Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Ноябр, 2024   |   23 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:59
Қуёш
07:22
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
24 Ноябр, 2024, 23 Жумадул аввал, 1446

Нурул изоҳ: ТАРОВЕҲ. КАЪБАДА ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗ. МУСОФИР НАМОЗИ. НАМОЗЛАРНИНГ ҚАЗОСИ. БЕМОРНИНГ НАМОЗИ.

17.03.2020   3408   13 min.
Нурул изоҳ: ТАРОВЕҲ. КАЪБАДА ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗ. МУСОФИР НАМОЗИ. НАМОЗЛАРНИНГ ҚАЗОСИ. БЕМОРНИНГ НАМОЗИ.

** Таровеҳ ***

Таровеҳ намози эркак ва аёлларга суннати муаккададир. Жамоат билан ўқилипш суннати кифоядир (яъни, баъзиларнинг масжидда жамоат билан ўқиши билан бошқалар уйларида ёлғиз ўқишлари мумкин бўлади).

Таровеҳ ўқиш вақти хуфтон намози вақти кирганидан то тонг отишидан бир оз аввалги пайтгачадир. Витр намозини таровеҳдан олдин ўқиш ҳам, кейин ўқиш ҳам дурустдир. Туннинг сўнгги учдан бир қисмига ёки иккинчи ярмига кечиктириши мустаҳабдир. Тун ярмидан кейинга қолдирилиши мақруҳ эмас.

 

*** Ракатлари сони ва адо қилиш тартиби ***

Таровеҳ намози йигирма ракат бўлиб, ўнта салом билан ўқилади.

Изоҳ: Таровеҳ намози, рўзанинг эмас, балки ўқилган вақтнинг суннатидир. Чунки, Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло сизларга Рамазонда рўза тутишни фарз қилди, мен эса кечаларнинг иҳёсини (таровеҳ ва бошқа ибодатлар билан ўтказилишини суннат қилдим» деганлар. Бунга кўра, бемор ё мусофир бўлиб, рўза тута олмаган кунлари ҳам таровеҳ ўқиш суннатдир.

Ҳар тўрт ракат таровеҳ намозидан сўнг, таровеҳ билан витр намози орасида ҳам тўрт ракат намоз ўқиш миқдорича ўтириш мустаҳабдир. Рамазони шарифда Қуръони каримни таровеҳ намозларида бир марта хатм қилиш суннатдир. Фақат жамоатни зериктириб қўядиган бўлса, уларга малол келмайдиган даражада ўқилади. Чунки қисқа ўқиш билан кўпроқ жамоатни жалб қилиш жамоатни зериктириб қўядиган даражада кўп қироат қилишдан афзалдир. Шунингдеқ, жамоатга малол келса ҳам, имом (ташаҳҳудда) “Аттаҳийёту”дан сўнг салавотларни ўқиши ва ҳар икки ракатнинг бошида санони ҳамда руку ва саждалардаги тасбеҳларни тарк қилмайди. Фақат жамоатга малол келган тақдирда (салавотлардан кейинги) дуони ўқимайди. Таровеҳ ўз вақтида ўқилмаса, ёлғиз ҳолда ҳам, жамоат билан ҳам қазоси ўқилмайди.

 

*** Каъбада ўқиладиган намоз ***

1. Каъбанинг хоҳ ичида, хоҳ устида бўлсин, фарз ва нафл намоз ўқиш дурустдир. Чунки Каъбанинг барча томонлари қибладир. Устида намоз ўқийдиган кишининг сутра қилиши шарт эмас. Фақат Каъба устида намоз ўқиш одобга зид бўлгани учун макруҳ.

2. Каъба устида ва ичида, орқаси имомнинг юзига бўлмаган жамоатнинг имомга иқтидо қилиши дурустдир, акс ҳолда, ножоиздир.

3. Каъба эшиги очиқ бўлганида, унинг ичидаги имомга ташқаридан иқтидо қилиш дурустдир.

4. Имом ва жамоатнинг Каъба ташқарисида ҳалқа шаклида намозга туришлари ҳам дурустдир. Фақат имом томонда Каъбага имомдан ҳам яқинроқ турган кишининг иқтидо қилиши дуруст эмас.

 

*** Мусофирнинг намози ***

Ўртача юришда йилнинг энг қисқа кунларида дам олиш онлари билан биргаликда узоқлиги уч кунлик йўл бўлган жойга сафарга чиқиш баъзи ҳукмларнинг ўзгаришига сабаб бўлади. Ўртача юриш деганда қуруқликда туянинг ёки пиёдаларнинг юриши назарда тутилган. Тоғда ҳам шунга муносиб бўлган масофа кўзда тутилади.

Денгизда эса ҳаво мўътадил пайтда мазкур вақт ичида босиб ўтиладиган масофа эътиборга олинади.

Изоҳ: Бу эски таъбир бўлиб, ўша даврларда елканли кемалар ҳаво ёрдамида ҳаракат киларди. Шамол қаттиқ эсса, кема тез, секинлашса секин, ҳаво мўътадил пайтда кема қуруқликдаги туя, пиёдалар тезлигида ҳаракат қиларди. Мана шу тезликда уч кунлик йўлга чиққан киши мусофир ҳисобланарди. Ҳозирги кунда эса, ҳар соатда қанча-қанча йўл босиб ўтувчи улкан кемаларнинг тезлиги сафар учун ўлчов бўла олмайди. Шунинг учун ўлчов ҳамон қуруқликдаги туя ёки пиёданинг меъёрий юришидир. Сафар қандай воситада амалга оширилишидан қатъи назар, тахминан туя миниб ёки пиёда юришда уч кунлик масофа босиб ўтилдими, киши мусофир ҳисобланди.

 

*** Намознинг қисқартирилиши ***

Сафарга чиқишга қарор қилган киши ўзи яшаётган жойнинг уйларидан ва шаҳар четидаги қабристон, отлар югурадиган майдонга ўхшаш шаҳарга туташ бўлган жойлардан ўтгач, тўрт ракатли фарз намозларни икки ракат қилиб қисқартириб ўқийди.

Агар мазкур қабристон ва югуриш майдонлари ораси далалар ёки отилган бир (камон) ўқи етгулик (тахминан 400 қадам) очиқ бўш жой билан ажралиб турган бўлса, улардан ўтиш шарт эмас.

 

*** Сафарнинг шартлари ***

Сафар нияти қуйидаги уч нарса билан дуруст бўлади:

1. Йўловчининг сафарга чиқишига қарор қилишда эркин ва мустақил бўлиши.

2. Балоғатга етган бўлиши.

3. Сафар йўлининг уч кунлик масофадан кам бўлмаслиги.

Демак, ўзи яшайдиган шаҳар ё мавзенинг уйларидан узоқлашмаган йўловчи ёки эри билан бўлган аёл, қўмондонига тобе бўлган аскар каби бошқага итоат қилган шахслар хўжаси сафарга ният қилмаган ёки уч кундан кам муддатга ният қилган бўлса, намозни мусофир каби ўқимайди. Йўлга чиқиши ва иқомат борасида тобе бўлганларнинг эмас, балки уларнинг амирларининг ниятлари эътиборлидир.

 

*** Мусофир намозининг ҳукми ***

Мусофирнинг намозни қаср қилиб ўқиши бизнинг ҳанафий мазҳабда азиматдир.

Изоҳ: «Азимат» луғатда бир нарсага қатъий қарор қилмоқ ва уни бажаришга бор кучи билан интилмоқ деганидир. Фиқҳ истилоҳида эса, шаръий амр ва наҳийларни, ҳеч қандай узрли сабабларга эътибор қилмасдан, асл шаклида адо қилмоқдир. Бунинг зидди бўлган рухсат эса, узрли сабаблар туфайли шаръий амр ва наҳийларни қулайлаштирувчи, рухсат берилган йўлни танлашдир. Масалан, таҳоратда ҳар сафар оёқни ювиш азимат, маҳси кийганида масҳ тортиш рухсатдир.

Тўрт ракатли фарз намозларини тўлиқ ўқиган йўловчи, агар илк қаъдада ўтирган бўлса, намози саҳиҳдир. Фақат (вожиб бўлган саломни кечиктиргани учун) макруҳдир (бу ҳолатда сўнгги икки ракат нафл ўрнига ўтади). Биринчи қаъдада ўтирмаган бўлса, фарзни тарк этгани учун намози саҳиҳ бўлмайди. Фақат учинчи ракатга тураётганида муқимликка ният қилса, намози саҳиҳ бўлади. Лекин вожиб бўлган биринчи ташаҳҳудни тарк этгани учун саҳв саждаси қилиши керак.

 

*** Қаср муддати ва муқимликка ният ***

1. Йўловчи ўз диёрига қайтгунича ёки бирор шаҳар ёхуд қишлоққа 15 кун қолишга ният қилгунича намозларини қаср ўқийди.

2. Агар бир жойда 15 кундан оз муддат қолишга ният қилса ёки ҳеч қандай ният қилмасдан, эрта-индин кетаман, деб йиллар давомида ўша жойда қолса ҳам, намозларини қаср ўқийверади.

3. Бирортасида кечаси тунашни қарор қилмаган икки шаҳарда, чўл ва адирларда ҳамда бадавийлар яшайдиган жойларда иқоматни ният қилиш дуруст эмас.

4. Шунингдек, (уруш пайтида) душман ерларида бўлган аскарларимиз ҳам (қанча қолишларини билмаганлари учун) иқоматни ният қилишлари дуруст эмас.

5. (Давлатга қарши чиққан) бир тоифани қуршовга олган ва у ерда кутаётган аскарларнинг ҳам (қанча қолишларини билмаганлари учун) иқоматни ният қилишлари жоиз эмас.

 

** Мусофирнинг муқимга ва муқимнинг мусофирга иқтидо қилиши **

Мусофир муқимга намоз вақтида иқтидо қилиши дуруст. Бу ҳолда у муқим каби намозни тўлиқ ўқийди. Вақт чиққач, мусофирнинг муқимга иқтидо қилиши дуруст эмас. Хоҳ вақт ичида бўлсин, хоҳ вақт чиққанидан сўнг бўлсин, муқимнинг мусофирга иқтидо қилиши дурустдир.

Мусофир муқимларга имом бўлса намозни бошламас-дан аввал ёки салом бергач, «намозингизни тамомланг, мен мусофирман» дейиши мустаҳабдир. Муқим мусофирга иқгидо қилганида мусофир намозни тамом қилганидан сўнг қолган икки ракатини қироат қилмасдан тамомлайди.

 

*** Вақтида ўқилмаган намозларнинг қазоси ***

Мусофир қазо қилган тўрт ракатли намозни муқим бўлганида ўқиса ҳам, икки ракат ўқийди. Муқим қазо қилган тўрт ракатли намозни сафарда ўқиса ҳам тўрт ракат ўқийди.

 

*** Ватан ҳақида ***

Кишининг туғилиб ўсган, уйланган ёки давомли яшаш мақсадида у ердан ажралишни хоҳламаган жойи ватани аслий дейилади.

Кишининг (камида) 15 кун ёки ундан ҳам кўпроқ муддат яшашга ният қилган жойи ватани иқомат дейилади.

Ватани аслий бошқа бир жойни ватани аслий қилиб олиш билан кучдан қолади.

Ватани иқомат ўзига ўхшаган бошқа жойда яшашга ният қилиш ёки у ердан йўлга чиқиш ёки ватани аслийга қайтиш билан бузилади.

 

*** Бемор кишининг намози ***

1. Бемор, тамоман туролмаса ёки қаттиқ оғриқ туфайли туриши қийин бўлса, ёки касаллигининг кучаниши ёки узоққа чўзилишидан қўрқса, намозини ўтириб, руку ва сажда қилган ҳолда ўқийди. Ўзига энг қулай шаклда ўтиради, булардан бошқа ҳолларда кучи етганича тик туриб ўқийди.

2. Бемор намозини ўтирган жойида руку ва сажда қилган ҳолда ҳам ўқий олмаса, имо-ишора билан ўқийди, фақат сажда қилиш учун бошини рукуда эгганидан кўпроқ эгади. Акс ҳолда намози дуруст бўлмайди.

Изоҳ: Чунки Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва соллам бир беморнинг зиёратига бориб, олдига ёстиқ қўйиб, унинг устига сажда қилаётганини кўрадилар ва олдидан ёстиқни оладилар. Бемор ёстиқни такрор олдига олганида ёстиқни яна унинг олдидан оладилар ва «Агар кучингиз етса, ерда намоз ўқинг, кучингиз етмаса, имо-ишора билан ўқинг ва саждада бошингизни рукудагидан кўра кўпроқ эгинг», дейдилар.

3. Бемор сажда қилиши учун бирор нарса баланд қилиб

қўйилмайди. Бирор нарсани кўтариб қўйса, саждада бошини рукуда эгганидан кўра кўпроқ эгса, намози дуруст бўлади. Акс ҳолда, намози дуруст эмас.

4. Беморнинг ўтириб намоз ўқишга ҳам кучи етмаса, чалқанча ёки ёнбошлаб ётган ҳолда имо-ишора билан намоз ўқийди. Бу ҳолда чалқанча ётиб ўқиш яхшироқдир. Юз қиблага қараб туриши учун беморнинг бошига ёстиқ қўйилади. Агар кучи етса, оёқларини қиблага узатмаслиги

учун оёқларини йиғиштириб олади. 

5. Имо-ишора билан ҳам намоз ўқишга кучи етмаган бемор, ўзига айтилаёган нарсаларни тушунса, намозини кечиктиради (сўнгра қазосини ўқийди). «Ҳидоя» соҳибига кўра бу дурустдир. Фақат яна «Ҳидоя» соҳиби «Тажнис» ва «Мазил» номли асарларида имо-ишора билан намоз ўқишдан ожиз қолиш муддати беш вақт намоздан ортиқ давом этса, бемор айтилган нарсаларни тушунса ҳам, намоз ўқиш мажбурияти ундан соқит бўлади, деганлар, «Қозихон» ва «Муҳит» муаллифи ҳам буни тасдиқлаганлар. Шайхул-Ислом ва Фахрул-Ислом ҳам бу нуқтаи назарни ихтиёр қилганлар. «Зоҳирийа» китобида фатво шунга дейилган. «Хулоса» китобининг соҳиби ҳам мазкур ҳукмни ихтиёр қилган, «Йанобиғ», «Бадоиъ» ва «Вал-волижий» асарларининг соҳиблари ҳам бу фикрни тўғри деганлар. Барчасини Аллоҳ раҳмат қилсин.

 

*** Турли масалалар ***

1. Боши билан имо-ишора қилишга кучи етмаган киши кўзи, қоши ёки қалби билан имо қилиб намоз ўқимайди чунки сажда қош, кўз ва юрак билан эмас, бош билан қилинади.

2. Тик туриб ўқишга кучи етиб, руку ва сажда қилишга кучи етмаган киши намозини ўтирган жойида имо-ишора билан ўқийди.

3. Соғлом киши намоз ўқиётганида тоби қочса, кучи етган шаклда имо билан бўлса ҳам намозини тамомлайди.

4. Ўтирган жойида руку ва сажда қилиб намоз ўқиётган киши, намоз асносида ўзини яхши ҳис қилса, ўрнидан туриб намозини давом эттиради ва шу тарзда тамомлайди. Руку ва сажда қилолмасдан имо билан ўқиётган киши (ўзини яхши ҳис қилса) намозни бошидан қайта ўқиши керак.

5. Эсини йўқотган ва хушидан кетган кишининг бу ҳолати беш вақт намоз мобайнида давом этса, ўзига келгач, бу намозларининг қазосини ўқийди. Беш вақтдан кўпроқ давом этса, қазосини ўқимайди (ундан соқит бўлади).

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Намоз ва рўзанинг каффорати;

Киши қачон каффорат учун васият қилади?

Қанча каффорат берилади?

Фидя (товон) кимга тўланади?

Ўз вақтида ўқилмаган намозларнинг қазоси;

Тартибни бекор қиладиган сабаблар;

Турли масалалар;

Фарз намозига етишиш бўлими;

Суннатнинг қазоси;

Жамоат ва унинг фазилати;

Турли масалалар;

Саҳв саждасининг ҳукми;

Вожибни билатуриб, тарк қилиш;

Саҳв саждасининг ўрни;

Саҳв саждаси қачон соқит бўлади?

Кимлар саҳв саждаси қилиши лозим?

Намоздаги баъзи хатолар;

Намоз шубҳа билан қачон бузилади?

Шубҳанинг кўп бўлиши;

Тиловат саждаси, сабаби, ҳукми, вақти;

Тиловат саждаси кимларга вожиб, кимларга вожиб эмас?

Тиловат саждасининг вақти ва шакли;

Жойни ўзгартирадиган сабаблар;

Жойни ўзгартирмайдиган сабаблар;

Турли масалалар;

Тиловат саждасининг саҳиҳ бўлиш шартлари;

Адо этиш тартиби;

Шукр саждаси;

Ҳар балонинг даф қилиниши ҳақида;

Кутубхона
Бошқа мақолалар

Бугуннинг имоми

22.11.2024   5637   1 min.

"Имом Бухорий ордени" соҳиби, Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби - Раҳматуллоҳ домла Усмонов ҳаёти ва фаолияти ҳақида "Зиё" медиа маркази томонидан тайёрланган ҳужжатли фильм.