Қадим замонда подшоҳлардан бири кеч бўлганда аъёнларидан сўради: “Давлатимдаги энг бахтли кишини менга кўрсата оласизларми?”. Аъёнлардан бири: “Давлатда сиздан кўра бахтлироқ киши бўлмаса керак”, деди. Подшоҳ: “Мен ўз ҳолатимни яхши биламан. Сенга шуни айтиб қўяйки, мен энг бахтли киши эмасман”, деди. Мажлисдаги олимлардан бири подшоҳга: “Мени бир қўшним бор. Ўша киши энг бахтли одам бўлса керак. Унга қўшни бўлганимга бир неча йиллар бўлди. Унинг фақатгина ширин сўзини эшитамиз, очиқ чеҳрасини, чиройли муомиласини кўрамиз, ҳол-аҳвол сўрасак Аллоҳга хамд айтиб, шукр қилганини ва Аллоҳни берган неъматларига рози бўлганини кўрамиз”, деди. Подшоҳ кечанинг ўзидаёқ ўша бахтли кишини кўрмоқчи эканини айтиб ҳалиги олим билан қўшнисининг уйи томон йўл олишди. Етиб келгач бироз эшиги олдида тўхтаб қолишди. Чунки ичкаридан йиғи овози эшитиларди. Подшоҳ олимга қараб: “Бахт билан йиғини қандай жамлайсиз, бахтли киши йиғлайдими?”, деди. Олим шундай жавоб берди: “Бахт-саодат билан йиғи бир-бирига зид нарса эмас. Кўпинча кўз ёш тўкиш кулиб туришдан лаззатлироқ бўлади”. Подшоҳ ичкарига киришга изн сўради. Уй эгаси бўлган бир қария эшикни очди. Соқолларига томиб тушган кўз ёшларини артиб, подшоҳга ва қўшниси олим кишига салом бериб, ичкарига таклиф қилиб, тезда деворга қадалган шолчани меҳмонларнинг тагига тўшади. Қариянинг болалари шовқиндан уйғониб, ўрниларидан туриб, ўзлари ётган кўрпачаларни эса меҳмонларнинг тагига солдилар. Қисқа вақтда меҳмонларга егулик тайёрлаб, олдиларига дастурхон ёзиб, қўйишди. Икки меҳмон таом еб бир оз сув ичиб олганларидан сўнг, подшоҳ қариядан сўради: “Эшигингиз тагида бир оз тўхтаб турган эдик, уй ичкарисидан йиғи овозини эшитдик, нима бўлди тинчликми?”, деди. Қария: “Ўша пайтда кўзим ухлаб ётган болаларимга тушди, қарасам ҳаммалари тинч-омон ухлашяпти, ҳожатларим бажарилган, Аллоҳни олдидаги ўзимни бепарволигимни, Аллоҳни марҳамати олдида ўзимни унинг неъматларига тўла тўкис шукр қила олмаётганимни кўриб, ундан ҳижолат бўлиб йиғлаётган эдим”, деди. Қариянинг сўзини эшитган подшоҳ ҳам йиғлаб юборди. Подшоҳ қарияга: “Сиз ҳақиқатданам бахтли киши экансиз, холингиз танг аҳволда бўла туриб, учма-уч қилиб ҳаёт кечиряапсизлар-у, нолимасдан ўзингизни койияпсиз. Бундай бахтга қандай қилиб эришгансиз?”, деди. Қария шундай жавоб берди: “Эй подшоҳим, бу уч нарса билан бўлади: биринчиси – Аллоҳнинг амрига бўйсуниш, иккинчиси - берганига қаноат қилиб яшаш ва учинчиси – қазои-қадарга рози бўлиш”. Қаттиқ таъсирланган подшоҳ чўнтагидан пул чиқариб қарияга тутди. Қария эса уни қайтарди, олмади ва “Аслидаку сиздан бирор нарса олиш мен учун шарафк, лекин ололмайман. Чунки мен ҳамма хожатларимни роббим Аллоҳдан сўрайман. Аллоҳ менга сўраганимни беради”, деди.
Қиссадан қандай ҳисса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола...
Иззатуллоҳ ЙЎЛДОШЕВ,
Тошкент Ислом институти ўқитувчиси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Мен қийналган кишиман», деди. Яъни, оч эканини билдирди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинларидан бирига овқат сўраб одам юбордилар. «У зотни ҳақ ила жўнатган зотга қасам ичиб айтаманки, уйимда сувдан бошқа ҳеч нарса йўқ!» деди у.
Худди шундай қилиб барча хотинларига овқат сўраб одам жўнатдилар. Уларнинг бари юқоридагидек жавоб берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу кеча бу одамни ким меҳмон қилади, Аллоҳ унга раҳм қилсин», дедилар. Шунда ансорлардан бир киши туриб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Уни мен меҳмон қиламан», деди. Сўнгра уни уйига олиб кетди. Бориб хотинига бундай деди:
— Бу одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меҳмонлари. Унга таом ҳозирла!
Хотин деди:
— Болаларимизнинг овқатидан бошқа овқат йўқ.
Эр деди:
Болаларингни ухлатиб овқатни олиб кел. Меҳмон овқатга қўл узатганида чироқни ўчириб қўй. Биз қоронғида ўзимизни овқат еяётгандек кўрсатамиз. Аммо емаймиз. Меҳмон шунда озгина овқатга тўяди.
Улар шундай қилиб оч ухлашди. Меҳмон тўйди. Эрталаб улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришгач, у зот дедилар:
— Аллоҳ таоло сизнинг ишингиздан ажабланди. Сиз ҳақингизда Қуръон нозил қилди:
«Гарчи ўзларининг ҳожатлари бўлса ҳам (бошқаларни) ўзларидан устун кўрадилар. Ким ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, ундай кишилар ҳа, ана ўшалар нажот топгувчилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).
Дунё чархпалакдир. Замон айланиб туради. Бугун пулинг бор. Эртага йўқ, ишинг орқага кетади. Бугун фақирсан, аммо эртага бойиб кетишинг мумкин. Фақирлик айб эмас, бойлик фазилат эмас.
Муҳими қалбдаги нарсадир, чўнтакдаги эмас. Муҳими инсоннинг бойлик ва фақирлик пайтидаги ахлоқидир.
Тасаввур қиляпсизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир аёллари уйидан овқат топилмаяпти! У киши Аллоҳнинг Расули бўлиш билан бирга давлат раҳбари ҳам эдилар. Уйларида сувдан бошқа ҳеч вақо йўғ-а?!
Фақирликни уқубат, бойликни эса мукофот деб ўйлашдан эҳтиёт бўлинг. Дунё бор-йўғи имтиҳон, холос. Имтиҳон саволлари қанчалар қийин бўлмасин, ўтириб қолманг.
Ақлли инсон бошқаларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Уларни қийин аҳволда қолдирмайди. Кишиларга эҳсон қилганингизда улар ўзини айбдор ва нуқсонли санашмасин!
Бемор кишининг фақирлигини билиб қолсангиз, у сўрашидан олдин аҳволидан хабар олишингиз оқилона ишдир. Баъзиларнинг иффати сўрашдан тўсади. Инъомнинг энг афзали инсонларнинг иффатни эҳтиром қилиб, обрўларини муҳофаза қилиб берилган инъомдир!
Эҳсон қилишнинг ҳам одоблари бор. Бир кишига ҳамманинг олдида садақа ёки эҳсон берсангиз, уни хижолатга қўясиз, иффатини жароҳатлайсиз, ожизлигини юзига солгандек бўласиз... Бунақа садақа-эҳсон қилгандан кўра, қилмаганинг афзалдир!
Юқорида келтирилган ансорийнинг одобига боқинг. Овқати озлиги учун хотинига чироқни ўчиришни буюрди. Мақсади меҳмонни хижолат қилмаслик эди. Чироқ ёниб турганида меҳмон овқатнинг камлигини кўриб, уялиб, овқат барчага етиши учун эҳтимол тўйиб ея олмасди.
Кишилардан ноқулайликни кетказиш ҳам уларни хотиржам қилишдир. Хотиржам қилиш эса, ибодатдир!
«Набавий тарбия» китоби асосида тайёрланди