Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
06 Январ, 2025   |   6 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:28
Шом
17:12
Хуфтон
18:31
Bismillah
06 Январ, 2025, 6 Ражаб, 1446

Бир қийинчиликка икки енгиллик бор

31.03.2020   2726   5 min.
Бир қийинчиликка икки енгиллик бор

Орамизда дунёда содир бўлаётган балои офатдан ҳабари йўқ одам қолмади. Бутун дунёни ёвдек бостириб олди у! Биз одамлар ўша микроскоп остида минг баробар катталаштирсакгина кўриш мумкин бўлган дарддан ҳам майда эканимизни, ўша заррадан ҳам ожизроқ эканимизни наҳотки англаб етмадик ?! Кеча, бугун эмас, неча ойлардан бери кузатиб келаяпмизку шу Аллоҳ юборган дарднинг қилмишларини! Киприк қоқмай, битта-битталаб одамларни ютиб тўймаяпди у, тўймас бало. Ақлли одамлар жон талвасасида бор зеҳн-идрокларини сафарбар қилиб, бир тану-бир жон бўлиб, унга қарши курашмоқдалар. Аммо уни енгиш осон бўлмаяпди! Минг-минглаб бой беришлар, улкан талофотлар! Тобут ясаб, қабр қазиб улгурмаётганларини кўриб турибмиз!

Бизчи? Биз нима қилаяпмиз?! Хўп, аввалига бизга кирмайди, кирса ҳам тарқамайди, бизни ҳавомиз бошқа, бизни иқлимимиз бошқа, биз ҳалол еймиз, биз таҳоратда юрамиз, биз ибодатдамиз деб ҳотиржам юрдик, парвои фалак! Аммо, не ажабки, айнан ёвга қалъа эшикларини очиб бериб! Ҳой, барака топгурлар! Биламиз, давлатмандсиз! Зеро, оддий одамлар умра, ҳаж сафарларини адо этишни фақат орзу қилишлари мумкин, ( алҳамдулиллаҳ, Аллоҳнинг карами кенг!).  Лекин, вабо хавф солиб турган пайтдв тумонат одамни бошингизга йиғиб, имкониятларингизни кўз-кўз қилишдан тийилиб турсангиз бўлмайдими? Ошиб-тошиб кетса, ана, бечора етим-есирлар қанча, улашинг! Тинчлик даври бўлса лом-мим демаган бўлардим!

Сайру-саёҳатни суювчилар! Ҳасад қилаяпти, деманг! Омадингизни қўш-қўллаб берсин, бир кун ҳисоб - китоб қилинажак давлатингиз бундан-да ортиб, дунёда сизнинг қадамингиз етмаган  беш юлдузли меҳмонхона қолмасин! Аммо, аҳволни кўриб турибсизку! Бир оз сабр қилса бўладими?!

Пайғамбар алайҳиссаломдан ибрат олган саҳобаи киромлар камтарона, оддийгина, борига қаноат қилиб яшадилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам бу соҳада қолишмадилар, имконлари бўлатуриб жуда оддий, фақирона турмушни афзал кўрдилар. Ҳазрати Умарнинг қизлари, ҳазрати Пайғамбаримизнинг завжалари Хафса онамиз бир куни жуда хафа бўлиб кетдилар. Сабаби, оталари мўминлар амири бўлса, дунёнинг ҳамма жойидан мол-дунё оқиб келаётган бўлса, бойиганлар бойиб юрса-ю шундоқ халифанинг дастурхони жуда ғариб эди, оталари қуруқ, бемаза овқатлар билан кифояланиб юради.

Агар бу дунё ҳаёти фақат яхшиликлардан, айшу ишратлардан, ҳузур-ҳаловатдан иборат бўлса-ю, бошқа нарсалар бўлмаса, бу ҳаёт синов, имтиҳон эканлиги қаерда қолади? Аллоҳ таолонинг амрига итоат қилиш, қайтарганидан қайтиш, бир сўз билан айтганда, У Зотга сидқидилдан бандачилик қилиш қаердан бўлади?

Агар бу дунё ҳаётида инсон бемор бўлмаса, қаримаса, бировдан сўкиш эшитмаса, озор топмаса, зулм кўрмаса, камбағалликка йўлиқмаса ва бошқа хорликларни кўрмаса, келган мусибатга сабир қилмасдан, муҳтожман деб берилаётган имкониятлардан ўз нафси йўлида фойдаланса, бу дунёнинг синовлари қаерда қолади?

Ўзбекистон халқи учун озгина бардошли бўлинг, яна озгина. Сиз ёш, бақувватдирсиз, сизга бу касалликнинг тиши ўтмас, аммо сиз жон ҳолатда талпинаётган хонадонингизда кекса онангиз, мўйсафид отангиз борлар, норасида гўдакларингиз, узоқ муддат соғинчингизда юрган, истиқболингизга қучоқ очадиган таниш-билиш, ошна-оғайни, қўни-қўшниларингиз бор! Уларга  раҳимнгиз келсин. Зеро, Аллоҳ раҳм қилувчиларга раҳм қилади.

Демак, Ҳақ таолодан ёлвориб сўрайдиганимиз, қийинчилик вақтлари аста-секин чекинаётган бўлсин, яқин кунларда бизларни осончилик, саломатлик кунларга етказсин. Таъкидлаш жоизки, халқимиз, яқинларимизнинг саломатлигини сақлаш барчамизнинг бурчимиз эканини бир зум ҳам унутмайлик! Қатъий тартиб-интизом ва карантин тадбирларига жиддий риоя қилиш орқали вазиятни барқарор ушлаб қолишимиз мумкин. Имкон қадар уйда қолинг, ортиқча эҳтиёж бўлмаса кўчага чиқманг, муносабатларни, мулоқотларни кескин камайтиринг.

Биз ҳам шу синовдамиз. Хукуматимиз, шифокорларимиз  имкони борича ҳар биримизнинг жонимиз омонлиги учун курашмоқдалар! Саломатлигимиз ўзимизга керак эмасми? Шунчалар бепарво бўлмайлик, аҳвол ўта ёмонлашиб боришига  ҳиссамизни қўшмайлик. Касалланганлар сони ошса - ошаяпти, камаймаяпди! Биздан сўралаётгани мушкул иш эмаску! Уйда ўтиринг! Ахир ишхонамиздан бериладиган меҳнат таътилини интизорлик билан кутмасмидик! Дам олинг, оила аъзоларингиз бағрида яйранг. Югур-югур, чоп-чоплардан бир оз тининг! Ҳали бундай ишсиз кунларни соғиниб ҳам қоларсиз. Вабо пайтида уйдан чиқмаганларга ёзилажак савобларга сазовор бўлайлик! Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Шарҳ сураси 5-6 оятларида марҳамат қилганидек: “Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир”.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

 ахборот-ресурс маркази раҳбари

 М. Саиджалолова

 

 

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Ҳасан ибн Алийга байъат қилиниши

3.01.2025   1973   3 min.
Ҳасан ибн Алийга байъат қилиниши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу бомдод намозига чиқаётганларида, хорижийлардан бўлган Абдурраҳмон ибн Мулжам Муродий деган одам у кишини заҳарланган қилич билан жароҳатлади. Бу мудҳиш ҳодиса ҳижрий 40 йил Рамазон ойининг ўн саккизинчи кунида, милодий 660 йилда содир бўлди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу уч кундан кейин вафот этдилар. У зотнинг халифаликлари тўрт йилу тўққиз ой давом этди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин одамлар у кишининг ўғиллари имом Ҳасанга байъат қилишди. У киши 6 ой давомида халифалик қилдилар. Ана шу олти ой мобайнида имом Ҳасан розияллоҳу анҳу ўз асҳобларининг нотавонликларини, умматни бирлаштириш зарурлигини сездилар ва сулҳни афзал кўрдилар. Халифаликдан воз кечиб, Муовияга «Сиз халифа бўлаверинг» деган маънода гап айтдилар. Бу воқеа ҳижрий 40 йил робиъул аввал ойида, милодий 661 йилда бўлиб ўтди. Ислом уммати бир халифа раҳбарлиги остида қайта бирлашган ушбу йил «Жамоат йили» деган номни олди.

Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари билан рошид халифалик ҳам барҳам топган, энди Аллоҳ таолонинг йўлида тўлиқ юриш ҳам ниҳоясига етган эди.

Мана шу ердан аста-секин нотўғри ҳолатга бурилиш бошланди.

Рошид халифалар давридаги энг муҳим ҳодисалар:

– ҳижрий 11 йилда ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар.

– ҳижрий 12 йилда Ридда урушлари бўлди.

– ҳижрий 13 йилда Ярмук жанги бўлди.

– жумодус соний ойида ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу вафот этдилар.

– ҳижрий 14 йилда Дамашқ фатҳ бўлди.

– ҳижрий 15 йилда Қодисия жанги бўлди.

– ҳижрий 16–19 йилларда Форс ерлари фатҳ қилинди.

– ҳижрий 20 йилда Миср фатҳ қилинди.

– ҳижрий 21 йилда Наҳованд жанги бўлди.

– ҳижрий 22–23 йилларда Хуросон фатҳ қилинди.

– зулҳижжа ойида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.

– ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлдилар.

– ҳижрий 27 йилда Тароблус фатҳ қилинди.

– ҳижрий 28 йилда Кипр фатҳ қилинди.

– ҳижрий 31 йилда Зотус-саворий жанги бўлиб ўтди.

– ҳижрий 32 йилда Хуросон қайта фатҳ қилинди.

– ҳижрий 36 йил зулҳижжа ойида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.

– ҳазрати Алий ибн Абу Толиб халифа бўлдилар.

– туя жанги бўлди.

– ҳижрий 37 йилда Сиффин жанги бўлиб, ҳакамлик ишга тушди.

– ҳижрий 38 йилда Наҳравон жанги бўлди.

– ҳижрий 40 йил Рамазон ойида Алий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлдилар.

Шу билан рошид халифалик даври ниҳоясига етди.

«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди