1. Уйга кириш ва чиқиш одоби
Уйингизга кириш ва чиқишда хушмуомалалик ва чиройли тадбир ила ҳаракатланинг. Қачон уйга кирсангиз ёки чиқсангиз эшикни қаттиқ ёпманг ё бўлмаса куч ила ўзи ёпиладиган ҳолда қолдирманг! Чунки, бу ишлар обрў эътиборга сазовор бўлинадиган Ислом кўрсатмасига тўғри келмайди. Балким! Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Мулойимлик нимада бўлса зийнатлайди, мулойим бўлмаган эса маҳрум бўлади"-деган сўзларини эшитгандирсиз.
2. Хонадонингизга кириш ва чиқишда салом беринг!
Агар хонадонингизга кирсангиз ёки чиқсангиз уйда эркакми, аёлми, ким бўлса ҳам мусулмонлар саломи ила салом беринг! Яъни: "Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ". Ушбу саломни "хайрли тонг" ва шу кабиларга алмаштирманг! Чунки, бу Ислом шиорини нобуд этишдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари ва феълларини мусулмонларга тасвирлаб, буюк ходимлари Анас розияллоҳу анҳуга қуйидагича таълим берганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: "Эй болажоним! Уйингга кирсанг салом бер! Сенга ҳам, аҳли оилангга ҳам барака бўлади"-дедилар. (Термизий ривояти).
Тобеъинларнинг энг буюкларидан бири Қатода роҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Уйингизга кирсангиз, аҳлингизга салом беринг! Чунки, улар сизнинг саломингизга энг ҳақли зотлардир". Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз мажлисга борса, салом берсин! У ердан турмоқчи бўлса, салом берсин! Биринчи салом иккинчисидан аъло эмас!(яъни: фазилат, савобда бирдек)"-дедилар.
"Мин одобул Ислом" китобидан
Мир Араб олий мадраса талабаси
Муҳаммадюнус Муҳаммадмусо ўғли таржимаси
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло айтади: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Раъд сураси, 31 - оят).
Шарҳ: «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар...».
Яъни, Аллоҳнинг ваъдаси - қиёмат келгунча уларнинг эс-ҳушини жойига келтирувчи мусибатлар бошларига тушиб туради. Бу мусибатлар уларнинг қилган ишлари туфайли тушади.
«...ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар».
Ёки ўша мазкур эс-ҳушни жойига келтирувчи мусибатлар дунёнинг бошқа жойларига тушади. Ўша кофир ва осий бандалар яшаётган диёрларга яқин жойларга тушади. Токи улар ўша мусибатларни кўриб, ваъз-насиҳат олиб, ўзларига келсинлар ва иймон келтирсинлар.
«Тафсири Ҳилол» китобидан