Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
22 Январ, 2025   |   22 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:43
Пешин
12:40
Аср
15:46
Шом
17:30
Хуфтон
18:47
Bismillah
22 Январ, 2025, 22 Ражаб, 1446

Садақа – радди бало

21.03.2020   4989   3 min.
Садақа – радди бало

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Халқимиз доимо хайрли ишлар қилишга ундаб: "Садақа радди бало" деган иборани ишлатади. Дарҳақиқат, инсон Аллоҳ таоло йўлида хайрли ишларни амалга оширса, Аллоҳ таолонинг розилигини қўлга киритади. Аллоҳ таоло розилигини қўлга киритган инсон эса ҳар қандай офат-балолардан омонда бўлади.

“Садақа” сўзи  арабча “сидқ”, “содиқ” сўзларидан олинган бўлиб, “чин юракдан”, “ сидқи дилдан”, “иймон-эътиқодга мос ҳолда иш бажариш” деган маъноларини англатади.  “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” китобида “ садақа” сўзига бундай изоҳ берилади: “Садақа (арабча) – хайр, эҳсон, садақа, муҳтожларга бериладиган хайру-эҳсон”.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни хайр-садақа қилишга буюриб бундай марҳамат қилади: “Эй, сизлар! Аллоҳ йўлида эҳсон қилиш учун чақирилмоқдасиз. Бас, (аниқки) сизларнинг орангизда бахиллик қиладиган кимсалар ҳам бордир. Ким бахиллик қилса, бас, фақат ўз зарарига бахиллик қилур. Аллоҳ Ғаний (бой), сизлар эса фақирдирсиз. Агар сизлар (Аллоҳга итоат этишдан) бош тортсангиз, У (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўяр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар (балки Аллоҳга итоат қилурлар) (Муҳаммад сураси, 38-оят).

Хайр-садақа қилиш билан инсоннинг моли камайиб қолмайди. Балки бойлигига барака киради. Ҳадис шарифда бундай дейилади: “Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири: “Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “Аллоҳ, бахил одамнинг молига талофат етказ” деб дуо қилади.

Хайр-садақа қилиш билан банда Аллоҳ таолонинг мағфиратига сазавор бўлади.

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳога: “Эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам садақа қил. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради, дедилар.

Садақа қилиш ёмонликларнинг даф бўлишига сабаб бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ азза ва жалла бир садақа сабабидан етмишта ёмон ўлимни қайтаради", дедилар.

Ушбу ҳадис шарифни шарҳ қилган уламолар инсоннинг садақаси Аллоҳнинг даргоҳида қабул бўлса, бу садақа туфайли унга келаётган ёмонликлар, офат-балолар даф бўлади. Шунинг учун ҳар бир киши яхшиликни, садақа қилишни зинҳор паст санамаслиги, садақа қилиш билан  улуғ ажрларга, даражаларга етишиш мумкинлигини билиши ва шунга яраша амал қилиши лозим.

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ўз қўли билан камбағалга (садақа) бериши, уни ёмон ҳолларга тушиб қолишидан сақлайди”, деганлар.

Қилаётган хайр-садақаларимизни Аллоҳ таоло ижобат қилиб, барчамизни турли офат-балолардан асрасин!

 

Руҳиддин АКБАРОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қашқадарё вилояти вакиллиги ходими

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Онага муҳаббат — ибодат, хотинга муҳаббат — саодат

16.01.2025   6756   2 min.
Онага муҳаббат — ибодат, хотинга муҳаббат — саодат

Доктор Мустафо Маҳмуд айтадилар:

"Бир куни бир она менга шикоят қилиб бундай деди:
— Ўғлимнинг хотинига бўлган муҳаббати менга бўлган муҳаббатидан кучлироқ.
Мен ундан сўрадим:
— Помидор яхшими ёки апельсин?
У ажабланганча менга қараб:
— Бундай солиштириш нотўғри, чунки помидор сабзавот, апельсин эса мевалардан, — деди.
Мен унга шундай жавоб бердим:
— Муҳаббат ҳам ҳудди шундай, унинг ҳам турлари кўп ва бир турини бошқа бири билан солиштириш тўғри эмас.
Она мендан тушунтиришимни сўради.
Мен давом этдим:
— Сиз — онасиз, сиз ўғлингиз учун ердаги жаннатсиз, ўғлингиз эса қалбингизнинг бир бўлаги. Унинг сизга бўлган муҳаббати ибодатдир. Хотини эса унинг жуфти, Аллоҳ уни унга бахт учун яратган, унинг хотинига бўлган муҳаббати эса, саодатдир.
Шунинг учун ўғлингизга ибодатда ёрдамчи бўлинг ва унинг бахти учун аёлига бўлган муҳаббатини қўлланг. Унинг сизга бўлган муҳаббатини бошқа муҳаббат билан солиштириб, унинг қадрини туширманг. Ўғлингизни эркин қўйинг, шунда унинг қалби сизни ўз ихтиёри билан қайта топади ва жаннатни сиз орқали излайди.
Шунда она бошини силкитиб гапимни тасдиқлади ва юзини розилик нурли ёритди. У кетар экан, такрорлар эди:
— Унинг менга бўлган муҳаббати ибодат, хотинига бўлган муҳаббати эса саодат. Мен унга ибодатини мукаммал қилишида ёрдам беришим ва хотини билан бахтли бўлишига қўйиб беришим керак.

Азизим она...
Бу суҳбатимизни хотирангизда сақланг. Ўғлингиз турмуш қурганида шу сўзларни эсланг ва унинг хотини билан бахтли яшашига қўйиб беринг. Унинг сизга бўлган муҳаббати ва итоати ила ибодати мукаммал бўлишига ёрдамчи бўлинг. Бу гапларни ҳечам унутманг: "Агар сизга итоат қилишини истасангиз, унга тоқати етадиган ишни буюринг".

Онага бўлган муҳаббат — ибодат,
Хотинга бўлган муҳаббат — саодат.
Ҳар икки муҳаббат ҳам қалбдан чиқади, аммо турли хил ва уларни бир-бири билан солиштириб бўлмайди.
Шундай экан, ибодатингизни гўзал адо этинг ва бахтли бўлинг".

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ