Шу йилнинг 8-13 февраль кунлари Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида 27- халқаро Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақа машҳур Қуръон ҳофизларини Аллоҳ таолонинг каломи шарифига кўрсатган беқиёс хизматлари учун тақдирлашнинг юксак намунаси сифатида таниқли машҳур Қуръон ҳофизи, марҳум Шайх Абдулбосит Абдуссомад номи билан аталди. Тўрт йўналишда ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада вакилимиз Тошкент ислом институти ўқитувчиси Валихон қори Азимбоев Қуръони каримни тажвид қоидаси асосида тўлиқ ёддан ўқиб бериш билан бирга Қуръони каримнинг луғавий маъноларини ҳам билиши йўналишида қатнашди. Мусобақа давомида 65 та давлатдан келган етук қорилар ўзаро рақобатлашди.
Мусобақа иштирокчилари учун Миср Араб Республикасининг диққатга сазовор жойларига зиёрат ташкил қилинди, унда иштирокчилар Қоҳира шаҳрининг марказида жойлашган Миср тарихий музейига ташриф буюрдилар. Иштирокчилар Миср тарихи, унинг асрлар оша маданияти тўғрисида маълумотларга эга бўлишди.
Халқаро алоқалар бўлими
2025 йилги Ҳаж сафарида иштирок этган юртдошларимиз “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” ташаббуси доирасида фаол иш олиб бормоқдалар. Ушбу ташаббус доирасидаги навбатдаги намунавий-амалий тадбир Фарғона вилояти Данғара туманида бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Убайдуллоҳ домла Абдуллаев иштирок этиб, тадбирга бошчилик қилди. “Саййид Аҳмадхон ҳожи” жоме масжидида ўтказилган йиғилишда тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ тузилиб, устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ишчи гуруҳ уч йўналишда фаолият олиб борди. Жумладан:
– Ҳаждан қайтган зиёратчилар маънавий-маърифий тадбирларга жалб этилди;
– 65 та оилага борилиб, маънавий суҳбат ва амалий ёрдамлар кўрсатилди;
– 9 та хонадондаги руҳий-маънавий қийинчиликлар ўрганилиб, маслаҳатлар берилди.
– Оилавий келишмовчилик сабабли нотинч бўлиб турган оилаларга суҳбат ва насиҳатлар ўтказилди. Натижада 2 та аразлашган оила яраштирилиб, 1 та ажримнинг олди олинди;
– Судланганлар, жазо муддатини ўтаётганлар ҳамда уларнинг оилалари билан мулоқот қилинди.
– Ногирон ва эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиниб, моддий-маънавий кўмак кўрсатилди.
Туманнинг Таптиқсарой маҳалласида ёнғин оқибатида зарар кўрган хонадонни қайта таъмирлаш ишлари ҳомийлар ва ҳожилар кўмагида бошлаб юборилди. Бош имом-хатиб Убайдуллоҳ домла ушбу хонадонга ташриф буюриб, мулоқот қилди ҳамда тавсиялар берди.
Бундан ташқари, “Доимобод” маҳалласидан бўлган, ногиронлиги бор фуқаронинг уйига ҳам ташриф уюштирилиб, тугалланмаган уй қурилиши учун зарур қурилиш материаллари етказилди.
Пешин намозидан сўнг Ишчи гуруҳ таркибидаги иқтидорли имом-хатиблар жамоатга маъруза қилиб, тинчлик, осойишталик ва халқ фаровонлиги учун дуо қилдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фарғона вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати