Саййидул истиғфор
Ривоят қилинишича, истиғфорларнинг энг афзали ушбудир: «Аллоҳумма анта Робби. Ла илаҳа илла анта. Холақтани ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту, аъузу бика мин шарри ма сонаъту ва абуъу лака биниъматика ъаллайя ва аътарифу би зунуби, фағфирли зунуби иннаҳу ла яғфируз-зунуба илла ант».
Ё Аллоҳ! Сен менинг Раббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени Сен яратдинг. Мен Сенинг қулингман. Мен кучим еттунча Сенга берган аҳд ва ваъдамда собитман. Қилган ишларим ёмонлигидан асрашингни сўрайман, берган неъматларингни эътироф қилдим. Гуноҳларимни тан оламан. Мени кечиргин, Ё Аллоҳ! Сендан ўзга кечиргувчи йўқдир (Имом Термизий. «Даъват», 3393-ҳадис).
Яна бир истиғфор дуоси
«Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ, астағфируллоҳ ал-ъазийм ал-Карийм, аллазий ла илаҳа илла ҳу, ал-Ҳайюл- Қоййўм ва натубу илайҳ ва насъалуҳут-тавбата вал-мағфирота вал-ҳидаята лана иннаҳу ҳуват-таввабур-роҳийм. Тавбата ъабдин золимин линафсиҳи ла ямлику линафсиҳи мавтан вала ҳайатан вала нушуро».
Маъноси: Аллоҳдан мағфират сўрайман! Азим ва Карим, Ундан бошқа ҳеч илоҳ бўлмаган, Ҳайй ва Қайюм Аллоҳдан мағфират сўрайман. Унга қайтамиз. Тавбамизни қабул этиб, мағфират ва ҳидоят насиб қилишини тилаймиз, чунки У тавбаларни қабул қилгувчи, раҳмли, меҳрибондир. Нафсига зулм қилган, ўлдириш ва қайта тирилтиришга ожиз бўлган банданинг тавбаси каби тавба қиламиз.
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сеҳрни сеҳр билан даволанмайди, балки шариатга мувофиқ дам солдириш, “Фотиҳа”, “Оятал курсий”, Бақара сурасининг охирги икки ояти, “Ихлос”, “Фалақ” ва “Нас” сураларини ўқиб, ўзига дам солиш, доимо таҳоратли юриш, фарз ибодатларни вақтида бажариш, кўп қироат ва зикру тасбеҳда бўлиш тавсия этилади.
Тарихдан маълумки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни Лабийдул яҳудий ва унинг қизлари ўн бир тугунли ип билан сеҳр қилишганда “Фалақ” ва “Нас” сураларини ўқиб паноҳ сўрашга буюрилдилар. У зот ушбу сураларни ўқиб сеҳрдан халос бўлдилар (“Тафсири Жалолайн” китоби).
Аввало, фолбинлик, сеҳр билан шуғулланадиган кишилардан узоқ бўлиш, сеҳр ҳам Аллоҳ таолонинг изнисиз таъсир қилмаслигига қаттиқ ишониш керак.
Сеҳр билан шуғулланиш – оилаларнинг бузилиши, силаи раҳмнинг узилишига сабаб бўладиган оғир жиноятдир. Ҳозирги кунда ҳам сеҳрнинг иситиш-совутиш деган тури кўп учрайди. Баъзи опа-сингилларимиз тушунмасдан эримни ўзимга иситаман, деб фолбин-сеҳргарга мурожат қиладилар.
Кўпинча натижа тескари бўлади. Аслида, опа-сингилларимиз динимизда тавсия қилинган, эр-хотин ўртасида муҳаббатни зиёда қиладиган ишларга ҳаракат қилишлари керак.
Энг асосийси, иймон, ихлос, муҳаббат, сабр-тоқат, қаноат, босиқлик, кечиримлилик, меҳр, шукр, Аллоҳнинг тақдири ва тақсимига рози бўлиш, хушмуомалалик, ҳаё, меҳнатсеварлик, оқкўнгиллик каби хислатларга эга бўлишга ҳаракат қилсалар, эрни иситиш учун имонни таҳликага қўйиб фолбин-сеҳргардан ёрдам сўрашга ҳожат қолмайди.
Фолбин ва сеҳргарларнинг бозорини юритаётганлар, уларнинг эшиклари олдида турнақатор навбатлар ташкил қилаётганлар кимлар? Афсуски, биз ўзимиз уларнинг иши юришишига сабаб бўлмоқдамиз. Ҳар бир оила бошлиғи қўл остидагилар учун масъул.
Демак, ҳар бир эр ёки ота оила аъзоларини фолбин ва сеҳргарларга боришидан қайтариши керак. Чунки ўзини ҳам оила аъзоларини ҳам дўзах ўтидан асраши унинг муқаддас бурчидир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.