Куннинг мулоҳазаси
Ҳозиргина "Муносабат" кўрсатувининг навбатдаги сони намойиш қилинди. Нега болалар, ўсмирлар, ёшлар тарбиясиз? Нега янги туғилган чақалоқлар ўлдирилиб ёки тириклай ташлаб кетиляпти? Нега аёл жазман эркак жазманни пичоқлаб ўлдиряпти? Нега келинлар уй ишларини қилиш, боласини тарбиялаш ўрнига сериаллардан ва телефонидан кўз узмайди? Нега қарияларнинг қадри ва ўрни йўқолиб боряпти? Нима қилиш керак, нега? деган саволлар ҳурматли Қуддус Аъзам томонидан бир неча марта айтилди?
Ҳақиқатга яқинроқ жавоб кўрсатувда иштирок этган Жасур домла томонидан айтилди: Биз фарзандларимизга илм беришимиз, диёнатни ўргатишимиз керак ва Қуддус Аъзамнинг ўзи тез айтиб ўтди: Ислом дини чақалоқларни тириклайин кўмишга чек қўйган дин бўлди. Шундай қилиб, нима қилиш керак? Болаларимизни китобга қайтаришимиз керак, болаларимиз (ва катталаримиз) албатта Аллоҳдан қўрқишлари керак, яъни номаъқул ишларни қилишдан тийилишларига асос, қўрқув бўлиши керак. Демак, жамият аъзоларига Аллоҳни танитишимиз зарур. Иккинчи томондан, қонунларни ўргатишимиз, тушунтиришимиз керак. Ҳар иккала ҳолатда номаъқул иш учун жазо муқаррарлигини инсон албатта билиши, ҳис қилиши керак.
Шу ўринда, ҳар ҳафтада Умра зиёратига бориб келаётган минглаб (!) юртдошларимиз ҳеч бўлмаса ўз яқинларига маънавий руҳий покланиш нима, бировнинг ҳақини емаслик, сабр, шукур, Аллоҳдан қўрқиш нима эканини тушунтириб берсалар аъло иш бўлар эди.
PS: Айни дамда телевизорда аэробика тўғрисида кўрсатув бўляпти. Кўрсатув бекаси "Мен ҳар куни бир соат (?) миллий рақс ва бир соат (?) аэробика ҳаракатларини бажараман. Албатта болалар тарбиясига вақт топмайди.
Шоазим Миноваров,
Ислом цивилизацияси маркази директори
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Бир биродаримнинг қалби нотинч бўлмоқда. Шу биродарим номидан ушбу саволни йўлламоқдаман. Бомдод намози вақтида имомликка у кишидан бошқа тажвиди яхши киши бўлмагани сабабли, жамоатга намоз ўқиб берган. Намоздан сўнг бавосир касаллиги эсига тушиб, таҳоратхонага бориб қараса, кийимида қонни кўриб қолибди. У қон намоздан олдин чиққанми ёки кейин, буни аниқ билолмаяпти. Энди ўқилган намозимиз тўғрими ёки йўқми, жамоатга: “Намозингизни қайта қазо қилиб ўқиб қўйинг”, деб айтайми-йўқми, билмай турибман, деб кўнгли нотинч бўлмоқда. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Киши кийимида нажосат кўриб қолиб, унинг қачон текканини била олмаса, кўрган вақтидан бошлаб теккан ҳисобланади. Аммо бу ҳукм ташқаридан теккан ёки ташқаридан тегиши эҳтимоли бор бўлган нажосатларга тегишли. Агар қон ёки йиринг ўзининг баданидан чиққани аниқ бўлса, бунда кийим нажосат бўлиш билан бирга таҳорат ҳам кетган бўлади. Кўрган пайтда қон ёки йиринг қотган ҳолатда бўлса, у аввалроқ чиққан ҳисобланади. Агар ҳўл ҳолатда бўлса, ҳозир чиққан ҳисобланади. Демак, биродарингиз қонни кўрган вақтда, у ҳўл ҳолатда бўлса, намозни қайта ўқиш шарт эмас. Агар қон қуриб қолган бўлса, биродарингиз намозни қайта ўқиши лозим. Жамоатга келсак, қаралади, агар уларга айтилса, фитнага сабаб бўлса, уларга бу ҳақида айтилмайди. Балки имом ўзи қайтиб ўқийди ва истиғфор айтади. Жамоатнинг намози дуруст бўлган ҳисобланади. Лекин жамоатга бу ҳақида айтса, фитна ва ихтилоф чиқмайдиган бўлса, у ҳолда уларга ҳам бу ҳақда айтиб қўйиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази