Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
03 Июл, 2025   |   8 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:10
Қуёш
04:55
Пешин
12:32
Аср
17:42
Шом
20:04
Хуфтон
21:40
Bismillah
03 Июл, 2025, 8 Муҳаррам, 1447

Ўзбекистон халқаро ислом академияси жамоасининг касбдошларга МУРОЖААТИ

01.04.2020   2564   2 min.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси жамоасининг касбдошларга МУРОЖААТИ
Азиз касбдошлар!
 
Бугун инсоният мисли кўрилмаган оғир синовни бошдан кечирмоқда. Кўз илғамас қаттол хатар барчага бирдек таҳдид солмоқда. Охирги кунларда заминимизда содир бўлаётган ташвишли воқеалар ҳар биримиздан ҳушёрлик, сабр-қаноатли бўлишни талаб қилади. Зеро, “Коронавирус” деб аталмиш офат Аллоҳнинг энг мукаррам хилқати – инсон ҳаётига чанг солмоқда. Бу офат туфайли юзлаб одамлар қурбон бўлмоқда.
 
Воқеаларнинг бундай ривожи умумий душманга қарши бир тан, бир жон бўлиб курашишни ҳаётий заруратга айлантирмоқда.
 
Тарих далолат берганидек, айни шундай шароитларда ҳар қандай халқ ва миллат маънавиятининг туб моҳияти рўёбга чиқади, унинг ҳақиқий ҳикмати – донишмандлиги ўзини баралла намоён этади. Турли мамлакатларда кечаётган бугунги жараёнлар ушбу ҳақиқатни такрор ва такрор исботламоқда. Тобора глобаллашиб бораётган бугунги дунёда ҳеч бир юрт ва миллат ҳаётнинг мазмун-моҳиятини белгиловчи умумий жараёнлардан ташқарида қололмайди. Ўзбекистон ҳам ушбу қонуниятдан мустасно эмас, албатта. Халқпарвар Президентимиз раҳбарлигида юртимизда вазият тақозо этаётган зарур чоралар кўрилмоқда. Умид қиламизки, улар кўзланган эзгу мақсадларни рўёбга чиқаради.
 
Лекин вужудга келган оғир вазиятни енгиш фақатгина давлатнинг иши эмаслиги, балки умуммиллий вазифа эканини яхши идрок этишимиз лозим. Бугун Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифларда тараннум этилган ва халқимизнинг қону жонига сингиб кетган инсонпарварлик ва меҳр-мурувват каби фазилатларни намойиш этиш палласи келди. Бизга ризқ қилиб берилган неъматларнинг бир қисмини хайр-эҳсон қилиш ва бир-биримизга наф келтириш энг олий инсоний бурчимизга айланди.
 
Мамлакатимизда амалга оширилаётган хайрли тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва вужудга келган мураккаб вазиятда халқимизнинг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатилаётган инсонпарварлик ёрдамига ҳисса қўшиш маъносида жамоамиз аъзолари якдиллик билан бир кунлик иш ҳақини коронавирусга қарши курашда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга кўмаклашиш учун таъсис этилган Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди ҳисобрақамига ўтказишга қарор қилди.
 
Асрлар оша миллат сарбони бўлиб келаётган зиёли касбдошларимизни мазкур ташаббусга қўшилишга чорлаймиз!
 
Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Қиблани адаштириб ўқилган намоз

02.07.2025   6570   1 min.
Қиблани адаштириб ўқилган намоз

Савол: Мен бегона жойда меҳмонхонага жойлашдим. Шошилиб, эътиборсизлик билан намозни қиблага тескари тарафга қараб ўқиб қўйибман. Ўқиб бўлганимдан кейин тушундим, шу намозимни ҳукми қандай бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳолатда, сиз намозингизни қайтадан ўқишингиз лозим бўлади. Чунки қибла қайси тарафдалигини билмаган одам, шу ерлик қиблани биладиган (мусулмон, ақли расо, ошкор гуноҳлардан тийилган) кишидан сўраб, намоз ўқиши лозим. Агар шу ҳолатда қиблани биладиган киши топилмаса, кечаси одамларнинг эшигини тақиллатиб юрмайди. Балки бор имкониятини ишга солиб, қиблани топишга ҳаракат қилади. Қалби билан бир томонни қибла, деб қасд қилиб намозини ўқийди. Гарчи қиблани тўғри тополмаган бўлса ҳам, унинг намози дуруст бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази