Мамлакатимиз аҳли оғир синовни бошидан ўтказмоқда. Бу коронавирус деган касаллик жаҳоннинг 190 дан зиёд давлатига кириб борди, 21 мингдан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди. Ушбу хасталикка чалинганлар сони Ўзбекистонда ҳам ўсиб бормоқда. Ушбу вируснинг янада тарқалиб кетмаслиги учун давлатимиз Раҳбарининг бевосита бошчилигида қатъий чоралар кўрилмоқда.
Куни кеча муҳтарам Президентимиз раислигида коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда мамлакатимизда инфекциянинг кенг тарқалиб кетишига йўл қўймасликка барча куч ва воситалар сафарбар қилиш алоҳида таъкидланди.
Юртбошимиз бугунги оғир дамларда шифокорларнинг машаққатли меҳнатларини эътироф этиб: – Оддий ҳақиқатни тан олиш адолатдан бўлади. Касалларга ўз вақтида ёрдам берилса, улар шифо топади, касалхоналарни тарк этади. Лекин, охирги касал тузалмагунча тиббиёт ходимлари иш жойини тарк этолмайди. Шу сабабли, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитар-эпидемиологик ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида қарорни имзоладим, дея таъкидладилар.
Азал-азалдан халқимиз тиббиёт ходимларини қадрлаб келган. Шундай шарафли вазифани ўз қасамёдига содиқ қолган ҳолда бажариб келаётган тиббиёт ходимларининг бугунги ҳар бир куни қаҳрамонлик бўлиб, Ҳақ таолонинг даргоҳида улуғ ажру савобларга ноил бўлади, инша Аллоҳ.
Коронавирус инфекцияси дунёга таҳдид солиб турган бир пайтда тиббиёт ходимлари зиммасидаги масъулият янада ошиши билан бирга, улар фаолиятининг ҳар куни қаҳрамонлик эканлиги яққол намоён бўлмоқда.
Мана шундай фидойиликка дунё халқлари қатори, ватандошларимиз ҳам гувоҳ бўлишмоқда. Шу боис, шифокорларимиз аҳолининг меҳри ва эътирофига сазовор бўлди. Иш жойида мижжа қоқмай хизмат қилаётган шу шифокорлар чин фидойи инсонлардир.
Президентимиз томонларидан “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида молиявий рағбатлантириш жорий этилиши айни муддао бўлди. Шу ўринда мамлакат раҳбарияти ва аҳоли томонидан билдирилаётган ижобий фикрлар тиббиёт ходимлари учун улкан мукофот эканини алоҳида қайд этиш зарур.
Ислом динида киши ўзи эгаллаган касбининг моҳир билимдони бўлиши, фидойилик билан ёндошиши юксак улуғланади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ бирортангиз бирор ишни қилганда уни пухта қилишини яхши кўради”, деганлар (Абу Яъло ривояти, «Мажмаъу-з-завоид»; Суютий, «Ал-жомеъ ас-сағир»).
Бугунги мураккаб даврда имом-хатиблар бутун дунёга таҳдид бўлаётган пандемияга қарши курашаётган матонатли шифокорларнинг меҳнатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилмоқдалар. Шунингдек, туну кун беморлар муолажаси билан банд бўлган ҳатто уйига ҳам келолмаётган тиббиёт ходимларининг хонадонларига ташриф буюриб, оила аъзоларидан ҳол-аҳвол сўраб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳадяларни туҳфа қилмоқдалар.
Шунга кўра, бугунги кунги шифокорлар ўз ишларини мукаммал равишда амалга ошираётганлари таҳсинга лойиқдир. Бинобарин, бундай касб эгаларига улкан ажру савоблар ҳам ёзилади. Қуръони каримда: “Ким яхшилик қилса, унга ундан кўра яхшироқ (мукофот) бўлур”, дея хушхабар қилинган (“Намл” сураси, 89-оят).
Карантин талабларига бефарқ бўлманг!
Айрим кишилар қонун-қоидаларга риоя қилиш ўрнига ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини хавф остида қолдириб, эпидемия қоидаларини бузмоқда. Ички ишлар вазирлиги хабарга кўра, ўтган бир кун давомида карантин қоидаларига амал қилмаган жами – 980 та ҳолат аниқланган. Давлатимиз раҳбари ҳам ушбу йиғилишда куюнчаклик билан қуйидагиларни таъкидладилар:
“Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Бизда аниқланган касаллар сони кам-ку, 100 тага ҳам етмайди, хавотирга ўрин йўқ, деб хотиржам бўлиш хиёнат ҳисобланади. Чунки, коронавирус менга юқмайди деб бефарқ юрганлар нафақат ўзининг, балки ота-онаси, фарзандлари, атрофидагилар, қолаверса, бутун халқимизнинг соғлиғи ва ҳаётини катта хавфга қўйишини чуқур англаб етиши керак”.
Карантин эълон қилинганига қарамай, тартиб-қоидаларини қўпол равишда бузишга йўл қўяётганлар бир тафаккур қилиб кўрсалар бўлар эди. Мана Туркия сафаридан қайтган қиз ўз онасига ушбу касалликни юқтирган. Натижала, ушбу 72 ёшли сурункали касаллиги бор она 27 март куни миокард инфарктидан вафот этди. Яқинларига сабр тилаймиз.
Муҳтарам Президентимиз ушбу мажлисда аксарият фуқаролар ҳалигача юзага келган мураккаб вазиятни тўғри тушуниб етмаётгани куюниб гапирди. Жумладан, ҳалигача айрим одамлар кўпчиликни меҳмонга чақириб тўй-ҳашам, турли зиёфат ёки маросимлар ўтказиш ҳолатлари учраётгани ачиниш билан қайд этилди. Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи аёл Умра зиёратидан қайтиб келгач, карантин қоидаларига риоя қилмасдан, 120 кишилик дабдабали маросим ташкил этгани, натижасида унинг ўзи ва яна 4 нафар оила аъзосида коронавирус аниқлангани катта афсус билан таъкидланди.
Карантин талабларини бундай шаклда онгсизларча бузиш нафақат қонун ҳужжатлари, балки Ислом дини кўрсатмаларига ҳам риоя этмаслик ҳисобланади.
Бундай кимсалар аввало ўзлари ва яқинларини хатарга қўяётганликларини, юртдошларимиз орасида вирус тарқалишига сабабчи бўлиб қолишлари мумкинлигини теран англаб етишлари жуда ҳам зарур.
Ислом дини таълимотида ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга масъулдир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!” деб қатъий хитоб қилган (“Бақара” сураси, 195-оят).
“Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилди”
Бутун дунё бўйлаб, коронавирусга қарши курашда энг яхши чора сифатида маъқулланган “Уйда қолинг!” чорлови асл моҳиятига кўра Ислом динининг бош манбаига мувофиқдир. Қуръони каримдаги бир қиссада чумолилар жамоаси бир-бирларини хавф-хатардан огоҳ этишлари, уларнинг тилидан шундай баён этилади: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, (Намл, 18). Бошқа ояти каримада эса: “Аллоҳ сизларга уйларингизни оромгоҳ қилди”, деб таъкидланган (“Наҳл” сураси, 80-оят).
Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, инсон учун энг тинч-оромбахш жой унинг уйи ҳисобланади. Уй ҳам Аллоҳ таолонинг неъматларидан биридир. Инсон ўз уйичалик бошқа жойда хотиржамлик ҳис қилмайди. Бугун коронавирусдан энг яхши ҳимояланиш чораларидан бири уйда қолиш экани кўп таъкидланмоқда.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади” (Имом Бухорий ривояти).
Таниқли уламоларимиз бу ҳадисни шарҳлаб: “Бу ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқлидир, улар вабодан хоҳ вафот этсин, хоҳ этмасин, дейишмоқда.
Ишончим комилки, оиласи, фарзандлари, эл-юрти тинчлиги, соғлиғини ҳамма нарсадан устун қўядиган донишманд халқимиз бундай ҳолатни Хақ таолонинг раҳмати ила енгиб ўтади.
Коронавирус инсоният учун Яратганнинг берган бир синовидир. Халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз ўз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда, уни яширмай шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилсалар, биз бу касалликни, албатта, бартараф этамиз.
Давлатимизнинг бошида турганлар Аллоҳни мудом ёдда тутадиган, ҳар бир сўзида Унинг исмини зикр этадиган инсонлар, уларнинг мақсаду муддаолари ҳам Аллоҳга маъқул ишларни қилишдир.
Бу касаллик ҳам бир синов, бундан ҳам чиройли ўтиш керак, касаллик менга юқмайди, деб ўйлаётганлар жиддий тафаккур қилсинлар. Уйда қолинг!
Аллоҳ таоло қайси дардни туширган бўлса, албатта, давосини ҳам туширган. Шифо берувчи фақат Ўзидир! Аллоҳ таоло юртимизни, халқимизни турли касаллик ва ваболардан асраб, Ўзининг ҳидоятидан айирмасин!
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мазҳаб – бу умматдир. Уммат эса кўпчилик уламолардан ташкил топган. Бу уламолар ижтиҳод қилишади, таҳқиқ қилишади. Масала бир эмас, кўпчилик томонидан илмий таҳқиқ қилинади. Умматда саноқсиз уламолар бор, саноқсиз китоблар бор. Уламолар қайта-қайта ўзаро баҳслар қилиб, «Фалон масала тўғри», деб хулоса қилишади.
Натижада мукаммал даражада маъсум бўлмасак-да, кучли ишонч ила тўғри йўлда бўламиз. «Маъсум бўлмасак-да», деганимнинг сабаби шуки, биз ҳанафийлар «Сўзимиз юз фоиз тўғри», деб даъво қилмаймиз. Тўқсон саккиз-тўқсон тўққиз фоиз тўғри бўлиши мумкин, хато қилиш эҳтимоли бор. Токи шофеъий мазҳабига ҳам йўл қолсин. Аммо биз бу қадар катта нисбатга фақат Абу Ҳанифанинг ижтиҳоди билан эмас, балки илм ижтиҳоди билан эришдик, катта миқдордаги, жуда кўп уламолар воситасида эришдик. Уламолар масалаларни диққат билан ўрганиб, таҳқиқ қилишади. Шунинг учун бир масалада турли ўлкаларда авлоддан авлодга маълум бир фатвога кўра амал қилиб келинади. Барча уламолар мана шу масалага мувофиқ келади. Натижада суянишнинг энг олий чегарасига чиқиб борилади.
Бу суяниш ниҳоятда қувватли бўлади, иймон келтирадиган даражада аниқ бўлмаса-да, шунга яқин келади. Аҳли суннанинг ўзига хос хусусияти мана шудир. Нима учун бу фиқҳ залолатдаги фиқҳ бўлмайди? Чунки унда хато бўлиш эҳтимоли жуда кам, чунки ундаги ижтиҳод бир кишига тегишли эмаски, унинг аксари хато бўлса... Балки бу нарса илмий мактаб ижтиҳодига, қарорига айланди. Бундай илмий мактабда эса хато қилиш эҳтимоли жуда кам бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг динини илмий мактабларнинг мана шундай тартибли илмлари орқали муҳофаза қилди.
Акс ҳолда Аллоҳ таоло Ўзининг динини Зайд, Амр ёки Юсуфнинг қўлида, яъни бир ёки бир неча кишининг қўлида муҳофаза қилган бўлиб қолар эди. Бу гапга ақл бовар қиладими? Йўқ. Аллоҳ таоло Ўзининг динини кучли, асосли, жуда кўп уламоларни ўз ичига олган қатъий, собит илмлар орқали муҳофаза қилади.
Масалага енгил, юзаки қарайдиган, мутаассиб мактаблар наздидагина мўътабар бўлган Фалончи ёки Пистончининг фатво бериши билан улуғ уламоларнинг ижтиҳоди ва қарорлари орасида қанчалар фарқ бор!
Қуръон ва Суннатни англашни, фаҳмлашни якка шахсларга топшириб қўйиш мумкинми? Йўқ. Қуръон ва Суннатни англашни илмий мактабдан ҳосил бўлган илмларгагина ҳавола қилиш мумкин.
Аҳли суннанинг наздида Қуръон ва Суннатнинг қадрини кўряпсизми?
Аҳли сунна Аллоҳнинг Каломи ва Расулининг Суннатини англаш йўлида дунёдаги энг буюк илмни сафарбар қилишди. Тўрт мазҳабнинг илми дунёдаги энг кенг илмдир. Бу илм сон-саноқсиз уламоларни қамраб олган. Уларнинг вазифаси – Аллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ирода қилган нарсани баён қилиб беришдир. Ақоид борасида Аллоҳ ва Расулининг иродасини очиқлаб берадиган мустаҳкам илмлар ишлаб чиқилди. Одоб-ахлоқ борасида ҳам шундай бўлди.
Биз тўғри, нотўғри эмас, балки қатъиян ҳақ, деяётган бу мактаб қаерда-ю, залолат мактаби – енгиллик ва мутаассиблик мактаблари қаерда?!
Ҳақ мактаб Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини ҳурмат қилди. Уни англаш учун керакли барча илмларни ишлаб чиқди. Бу мактабда инсоният тарихидаги энг афзал, энг улуғ уламолар фаолият кўрсатдилар. Улар Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатини оламда тенги йўқ илмлар, қоида ва усуллар орқали тафсир қилишди. Бу дунёда фиқҳ қоидаларининг ўхшаши йўқ! Бирон киши уларнинг мақомию ҳисобига ета олмайди. Саҳобалар ҳам, тобеъинлар ҳам барча саъй-ҳаракатларини Аллоҳ ва Расулининг муродига бағишлашди. Шу боис барча илмлар ўз қоидаларига эга бўлиб, мустаҳкам қарор топди. Бизда – Урдунда «Ким қонунларни ўрганмоқчи бўлса, усулул-фиқҳни ўргансин», деган гап бор. Усулул-фиқҳ (фиқҳ қоидалари)ни билсангиз, қонунларни ҳам яхши тушунасиз.
Қонунлар ишлаб чиқилган, лекин ўзларида усул йўқ, шунинг учун усулул-фиқҳни ўрганишга мажбур бўлишади, шунда уларни яхши тушунишади. Тасаввур қилинг, қанча-қанча қоидалар ишлаб чиқилган! Буларнинг барчаси усулдандир.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан