Тошкент вилояти Зангиота туманидаги “Абдужалилбоб” жоме масжиди янги биноси қурилиши бошланиши муносабати билан маросим бўлиб ўтди. Унда вилояти бош имом-хатиби Хайруллоҳ домла Турматов нуроний отахонлар билан бирга масжиднинг янги биносига илк ғиштни қўйиб бердилар.
Тадбирда Хайруллоҳ домла вилоятдаги жами 52 та масжидларда қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари бўлаётгани, бундан мақсад намозхонлар учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш экани ҳақида алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, хайрли ишга жонбозлик кўрсатаётган, сабот ва матонат билан хизмат қилаётганлар икки дунёда улкан ажру савобга эга бўлиши таъкидланди.
Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, динимиз ривожи, юрт тараққиёти, халқ фаровонлигини сўраб хайрли дуолар қилинди, қурилиш ишларига муваффақият тиланди.
Маълумот учун, 2018 йилнинг 5 январь куни Юртбошимиз Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятдаги таъмирга муҳтож ва авария ҳолатидаги масжидларни аниқлаб, уларни қайта қуриш ва таъмирлаш чораларини кўриш юзасидан кўрсатма бергандилар. Шу муносабат билан 2018 йил 15 февралда Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарор қабул қилиниб, вилоятда 29 та жоме масжидни қайта қурилиш белгиланган эди. Зангиота туманидаги “Абдужалилбоб” жоме масжиди янги биноси қурилиши ҳам юқоридаги кўрсатма ва қарор ижроси сифатида амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Исломда "ғулув" дин илмини англашда ҳаддан ошишдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: "Айтинг: "Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз!" (Моида сураси, 77-оят).
Расулуллоҳ алайҳиссалом "Аллоҳ таоло шариатда зиёда чуқур кетувчилар ҳалок бўлдилар", деб уч марта айтишларида, динда ҳаддан ташқари зиёдалик қилиш инсонни ҳалок қилиш билан тенг эканлигидан огоҳлантирмоқдалар.
Динда ғулувга кетиш мусулмон жамиятларида ихтилоф ва гуруҳбозликка, фитнага ва охир-оқибат ақиданинг бузилишига олиб келади. Ислом тарихида хавориж, мўътазила ва бошқа оқим ва тоифаларнинг вужудга келиши ҳам, асосан, динда ғулувга кетиш натижасида содир бўлган.
Айни вақтда, ғулувга берилганлар динни ўта оғир ва машаққатли тушунтирганлари боис одамлар тўғри йўлдан адашиб, ундан безиб қоладилар. Динда ғулувга кетиш ҳақида сўз юритилганда ақидапараст оқимларнинг ақидавий масалаларда ғулувга кетганлари ва уларнинг хатолари ҳамда бу эътиқодлари соф исломий таълимотларга нақадар зид эканини эсламасдан иложи йўқ.
Ғулувга кетиш, саркашлик, итоатсизлик, манмансираш каби иллатлардан холи бўлган ўтмиш аждодларимиз динимизни асраб-авайлаб, бизгача етказдилар. Шундай экан, диннинг мусаффолигини асраш ва уни келажак авлодга асл холича етказиш бизнинг вазифамиздир.
Абдуғоффор Ҳакимов, Мингбулоқ тумани
"Қўш қишлоқ" жоме масжиди имом-хатиби