Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.
Аллоҳ таоло барчамизни ёмон хотимадан асрасин!
Ихлос билан садақа берувчилардан қилсин!
Қиёмат куни шафоат қиладиган дўстларимизни кўпайтириб берсин!
*****
БУЮК МУСАВВИР ЗОТ ПОК ВА ҚУДРАТЛИДИР!
Чумолилар ижтимоий тарзда яшайдиган, бир-бирига меҳрибон, қабиладошлари учун керак бўлса ўзини қурбон қиладиган, ҳамжиҳат бўлиб ҳаёт кечирадиган меҳнаткаш ҳашаротдир.
*****
Агар садақа берувчи ўзининг бераётган садақаси фақирнинг қўлига етиб боришидан олдин Аллоҳнинг қўлига тушишини билганида эди, берувчи ҳис этадиган лаззат олувчи туядиган лаззатдан кўра каттароқ, кўпроқ бўларди.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ
*****
— Оилада чинакам бахт бўлиши учун кимнинг айтгани бўлиши керак? Эрнинг айтганими ёки хотиннинг айтганими?
— Аллоҳнинг айтгани бўлиши керак! Аллоҳнинг ҳукми устувор бўлиши керак! Эр-хотин Шариат белгилаб берган ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришса, оилада чинакам бахт бўлади.
*****
Аёлингизга — унинг диндорлиги учун уйланган бўлсангиз, ҳар сафар намоз ўқиётганини кўрганингизда, муҳаббатингиз зиёда бўлаверади.
*****
Танамиз
Инсон танасида 900 дона қалам ишлаб чиқаришга етадиган углерод, 50 литрли қозонни тўлдиришга етадиган сув, 7 дона совун ишлаб чиқаришга етадиган ёғ, ўртача катталикдаги итнинг танасидаги барча бургаларни ўлдиришга етадиган олтингугурт бор.
Интернет материалларидан тўплаб,
таржима қилувчи Нозимжон Иминжонов
Мақоланинг аудио шакли
Саҳобалар ичида энг зеҳни ўткири Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Кунлардан бирида бозорга бордим. Одамларнинг мол-дунё билан овора эканликларини кўриб уларга:
– Сиз бу ерда савдо-сотиқ билан машғулсиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тарқатилаётганидан хабарингиз йўқми? – дедим. Савдогарлар қўлларидаги молларини ташлаб:
– Йўқ, қаерда? – деб ҳовлиқиб сўрадилар.
– Фалон масжидда, – деб жавоб бердим. Улар шошиб масжид томон югуриб кетишди.
Аммо бироздан сўнг қайтиб келиб:
– Нега бизни алдадингиз? Масжидда ҳеч қандай мерос тарқатилмаяпти-ку? –дейишди.
Мен:
– Қандай қилиб? Ахир масжидда кимларни кўрдингиз? – деб сўрадим.
Улар:
– Қуръон ўқиётган қориларни ва ҳадис ўрганаётган толиби илмларни, –дейишди.
– Ана шу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросларидир, – деб жавоб бердим.
“Ўзимдан сўнг сизга икки нарса қолдирдим, агар уларни маҳкам тутсангиз ҳаргиз адашмайсиз. Улар Аллоҳнинг китоби ва Пайғамбарнинг ҳадисидир”, деган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин”.
Даврон НУРМУҲАММАД