- Уламоларнинг якдил фикрига кўра Имом Aбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ тобеинлардан ҳисобланади. Манбаларда имомнинг нечта саҳобани кўрганлиги тўғрисида турли хил маълумотлар мавжуд. “Соҳиби Икмал” Қози Иёзнинг хабар беришича, улар йигирма олти киши бўлган, ҳофиз Ибн Ҳажар эса саккизта саҳобани кўрган, дейди. Етмиш иккита саҳоба билан учрашган деб маълумот берган Ҳафиз Миззий каби олимлар ҳам бор.
- Кўп сонли муҳаддислар, Ҳанафий, Шофеъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари уламолари имомнинг илмда ҳар томонлама кучли ва етакчи эканлигини бир овоздан тан олишган.
- Имом Аъзам раҳимаҳуллоҳ ўша пайтда ҳадис марказларидан бири бўлган Куфада яшаган. Бу шаҳарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минглаб саҳобалари яшаб ўтишган. Куфада мингдан ортиқ факиҳлар етишиб чиққан, улардан юз элликтаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари эди. Куфа ҳазрати Aбдуллоҳ ибн Масъуд ва Aбу Ҳурайра розияллоҳу анҳумлар яшаган шаҳардир.
- Aбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ 4000 та ҳадис ривоят қилган, улардан 2000 тасини устози Имом Ҳаммод орқали қабул қилган.
- Имом Aбу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳаёти давомида ўзининг тижорат молларидан йўқсил ва муҳтожларга муттасил хайру саховат қилиб ўтган.
- Ироқ ҳокими Ибн Хубайр ҳукмронлиги даврида Aбу Ҳанифага бош қозилик лавозими таклиф этилганда, уни рад қилди. Aбу Жаъфар Мансур даврида ҳам бу лавозим таклиф қилинди ва у яна қабул қилмади.
- Имом сажда пайтида вафот этди. Унинг жанозасига эллик мингдан ортиқ одам қатнашди ва олти марта жаноза намози ўқилди. Охиргисини унинг ёлғиз фарзанди, ўғли Ҳаммод адо қилди.
«Мўйи муборак» жоме масжиди имом-хатиби
Луқмон Аблақулов тайёрлади
Исломда "ғулув" дин илмини англашда ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "Айтинг: "Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!" (Моида сураси, 77-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссалом "Аллоҳ таоло шариатда зиёда чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар", деб уч марта айтишларида, динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирмоқдалар.
Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-оқибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оқим ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш натижасида содир бўлган.
Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар. Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ.
Ғулувга кетиш, саркашлик, итоатсизлик, манмансираш каби иллатлардан холи бўлган ўтмиш аждодларимиз динимизни асраб-авайлаб, бизгача етказдилар. Шундай экан, диннинг мусаффолигини асраш ва уни келажак авлодга асл холича етказиш бизнинг вазифамиздир.
Абдуғоффор Ҳакимов, Мингбулоқ тумани
"Қўш қишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби