Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Январ, 2025   |   24 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:19
Қуёш
07:41
Пешин
12:40
Аср
15:48
Шом
17:32
Хуфтон
18:49
Bismillah
24 Январ, 2025, 24 Ражаб, 1446

Мадрасада ота-оналар билан учрашув бўлди

13.01.2020   2449   2 min.
Мадрасада ота-оналар билан учрашув бўлди

Яқинда Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус Ислом билим юртида ота-оналар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда мадраса раҳбарияти, ўқитувчи ва талабалар, ота-оналар иштирок этди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад талабалар тарбиясига ота-оналар ва мадраса томонидан эътиборни янада кучайтириш, ота-оналарни фарзандлари таълим-тарбия олаётган билим юртидаги шарт-шароитлар билан яқиндан таништириш, ўқиш давомида билим ва иқтидори, фаоллиги ва давомат намунали бўлган талабаларни рағбатлантириш,  ўқитувчи ва ота-оналар биргаликда талабаларни ҳар томонлама назорат қилишни йўлга қўйиш, ўқув йилининг иккинчи ярми учун мўлжалланган шартнома тўловлар билан таништиришдан иборат.

Тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Унда сўзга чиққан мадраса мутасаддилари юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган ўзгаришлар, ҳукуматимиз томонидан Ислом билим юртларига қаратилаётган эътибор ҳақида гапириб ўтдилар.

Шунингдек, Президент фармонига кўра Ўзбекстон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланиши ҳукуматимиз томонидан диний соҳа вакилларининг олиб бораётган хайрли ишлари муносиб баҳоланганига ёрқин далил экани таъкидладилар.

Мадраса вакиллари жамиятимизга комил ва етук инсонларни етиштириб беришда ота-она ва устозлар берадиган тарбия ва билимни уйғунлаштиришни бирдек олиб бориш зарурлигини айтдилар. Шу билан бирга, ота-оналарга талабаларнинг ўқиш фаолиятидаги одоби, хулқ-атвори ва дарсларни ўзлаштириш даражаси ҳақида маълумот бердилар.

Тадбир давомида ота-она, ўқитувчи ва талабалар учун китоб ярмаркаси ташкил қилинди. Шунингдек, ота-оналар билим юртидаги шарт-шароитлари билан яқиндан танишди ва бундай имкониятлар учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси  Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ва билим юрти раҳбариятига миннатдорчилик билдирдилар.

Адилбай ЕРЕЖЕПОВ,

Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти маънавият ва

 маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари

 

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо

21.01.2025   3307   2 min.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у киши ҳақидаги маълумотлар оз ва бори ҳам ҳар хиллигини барча тарихчиларимиз таъкидлайдилар. Биз ҳам мазкур маълумотлардан хулоса чиқариб олишга ҳаракат қиламиз.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз Маккаи Мукаррамада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлишларидан тахминан ўн уч йил аввал таваллуд топганлар.

У кишининг оталари Хузайма ибн Ҳорим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳилолий деган одам бўлган, оналари Ҳинд бинти Авф ибн Ҳорис ибн Ҳамота ал-Ҳумайрия бўлган.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз вояга етгач, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар.

Ҳижратга амр бўлганда Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ҳижрат этиб келиб, ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварада истиқомат қила бошлаганлар.

Бадр урушида Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ярадорларга қарашиб, фидокорлик кўрсатганлар.

Ҳижрий учинчи санадаги Уҳуд урушида у кишининг эрлари вафот этди. Шундан кейин Зайнаб бинти Хузайма ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу аёлга раҳмлари келиб, у кишининг иддаси чиққач, ўзларига хотин қилиб олдилар. У зот Зайнаб онамизнинг маҳрларига тўрт юз дирҳам бериб, Оиша онамизнинг ҳужралари ёнига у киши учун ҳужра қурдилар. Шундай қилиб, Зайнаб онамиз мўминларнинг онаси деган шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабрлари, жасоратлари, Аллоҳнинг дини йўлидаги фидокорликларини ана шундай тақдирладилар.

Зайнаб онамизнинг лақаблари Уммул Масокин (Мискинларнинг онаси) эди. У киши мискинларга кўп яхшилик қилганлари сабабли мана шу лақабни олган эдилар.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз нубувват хонадонида бир неча ой яшаганларидан кейин дорулбақога риҳлат қилдилар. Бу аламли ҳодиса ҳижрий тўртинчи сананинг охирги чорагида бўлди. Ўшанда у кишининг ёшлари ўттизда эди.

Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқидилар ва Бақийъ қабристонига дафн қилдилар.

Аллоҳ таоло Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Мақолалар