Иорданиялик машҳур илоҳиётшунос олим Шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда ва таниқли олим Шайх Ҳамза ал-Бакри бошчилигидаги 12 нафар меҳмонлар Қашқадарёга ташриф буюришди. Уларга “Ҳилол нашр” нашриёти раҳбари, Тошкент шаҳридаги “Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Исмоилжон Муҳаммад Содиқ ҳамроҳлик қилди.
Меҳмонлар дастлаб Қарши тумани Қовчин қишлоғида жойлашган “Абул Муин ан-Насафий” зиёратгоҳида бўлиб, улуғ бобокалонимиз мақбараларини зиёрат қилишди. Бу ерда замонамиз олимлари Абу Муин ан-Насафийнинг Ислом оламида тутган ўрини ва даражаси, қолдирган асарлари ва динимиз софлигини асраш йўлидаги улуғ хизматларини ёдга олишди.
Маълумот учун, Шайх Саъид ибн Абдуллатиф Фуда – ақоид (калом), мантиқ ва усулул-фиқҳ илмлари бўйича замонамизнинг етук олимларидан бири. У киши 1967 йили Фаластиннинг Ҳайфа шаҳрида туғилган, кейинчалик ота-онаси билан Аммон (Урдун) шаҳрига кўчиб ўтган.
Шайх Саъид Фуда замонамизнинг кўплаб етук алломалари, жумладан, суриялик Абдулҳодий Харса, Адиб Каллас, ироқлик Абдулқодир Оний (шайх Абдулкарим Мударриснинг шогирди), Миср муфтийси Али Жума, Абдулбосит Қаттоний ва доктор Умар Комил каби олимлар билан яқин ҳамкорлик қилиб келмоқдалар.
Шайх Саъид ҳазртлари дунёвий илмлардан ҳам бохабар бўлиб, инглиз ва итальян тилларини яхши ўзлаштирганлар, Урдун фан ва техника университетининг Электротехника факультетини “электрон алоқа воситалари” ихтисоси бўйича тамомлаганлар. Шайх Саъид Фуда Аҳли сунна вал жамоа ақийдага бағишланган кўплаб китоблар муаллифи ҳисобланадилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Cавол: Тил ва лабни ишлатмасдан Қуръони каримни ўқиб чиқса, хатм қилган ҳисобланадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қуръони каримни хатм қилган бўлиши учун ҳарфларни тил билан талаффуз қилиб, камида ўзи эшитадиган даражада ўқиган бўлиши керак. Чунки нутққа тегишли ҳукмларда энг камида ўзи эшитиши шартдир. Шунга кўра бирор шахс сажда оятини ичида, ўзи эшитмайдиган даражада ўқиса, тиловат саждасини қилиши вожиб бўлмайди. “Шарҳул виқоя” ва унинг шарҳи “Умдатур ривоя” китобида қуйидагилар айтилган:
وأَدْنَى المخافتةِ إسماعُ نفسِه، هو الصَّحيح وهذا قول أبي جعفر الهندواني - رضي الله عنه - إذ مجرد حركة اللسان لا تسمى قراءة بدون صوت عنده،
“Махфийликнинг энг ками ўзига эшиттиришдир. Саҳиҳ гап ҳам шу. Бу Абу Жаъфар Ҳиндувоний розияллоҳу анҳунинг сўзидир. Чунки тилнинг ўзини овоз чиқармасдан қимирлатиш бу кишининг наздида қироат ҳисобланмайди”.
Гапира олмайдиган одамлар, агар тилини қимирлата олса, шундай ўқийди. Буни ҳам қила олмаса, кўзнинг ўзи билан, қалби билан ўқийди. Фақиҳларимиз соқов инсоннинг намози, такбир айтиши, қироат қилишини баён қила туриб, уларнинг тил билан такбири таҳрима айтиши шарт эмас дейишган. Шунга кўра гапира олмайдиган кимсалар Қуръони каримни кўзи билан ўқиб, хатм қилаверадилар.
ولا يلزم العاجز عن النطق بها كالأخرس تحريك لسانه وكذا في حق القراءة هو الصحيح لتعذر الواجب
“Соқов каби гапира олмайдиган одамнинг тилини қимирлатиши вожиб эмас. Қироат қилишидаги ҳукм ҳам мана шу ва бу гап саҳиҳдир. Чунки у вожиб бўлган амални қила олмайди”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.