуллоҳ ёзади: «Суннатга қарши бўлган аксарият бузуқ тоифа ва гуруҳларнинг ҳеч қачон тайинли устози бўлмаган («Адаб ал-ихтилаф», 176-бет).
32. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Эй биродарим! Ушбу олтита асоссиз ҳаргиз билимга эга бўлмайсиз: Сабаб, истак, қашшоқлик, саргардонлик, муаллим ва узоқ муддат устоз назорати остида ўтказилган машғулотлар» («Адаб ал-ихтилоф», 162-бет; «Маъолим Иршодия», 174-бет).
Хулоса
33. Бугунги кунда айрим одамларнинг диний илмларни мустақил равишда ўрганиши урф бўлмоқда. Энг ёмони, баъзилар ҳеч қандай устоз ёки соҳадаги малакали мутахассиснинг назоратисиз «фатво» ёки «мақола»ларини ўқиб олиб, ўзича илм тарқатмоқда.
Аллоҳ таоло муҳтарам устозларимизнинг умрини зиёда қилсин, уларнинг илмидан фойдаланишимизга тавфиқ ато этсин.
Даврон Нурмуҳаммад
«Ҳилол» журнали 5 (62) сон