Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
12 Июл, 2025   |   17 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:19
Қуёш
05:01
Пешин
12:34
Аср
17:41
Шом
20:01
Хуфтон
21:34
Bismillah
12 Июл, 2025, 17 Муҳаррам, 1447

Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир

01.04.2020   2811   5 min.
Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир

Бугун бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган коронавирус эпидемияси юртимизда қандай кечаётганига бир назар солсак. Ҳукуматимиз томонидан уни бартараф этиш бўйича бир қанча қарорлар қабул қилиниб, зарурий чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Тиббиёт ва бошқа соҳа вакиллари азиз жонларини хатарга қўйиб, беморларни даволаш учун бор имкониятларини ишга солмоқдалар. Хўш, бугунги кунда аҳолини кўпроқ нима ташвишга солмоқда.

Аввало, кишиларимиз касалликни юқтириб олиш, озиқ-овкат маҳсулотлари етишмаслигидан хавф сирамоқдалар. Аслида бу нарсалар беҳуда ваҳимага арзирмикан. Биз мўмин-мусулмонлар эътиқод бўйича касаллик фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билан етиши, ризқни ҳам Аллоҳ таоло беришига имон келтирамиз.

Жоҳилият аҳлида “Хасталикларда ўзига яраша қувват бор, улар бир кишидан иккинчисига ўша қувват ёрдамида ўтади”, деган эътиқод бўлган. Ислом таълимоти бўйича эса хасталик Аллоҳ ирода қилсагина юқади. Худди шу маъно Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида Касаллик юқиши йўқ деган муборак сўзларида мужассам бўлган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Касаллик юқиши йўқ, бойқуш йўқ, навъу йўқ ва софар йўқ”, дедилар (Учовлари ривоят қилган).

Демак, касаллик ўзича юқмаслиги эътиқод масаласи, касаллик юқишидан эҳтиёт бўлиш эса динимиз биздан амал қилишни талаб қилган амал экан.

Бугунги оғир вазиятда халқимиз биргаликда курашиб, қаҳрамонликлар кўрсатмоқда десак, муболаға бўлмайди. Бу қаҳрамонлик нима? Бу сабр, қаноат, интизом, тартиб қоидага риоя этиш, шахсий гигиеналарга амал қилишдир.

Сабр – Аллоҳ таоло томонидан бандага инъом этилган энг катта ва буюк неъмат. Сабрли киши ризқнинг озига ҳам, йўқчиликка ҳам чидаб ўзини хор қилмай, бошини тик тутиб кун кўради. Зеро, ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бойлик матоҳнинг кўплигида эмас, балки назарнинг тўқлигидадир, (Икки шайх, Имом Термизий ривоят қилган) дея ҳақиқий бойлик нима эканлиги ҳақида хабар бердилар.

Иккинчи жаҳон уруши йиллари халқимиз бир майизни қирқ киши бўлиб еганлари ҳақида ота-боболаримиздан эшитганмиз. Шукрки, мамлакатимиз раҳбарияти томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Қолаверса, саховатпеша инсонлар томонидан ҳам турли хайрия тадбирлари ўтказилиб, озиқ-овқат, тиббиёт ва санитария маҳсулотлари муҳтож инсонларга етказиб берилмоқда. Афсуски, мана шундай ҳолатда ҳақиқий муҳтож бўлмаган шахслар ҳам эҳтиёжманд кишилар учун сарфланаётган эҳсон, садақалардан кўпроқ ундириб олиш ҳаракатида бўлаётганлар ёки бўлмаса боқимандалик кайфияти билан бировнинг садақа беришидан умидвор бўлиб ўтирганлар ҳам учраб турибди. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан шундай ривоят келтирлиган: «Ансорийлардан бир қанча одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан (мол) сўрадилар. Бас, у зот уларга бердилар. Сўнгра яна сўрадилар. Яна бердилар, ҳатто ҳузурларида ҳеч нарса қолмади. Шунда у зот: Ҳузуримда не яхшилик бўлса, сизларга бермай олиб қолмасман. Ким иффатталаб бўлса, Аллоҳ уни ифатли қилур. Ким беҳожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни беҳожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгироқ неъмат берилмган, дедилар (Бешовлари ривоят қилган).

Барча ўтган пайғамбарлар касб-ҳунар соҳиблари бўлишган, саҳобалар қуруқлик ва денгизларда тижорат билан машғул бўлганлар, айримлари деҳқончилик ва бошқа касблар билан шуғулланганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида: “Ҳеч бир киши ўзи қўли билан ишлаб топиб еган таомидан ҳам яхшироқ таомни асло емайди” дейишлари билан касб-кор, ҳунар, меҳнат қилиб топилган ризқ энг яхши ризқ эканига ишора қилганлар.

Ҳалол касб, меҳнат қилиб, Аллоҳ таолодан ризқ ато этишини сўрасак, Парвардигорнинг марҳамати чексиздир. Мусулмон киши бу дунёсининг ғамида эмас, охират ғамида бўлса, Аллоҳ таоло иккисини ҳам ато этади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки охират ғамида бўлса, Аллоҳ унинг қалбини беҳожат ва хотирини жам жам қилиб қўяди. У хоҳламаса ҳам, дунё унга ўз ўзидан келади. Ким дунё ғамида бўлса, Аллоҳ унинг кўз ўнгига камбағалликни келтириб қўяди ва хотиржамлигини пароканда қилади. Унга дунёда ўзига тақдир қилинганидан бошқаси келмайди(Анас розияллоҳу анҳудан Имом Термизий ривоятлари). 

Шундай экан азизлар, тан-жонимиз соғ, ҳузуримизда егуликларимиз бор экан, қаноат ва сабрли бўлсак, иншааллоҳ Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлади, ғам-ташвишимизни аритиб, икки дунё саодатини ато этади.

 

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ

ЎМИ Самарқанд вилоят вакили

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди

11.07.2025   1443   3 min.
Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди

Лондонда муҳим маданий воқеа бўлиб ўтди: Буюк Британияда илк бор Ўзбекистон тарихи билан боғлиқ, Ислом цивилизациясининг олтин даврларига оид ноёб Қуръон қўлёзмалари ва тарихий артефактлардан иборат коллекция намойиш этилди. Ушбу муқаддас ёдгорликлар йиллар давомида хусусий коллекциялар ва музейларда сақланган, эндиликда улар ўз диёри – Ўзбекистонга қайтмоқда.

 

Дунёнинг машҳур Sotheby’s ва Christie’s аукцион уйлари мезбонлигида ташкил этилган ушбу кўргазмалар 2017 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеясида илгари сурилган ташаббус – Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини яратиш бўйича кенг кўламли лойиҳанинг бир қисмидир. Сўнгги йилларда миллий ва халқаро мутахассислар томонидан йўқолган маданий меросни излаш ва аниқлаш бўйича кенг тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

 

Лондондаги икки кўргазмада илк бор халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этилган экспонатлар орасида дунёнинг етакчи олимлари, экспертлари, масъул мутахассислар, машҳур музей ва кутубхоналар вакиллари  ва коллекционерлари иштирок этди.

 

– Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу маданий-маърифий мега платформа – Ислом цивилизацияси маркази ташаббусини илгари суриш баробарида шахсан унинг амалга оширилишига бошчилик қилмоқда. Тарихий ва маънавий дурдоналарни  Ватанга қайтариш бўйича давлатимиз  раҳбарининг тўғридан-тўғри топшириғи асосида  ушбу кенг қамровли лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу фақат тарихий артефактларнинг  қайтиши эмас – бу хотиранинг, миллий ўзликнинг ва Ўзбекистоннинг ислом меросини асрашдаги бетакрор ролини тан олишнинг тимсолидир, – дея таъкидлади Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов кўргазма очилиш маросимида.

 

Намойиш қилинган нодир артефактлар орасида IX-XIII асрларга оид  Қуръон қўлёзмалари саҳифалари, миниатюралар, нафис заргарлик буюмлари, маиший буюмлар, матолар ва санъат асарлари бор. Улар Ўзбекистонни жаҳондаги муҳим интеллектуал марказлардан бири сифатида кўрсатади.

 

– Ушбу кўргазмалар – Ўзбекистон Президенти шахсий ташаббуси билан амалга оширилаётган муҳим маданий ҳодиса бўлиб, ёш  авлодни илҳомлантиришга қаратилган. Ўз меросини қайтаришга йўналтирилган бундай амалий қадриятлар маданий уйғониш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади, – деди Буюк Британиядаги "Ал-Фурқон" фонди директори Сали Шаҳсивари.

Кўргазмаларда тақдим этилган экспонатларнинг кўпчилиги 2025 йилда Sotheby’s ва Christie’s аукционларида Ислом цивилизацияси маркази фаолияти доирасида харид қилинган.

 

Sotheby’s савдо уйининг Шарқ мероси бўйича вакили  Бенедикт Картер шундай деди:

– Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш биз учун катта шарафдирМарказий Осиё тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлган ёдгорликларнинг Ватанга қайтишига кўмаклашганимиздан мамнунмиз.

 

Тошкентнинг марказида 10 гектардан ортиқ ҳудудда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази минтақадаги энг йирик маданият ва маърифат институтларидан бирига айланмоқда. Унинг экспозиция майдони 8000 квадрат метрдан ошади. Марказ таркибига қуйидаги беш мавзули галерея киради:

"Қуръон зали"

"Исломгача бўлган мерос"

"Ренессанснинг биринчи ва иккинчи даврлари"

“Янги Ўзбекистон”.

 

Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов қуйидагиларни таъкидлади:

– Бугун Ўзбекистон ўз тарихий меросини тиклаш ва асраб-авайлаш борасида улкан саъй-ҳаракатлар қилмоқда. Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази каби ташаббуслар бу йўлдаги муҳим қадам бўлиб, тез орада у билим ва динлараро мулоқот маёғи сифатида ўз эшикларини очади. Бу бизнинг тарихий ўзлигимизни англаш ва уни очиқ тараннум этишга интилишимизнинг ифодасидир.

 

Лондондаги ушбу кўргазмалар нафақат муҳим маданий воқеа, балки тарихий адолатнинг тикланиши ифодаси бўлди. Намойиш этилган экспонатлар Ўзбекистоннинг ислом олами интеллектуал маркази сифатидаги ўрни ва бугунги Янги Ўзбекистоннинг маданий-тарихий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш йўлидаги навбатдаги ютуқларини амалда исбот этди.

Сisc.uz

Ўзбекистондаги Ислом меросининг бебаҳо хазиналари Лондонда намойиш этилди
Ўзбекистон янгиликлари