Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини тинглар эканмиз, кўз ўнгимизда яқин беш йилликда эътибор қаратилиши ва амалга оширилиши зурур бўлган ислоҳотлар, устувор йўналишлар ва вазифалар кўлами намоён бўлди ва ич-ичимиздан мамлакатимиз тараққиётида янги давр бошланаётганини ҳис этдик.
Ушбу Мурожаатномада давлатимиз раҳбари юритаётган сиёсат, энг аввало, халқ манфаатига, юртдошларимиз ҳаётини юксалтиришга қаратилгани яна бир карра ўз исботини топди. Президентимиз таъкидлаганидек, бундан кейин ҳам халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб бораётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотлар давом эттирилади, биринчи навбатда, аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш – биз учун бош вазифалардан бўлиб қолаверади.
Албатта, бундай тарихий юксалишлар жараёнида ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун хизмат қилиш, биз – имом-хатиблар, илм аҳли, дин хизматчиларининг ҳам бурчидир. Чунки, дунёда кўплаб мамлакатларга соя солаётган жаҳолат кўланкаси бор экан, бизнинг хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Зотан, олдимизга қўйган юксак мақсадларимизга фақатгина тинч, озод ва обод юртдагина эришиш мумкин. Ватанимиз тинчлигини бардавомлиги жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, фарзандларимизни илму маърифат соҳиби қилиб тарбиялаш билан бўлади.
Қолаверса, халқимиз неча асрлардан бери эътиқод қилиб келаётган ислом ҳам илм ва маърифат динидир. Дунёда исломчалик илм-маърифат ўрганиш ва ўргатишга катта аҳамият берган дин йўқ. Ислом динининг муқаддаси китоби – “Қуръони карим” ҳам “Ўқи” амри билан нозил бўла бошлаган. “Мусҳафи шариф”да илм тўғрисида 811 жойда зикр қилинган. Пайғамбаримиз ҳам “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб марҳамат қилганлар.
Мамлакатимизда бундан буён ҳам “жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб хусусиятларини тарғиб қилувчи эзгу ҳаракатлар давом эттирилади. Хусусан, ислом дини равнақига улкан ҳисса қўшган ҳадис илмининг султони Имом Бухорий, калом илми асосчиси Абу Мансур Мотуридий ва унинг давомчиси Абу Муин Насафийнинг ҳаёти, илмий меросига бағишланган ҳамда диний бағрикенглик мавзуларида халқаро илмий-амалий конференциялар, юқори даражадаги тадбирлар ташкил этилади. Шунингдек, Имом Бухорийнинг Самарқанддаги ёдгорлик мажмуасини бу мўътабар зотнинг мусулмон дунёсидаги улуғ мақомига мос равишда мутлақо янги лойиҳа асосида қайта барпо этиш, буюк аллома Баҳовуддин Нақшбанднинг 700 йиллик таваллуд айёмини юқори савияда ўтказиш режалаштирилган.
Албатта, Президентимизнинг улуғ уламоларимизга кўрсатаётган эҳтиромини, уларнинг илмий меросларини чуқур ўрганиш учун яратаётган шароиту имкониятларини биз, дин хизматчилари ўзимиз учун юксак эътибор ва ишонч, деб қабул қиламиз. Бунга жавобан, биз ҳам ватанимиз ва халқимиз учун бел боғлаб, хизмат қилиш, бор билим, имконияту салоҳиятимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Зеро, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, халқимиз биздан рози бўлса, Ҳақ ҳам рози бўлади.
Азимжон АЛИМЖОНОВ,
Тошкент шаҳри
Мирзо Улуғбек туманидаги
“Мулла Қосим” жоме масжиди
имом-хатиби.
Қуръон нозил бўлган пайтда одамларга энг яқин ҳайвон туя бўлган, шунинг учун уларнинг эътибори туяга тортиляпти. Ҳақиқатда туя бир мўъжиза: унинг тузилиши-қулоқ, бурун, кўз, оёқ, туёқлари саҳро учун мослашган. Шунинг учун ҳам уни араблар саҳро кемаси, дейишади. Туя иссиқ ҳавода юришга мослашган, сув ичмай бир неча кунлаб юриши мумкин ва ҳоказо.
Энди, “саҳро кемаси”нинг яратилишидаги баъзи бир ажойиботларга қисқача бўлса ҳам назар солайлик. Туянинг кўзлари бошнинг юқори қисмига жойлашган бўлиб, ортга қараш имконини беради. Унинг қовоқлари эса қумни тўсишга мослашгандир.
Шунингдек, туянинг бурун катаклари ва қулоқлари ҳам қум киришини тўсадиган жунлар билан жиҳозлангандирлар. Саҳрода шамол туриши билан туянинг тумшуқлари ҳам, қулоқлари ҳам жисмига тортилиб, қумдан зарар кўрмайдиган ҳолатга келиб олади.
Туянинг туёқлари ҳам алоҳида шаклдаги суякларга кийгизилган гўшт ва теридан иборат қўлқоп бўлиб, қумда бундан бошқа туёқ билан юкли равишда юриш мумкин эмас.
Туя саҳрода оч қолганда, қуруқ ёғочни, ҳатто тиконни ҳам еб кетаверади.
Туянинг ўркачи ўзига хос озуқа омборидир. Агар туя саҳрода оч қолса, ўша ўркачидаги “омбор”дан озуқа олаверади.
Саҳрода энг зарурий нарса сув ҳисобланади. Туяни Аллоҳ таоло бу эҳтиёжига ҳам мослаб яратган. Аввало туя тер чиқмайдиган қилиб яратилган. Яъни, у жисмидаги сувни ўзида сақлаб туради.
Қолаверса, туянинг бурни оғзига уланган. Шунинг учун унинг нафас олиши туфайли чиққан буғҳам яна оғзи орқали ичига қайтади. Шу билан бирга туя бирдан кўп сув ичиб олиш қобилиятига эга. У олтмиш литргача сув ичиши мумкин. Бу эса унга саҳрода олти кундан ўн кунгача сув ичмай юриш имконини беради.
Ушбу зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг, ўша туяни яратган Зотнинг қудратига далил эмасми?
Ҳа, туянинг ва ҳар бир жонзотнинг яратилишига ибрат назари билан ақлни ишлатиб қараган инсон Аллоҳнинг қудратига тан бермай иложи йўқ.
Улар туянинг қандай яратилганига назар солмайдиларми? (Ғошия сураси, 17-оят).
1. Туя ҳайвонот олами тарихида энг эски ҳайвон турларидан биридир. Эволюциячилар назариясига кўра, туя ҳам динозаврлар билан бирга йўқ бўлиб кетиши керак эди, лекин ҳеч бир табиат ҳодисаси уни йўқ қилиб юборолмаган.
2. Туя фақат целлюлоза (чўл ва даштларда дағал ўт ва хашаклар, янтоқ, саксовул) билан озиқланиб, витаминларни ва ҳаёт учун керакли барча кимёвий моддаларнинг кўпини ишлаб чиқарувчи ва шу тариқа ҳаётини давом эттирувчи бирдан-бир ҳайвондир.
3. Туя бир неча минг йиллардан ҳозирга қадар одамзотга ташувчилик хизматини қилаётган ягона жонивордир. Ўрта Осиё ҳудудида бундан 100 йил аввал ҳам туялар почтаси мавжуд бўлган.
4. Туялар ўз вазнининг ярмига тенг — 250-300 кг юкни кўтара олади, вазнига нисбатан 10-12% оғирликдаги юкни тортиш кучига эга. Соатига ўртача 4 км тезликда, кунига 35-40 км масофани босиб ўтади. Агар устида юки бўлмаса, тўхтовсиз 100 километр йўл боса олади.
5. Туя бир ичишда 200 литрга яқин сув ичади. Шўр сувни ҳам ичаверади. 100 литр сувни 10 дақиқада ичиб тугатади. Туя бир ҳафтагача емай, 34 кунгача сув ичмасдан юриши мумкин. Сув бор жойни 50-60 километр узоқликдан ҳис этади.
6. Туя сути таркибида калций, магний, темир, фосфор, C, D витаминлари, фойдали минерал ва микроэлементлар кўп бўлиб, у сигир сутидан бир неча карра фойдалироқ. Туя сути – парҳез маҳсулот. Унда ёғ ва шакар миқдори сигирникидан анча кам. Туя сути сутэмизувчилар ичида инсон сутига энг яқинидир.
7. Туянинг тана ҳарорати тунда, саҳро совиганда +34°C гача пасаяди. Кундузи 41°C даражагача кўтарилади. Бу боис теварак-атрофдаги ҳаво ҳарорати ўзгарганда туя деярли терламайди ва сув йўқотилишининг олди олинади. Туя жуни қуёшда 70-80 градусгача қизиса-да, унинг тана ҳарорати 40 градусда бўлади.
8. Туянинг ўркачида сув эмас, ёғ сақланади. Ўркач туя учун озуқа захираси ҳисобланади. Туя ўркачи қаттиқ озуқани ейишни бошлаганидан кейин пайдо бўлади, шунинг учун бўталоқларнинг ўркачи бўлмайди.
9. Туялар сувни ўркачлардаги ёғлардан олади, 100 грамм ёғнинг оксидланишидан 107 грамм сув ҳосил бўлади. Ўркачдаги ёғ ҳаддан зиёд иссиқ ҳавода тана ҳароратини меъёрда ушлаб туради.
10. Туя гавдасининг ерга тегиб турадиган қисмларида, кўкраги, тирсаги ва тиззасида қадоқли тузилмалар бор. Шу туфайли иссиқ (70°C гача қизиган) ерда ҳам ёта олади.
11. Туянинг кўзи фавқулодда кўриш қобилиятига эга бўлиб, 3-4 километрдан таҳдидларни аниқлай олади. Учта кўз қовоғи, икки қатор узун киприклар кўзга қум киришининг олдини олади. Қалин қошлар, зич ва қалин сочлар кўз ва бошни қуёш нурларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
12. Туялар бурнига қум кириб кетишининг олдини олиш учун бурун тешиклари очилиб-ёпилади.
13. Туянинг иккита лаби бўлади, улар мустақил равишда ҳаракатланиб, тиканли чўл буталарини зарарсиз ея олади.
14. Туянинг қулоқлари ўткир эшитиш қобилиятига эга. Қулоқлар ичкаридан ва ташқаридан тук билан қопланган бўлиб, қумдан ҳимояланган. Чанг бўронлари пайтида туялар қулоқларини айлантира олади.
15. Туянинг туёқлари узун бўлиб, уларни қумга бир текис тақсимлайди ва чўкиб кетмайди. Туя отлар каби олдинга ва орқагагина эмас, тўрт томондаги одам ё ҳайвонни тепа олади. Туёқларидаги эластиклик даражаси юқори.
16. Туялар нафақат иссиқ ҳароратли минтақаларда, жуда паст ҳароратли жойларда ҳам яшай олади. Уларда қишда совуққа бардошли узун ва қалин ҳимоя жунлари ўсади, ёз ойларида эса тўкилади.
17. Урғочи туяларнинг ҳомиладорлик даври 12 ойдан 14 ойгача. Туяларнинг эгиз туғиш ҳолати деярли кузатилмаган. Янги туғилган бўталоқнинг вазни 34 килограммгача бўлади. У туғилгандан ярим соат ўтибоқ юришни бошлайди.
18. Туя — дунёда энг қайсар жонивор. Агар у ётиб дам олишни хоҳласа, уни ўрнидан қўзғатиш жуда қийин. Унинг жаҳлини чиқарсангиз, туфлаб ташлайди. У жуда аниқ туфлайди ва тупуги жуда сассиқ бўлади. Чунки у оддий сўлак эмас, нақ ошқозондан отилиб чиқади.
19. Туя денгиз ёки дарёда суза олади.
20. Туя арабчада “жамал” — “гўзаллик” маъносини билдиради. Бу сўз аввал юнонларга “kamēlos” шаклида ўтиб, ундан инглизларга “camel” тарзида ўтган.