Намозда қироат масаласи
4.01.2025
3568
2 min.
Ҳанафий мазҳабимиз фиқҳ китобларида намоздаги қироатга доир масалалар, шунингдек, қироат ҳамда алоҳида боб ёки фаслларда батафсил баён қилинган. Чунки қироат намоз ичидаги фарзлардан биридир. Намозда қироат мукаммал бўлмоғи зарур.
Фиқҳ китобларимизда, шунингдек, намозга тегишли илмларни ўқиб-ўрганиш тунги нафл (таҳажжуд)нинг савобидан ортиқроқ ва афзал экани ҳам таъкидланган.
Биз “Ҳидоя”, “Мухтасарул-виқоя”, “ал-Ихтиёр”, “Маслакул-муттақийн” ва бошқа ўнлаб ҳанафий мазҳабимиз фиқҳ китобларида баён этилган намозда Қуръон оятларини хато қилмасликка доир масалаларни ва фатволарни жамлаб, икки қисмли китоб қилинади.
Китобнинг 1-қисми беш вақт намозда зам сура қилиб ўқиладиган оятлар қироатида юз берадиган хатоликларга доир муҳим маълумотлар тўпланди. Қуйида шу китобнинг 1-қисмидан парча ҳавола этмоқдамиз:
- Намозхон Масад сурасининг “Таббат ядаа абии Лаҳаб” (تبت يدا أبي لهب ) жумласини “Таббат адаа аби Лаҳаб” (تبت أدا أبي لهب ) деб ўқиса, намози бузилади.
- Қурайш сураси қироатида “Риҳлата-ш-шитаи ва-с-сойф” (رحلة الشتاء والصيف) жумласидаги “сойф” (صيف) ни “сийн” (س) билан “сайф” (سيف) деб ўқиса, намози бузилади.
- Шунингдек, мазкур жумладаги “шитааун” (شتاء) сўзини “то” (ط) ҳарфи билан “шитоун” (شطاء) деб ўқиса, намози бузилади.
- Мазкур сура охиридаги “…каъасфин…” (كعصف) сўзининг (ҳарфлари ўрнини алмаштириб) “каъафсин” (كعفص) деб ўқиса, намози бузилади.
- Маъун сураси қироатида “…ядуъъу-л-ятийм” (يدع اليتيم) жумласини “…ядуу-л-ятийм” (يدع اليتيم) деб “айн”ни ташдидсиз (яъни, битта қилиб) ўқиса, намози бузилмайди. Лекин “дол”ни сукунли қилиб “ядъу-л-ятийм” (يدع اليتيم) деб ўқиса, намози бузилади.
- Фалақ сураси қироатида “ва мин шарри ғосиқин изаа вақаб” (ومن شر غاسق إذا وقب) жумласидаги “ғосиқин” сўзини “фосиқин” деб ўқиса, намози бузилади.
- Наас сураси қироатида “…Мина-л-жиннати ва-н-наас” жумласини “мина-л-жинната” деб насб қилиб ўқиса, намози бузилади.
- Фийл сурасидаги “…кайдаҳум фий тазлийл” (كيدهم في تضليل) жумласини “Зо-изғи” (ظ) ҳарфи билан ўқиса, баъзи уламолар “намоз дуруст бўлмайди”, дейишган.
- Тийн сураси бошланишида “Ва-т-тийн” сўзини “то-итқи” (ط) ҳарфи билан ўқиса, намози бузилади.
- Ихлос сурасининг “Қул ҳуваллоҳу аҳад” (قل هو الله احد) жумласидаги “аҳад” (احد) сўзини “те” (ت) ҳарфи билан “аҳат” (احت) деб ўқиса, намози бузилади.
Давоми бор...
Имом Сарахсийнинг “Муҳит” асари ва бошқа манбалар асосида
ЎзРФАШИ катта илмий ходими, ТошДШУ доценти
Баҳриддин УМУРЗОҚОВ тайёрлади.
МАЪЛУМОТНИ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДА УЛАШИНГ