Бу ҳақида ўн тўрт асрдан бери айтиб келинади
Бугунги кунда дунё бўйлаб коронавирус тарқалиши муносабати билан соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича турли кўрсатмалар келмоқда. Энг кўп таъкидланаётган чоралардан бири “Аксириш чоғида оғизни қўл ёки салфетка билан тўсиш” экани эслатилмоқда.
Буни қарангки, аксириш чоғида оғизни қўл ёки бирор нарса билан тўсиш ҳақида севикли Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмалари келган бўлиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ушбу кўрсатмаларига амал қилиб, бизга ибрат бўлганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар акса урсалар, оғизларига қўлларини ёки кийимларининг бир учини қўярдилар ва овозларини пасайтирардилар ёки беркитардилар” Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти.
Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аксирганда бажарадиган одоблари зикр қилинмоқда. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам акса урсалар қўллари ёки кийимларининг бир учи билан оғизларини тўсиб, овозларини пасайтирар эканлар.
Киши аксирганда оғзидан таом қолдиқлари, сўлак ва ҳоказо нарсалар ташқарига отилиши, яқинроқда турган кишига тегиши мумкин. Суҳбатдошингиз аксириб, қўли билан оғзини беркитмаганда, ундан учиб чиққан сўлакнинг сизга тегишини тасаввур қилиб кўринг. Қўлни қўйиш ёки бирор нарса билан беркитиш орқали ўша ноқулай ҳолатнинг олди олинади.
Агар аксираётган киши бирор касалликка, жумладан, грипп, коронавирусга чалинган бўлса, аксириш орқали турли зарарли вируслар атрофга учиши, суҳбатдошга етиб бориши, касаллик кенг тарқалишига боис бўлиши мумкин. Қўлни қўйиш ана шу тарқалишнинг олдини олади.
Инсон бехосдан аксирганда овози баландлаб кетади. Бундай кескин ва баланд овоз атрофдагиларни чўчитиб юбориши, кексалар, ҳомиладор аёллар ва ёш болаларнинг қаттиқ қўрқиб кетишига олиб келиши мумкин. Бордию ўша жойда кимдир ухлаётган бўлса, унинг чўчиб уйғониши ва бошқа ҳолатлар кузатилиш мумкин. Овозни пасайтириш орқали эса одамлар чўчиб кетишининг ҳамда аксирувчининг оғиз бўшлиғидаги баъзи аъзолари шикастланишининг олди олинади.
Биргина набавий кўрсатмада шунча фойда, одоб бор. Саломатликни сақлаш, турли ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш учун ушбу суннатга амал қилишимиз лозим.
Олимлар, мутахассислар, шифокорлар бугун инсониятга касалликлардан сақланиш чораси сифатида эълон қилаётган кўрсатмалар бундан ўн тўрт аср олдин Ислом динида айтиб қўйилган ва унга амал қилиб келинмоқда.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг ҳидоятидан айирмасин ва хотимамизни чиройли қилсин!
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Холис фикр
Бир нуроний тоғамиз бор. Қариндошлар йиғилиб зиёратига бордик. Суҳбатлашиб ўтирганимизда даврадагилар ўтганларимизни суриштира кетди ва: “Фалончи билан писмадончи қандай қариндош, писмадончи билан фалончи?..” қабилидаги саволларни ёғдирди. Тоғамиз: “Улар ота бир она бошқа...” ва шунга ўхшаш жавоблар бераверди. Қарасак, бутун қишлоқ бир-бирига қариндош чиқяпти. “Боваларимиз роса кўп уйланган экан-да ўзиям”, деди бири маломат қилган оҳангда. Унга жавобан тоғамиз: “У вақтларда бева аёл бўлмасди, қайсики аёлнинг эри ўлдими, эркаклардан бири уйланарди ва болаларини қарамоғига оларди”, деди.
Бу энди ўтган замоннинг гапи. Ҳозирги вақтда бевалар ва етим-есирлар давлатимиз ҳимоясида, уларга эрнинг нима кераги бор!.. Аммо шунчалик кўп тақиқларга, ваъз-насиҳатларга қарамай, кимларнингдир иккинчи хотинга уйланиш ниятида юргани қулоққа чалиниб қолади. Ана шундай дамларда ўша эркакни гўрдан олиб гўрга солишлар бошланади: хотинбоз, пулмаст, суюқоёқ ва ҳоказолар...
Эҳтимол, бу айбловларнинг ҳаммаси ҳам нотўғри эмасдир. Аммо масаланинг яна бир жиҳати бор: аксар ҳолларда эрининг уйланишига аёлнинг ўзи ташаббускор бўлади. Масалан, аёл бир, икки фарзандли бўлганидан сўнг эри учун эмас, тўйларга, ҳашамларга бориш учун безанади, камига шу ишни эрининг кўз ўнгида қилади; эрига эса катта ўғлига ўдағайлаётгандек муомала қилади.
Эри иш буюрса, бажармайди; чорласа, саркашлик қилади. Ана шундай чоқда эр жаҳл устида (ният қилиб эмас, албатта): “Ҳа, бир ҳурматимни биладиган хотин олмасам”, деб қўяди. Шунда аёл: “Астағфируллоҳ, ундай деманг-ай, хатоларим бўлса, тўғрилаб оламан”, демайди-да, “Қани, бир уйланиб кўринг-чи!” деб нафсониятига тегади. Бу гапни бир марта айтиш билан кифояланмайди. Оқибатда эрининг пўписа учун айтган ўша гапи ниятга айланади. Чунки хотини кейинги можароларда: “Сизга ким ҳам тегарди ўзи”, “Уйланишни сизга ким қўйибди” қабилидаги гапларни қайтаравериб, ўзи билмаган ҳолда эрини уйланишга мажбурлашда давом этади. Кейин эса буёғи маълум: эр – бевафо, хотин –жабрланувчи!
Профессор, доктор Аҳмад Лутфий Қозончининг “Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг завжалари (завжати мутаҳҳирот)” асарида ушбу масалада ниҳоятда ибратли таъриф келтирилган: “Абу Салама розияллоҳу анҳу кўз нури деб билган хотинидан бошқа гул ҳидини ҳидламаган эди. Чунки Умму Салама розияллоҳу анҳо (онамиз) эркак ўз хотинидан кутадиган барча гўзалликларни унга нисор этарди, натижада иккинчи хотинга эҳтиёж қолмаганди ва иккинчи никоҳнинг номи ҳам айтилмаганди”.
Мушоҳада қилиб кўрайлик, азизлар, аёллар Умму Салама онамиздек бўлса, эри ўзини қандай ҳолда кўришни истаганда, ўшандек кўринишга ҳаракат қилса, кунларини ўзининг кайфиятига қараб эмас, эрига парвона бўлиб ўтказса, эркакка иккинчи хотин ташвиши нима керак!
Дарҳақиқат, тақиқлар, жарималар, дўқ-пўписалар, айниқса, ушбу масалада кутилгандек самара бермайди. Зотан, тақиқланган мева ширин туйилади, деганларидек, эркакларнинг қизиқишини янада кучайтиради, холос. Ҳамма гап аёлларнинг ўзида – эрларини тезлайвермаса, шунинг ўзи кифоя.
Дамин ЖУМАҚУЛ