7 февраль куни Нур-Султон шаҳрида бўлиб ўтган Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг навбатдан ташқари ІХ қурултойида Қозоғистоннинг Бош муфтийси сайланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қозоғистоннинг янги бош муфтийси Наврўзбай ҳожи Таған ўғлини шарафли вазифа билан қутлаб, қуйидаги табрикни йўлладилар:
Ҳурматли, Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармаси раиси, Бош муфтий Наврўзбай ҳожи Таған ўғли ҳазратлари!
Сизни Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий этиб тайинланганингиз билан чин қалбдан, самимий муборакбод этаман. Ушбу шарафли вазифани адо этишингизда, Аллоҳ таолодан Сизга куч-қувват ва улкан зафарлар тилайман.
Маълумки, халқларимиз азалдан бир заминда яшаб, бир дарёдан сув ичган. Оғир дамларда бир-бирига ёрдам қўлини чўзган, ҳол-аҳвол сўраган. Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: “Ўзбек ва қозоқ бир-бирига елкадош бўлиб, аҳл-иноқ яшаб келган илдизи бир халқдир”. Бунинг ёрқин мисоли, Сиз ҳурматли Наврўзбай ҳожи Таған ўғли ҳазратларининг бизнинг заминда ўқиб, таҳсил олганингиздир.
Яратганга шукрки, сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқиб, жадал ривожланиб бормоқда. Икки давлат президентларининг бу йўлдаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга лойиқ.
Шу ўринда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланиб бораётгани бизни янада қувонтирмоқда.
Биз дин пешволари халқларимиз орасидаги яқин қўшничилик ва дўстлик алоқаларини янада ривожлантиришга ҳамда Ислом дини маърифатини кенг ёйишга бор кучимизни сафарбар этишимиз лозим, - дейилади табрик матнида.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу йил 3-4 январь кунлари Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг ўқув ишлари бўйича раҳбар ўринбосарлари, ўқув-услубий ва ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат бўлимлари бошлиқлари учун қисқа муддатли малака ошириш курси ташкил этилди.
Ўқув-машғулотларини Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Мотурудий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ички ишлар вазирлиги мутахассислари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент давлат педагогика университети, Тошкент ислом институтидан жалб қилинган профессор-ўқитувчилар замонавий ахборот технологиялари ва интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда олиб борди.
Мазкур малака ошириш курсидан кўзланган мақсад диний таълим муассасаларининг ўқув-услубий, маънавий-маърифий йўналишидаги масъул ходимларнинг илмий салоҳиятини ошириш, замонавий педагогик усулларни жорий қилиш ва таълим сифатини яхшилаш саналади.
Якунда тингловчиларга мазкур малака ошириш курси якунлагани тўғрисидаги сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати