Бугун муборак жума куни юртимиз мусулмонлари учун муносиб туҳфа ўлароқ Ўзбекистондаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида “Абдуллоҳ ибн Муборак” жоме масжиди рўйхатдан ўтказилиб, фаолият юрита бошлади.
Қоровулбозор туманида шу вақтгача масжид йўқ эди. Бугунги кунда туманда 19 000 аҳоли истиқомат қилади. Аҳолининг кўп қисми жамоат намозларини адо этиш учун тумандан 50 км масофада жойлашган Когон туманидаги масжидларга қатнар эди. Бу албатта кўпчиликка қийинчилик туғдирар, айниқса кексалар учун мушкул ҳолат эди. “Туманимизда ҳам масжид бўлса эди”, дея орзу қилишар эди.
Ниҳоят бу борада қилинган ҳатти-ҳаракатлар, уринишлар зое кетмади. Аҳолининг бир неча бор қилган мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Тинчлик” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди.
Халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган ва намозхонлар учун қулай шароитларга эга 450-500 кишилик сиғимга эга бўлган масжид қурилди. Тегишли ҳужжатлар тайёрланиб, вилоят адлия бошқармасидан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида гувоҳнома олинди. Масжидга ислом оламидаги улуғ тобеинлардан бири “Абдуллоҳ ибн Муборак” номи берилди.
Бугун, 27 декабр куни масжидда илк бор жума намози адо этилди. Шукрона сифатида элга ош дастурхони ёзилди. Маросимга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Муҳаммадназар домла Қаюмов, уламолар, имом-хатиблар ташриф буюриб, ҳудуд аҳолисини янги масжид билан муборакбод этдилар.
Қишлоқ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода. Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ҳам ўз масжидлари, имом-хатиблари бор. Қорвулбозорда яна азон баралла янгради. Ҳақ таолонинг раҳматлари азон садолари етиб борган жойларгача сакинат ила нозил бўлди, гўё. Бу азон ҳудуд аҳолиси учун нажот чақириғи, маърифат, тарбия, илоҳий раҳматнинг даъвати бўлиб қайтиб келди. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади.
Муҳаммадназар домла Қаюмов масжид жамоасига муфтий ҳазратларининг табриклари, эзгу тилаклари, дуои хайрларини етказдилар. Масжидларни барпо этиш, обод этишнинг улуғ ажри ҳақида сўзлаб бердилар. Айниқса зарурат бўлган ана шундай чекка жойларда қурилиши айни муддао эканлигини билдирдилар. Бу жойда тоат-ибодатлар, солиҳ амаллар, Қуръони карим тиловати қиёматга қадар давом этишини тиладилар. Шунингдек, ташкилий ишларда фаоллик кўрсатган мутасаддилар, эзгу ниятли кишилар ҳаққига дуолар қилинди.
Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2066 тага етди. Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ўзида 10 та янги масжид очилиб, фаолият юрита бошлади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом дини тинчлик дини, у жамиятнинг барча аъзоларини, ирқи, жинси, дини, табақасидан қатъий назар уларнинг ҳаётини, мол-мулкини, ор-номусини сақлашликни кафолатини олган дин.
Шунингдек, мусулмон ёки мусулмон бўлмаган мамлакатларда истиқомат қилаётган бошқа дин вакилларининг жони, моли ва обрў-эътиборини муҳофаза қилишликни ҳар бир мўмин-мусулмонинг зиммасига вазифа қилиб юклаган диндир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг оҳирги хутбаларида инсонлар ҳаёти, мол-мулкини ва обрў-эътиборини сақлаш ҳақида бундай дедилар: “Албатта, Аллоҳ таоло қонингиз, молингиз ва номусингизни бир-бирингиз учун мана шу муқаддас шаҳрингиз, табаррук ойингиз ва улуғ айёмингиз каби муқаддас айлади[1]”.
Ушбу ҳадисга кўра, бир одамни ноҳақ ўлдириш, унинг молига тажовуз қилиш, обрўсига путур етказишлик мутлақо тақиқланади.
Дарҳақиқат, мусулмон ёки бошқа дин вакилини улар қаерда яшашликларидан қатъий назар уларнинг ҳаётига тажовуз қилишлик тақиқланади. Бу ҳақда Қуръон каримда қуйидагича баён этилади: “...кимки бирон жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, ҳудди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади[2]...” (Моида сураси, 32-оят).
Ушбу оятда “нафс” сўзининг ишлатилиши барча башарият учун далолат қилишни англатади. Исломда ҳар бир жон жуда ҳам юқори баҳоланади. Шу боис, бир беайб инсонни ўлдирган одам бутун бошли инсониятни ўлдиргандек жиноят қилган ҳисобланади. Чунки, жонлар кўп бўлгани билан ҳаёт кечириш ҳаққи битта. Ҳар бир жон ҳаёт кечириш ҳаққига эга. Ана ўша жонлардан биттасини ўлдирган одам ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққига тажовуз этган бўлади. Шунинг учун, бир жонни ноҳақ уни қайси динга мансублигидан, тилидан ёки қайси мамлакат фуқароси эканлигидан қатъий назар қатл этишлик Ислом динида қатъиян ман этилади. Аксинча, битта жоннинг ҳаётини сақлаб қолишлик эса, ҳамма жонларнинг ҳаёт кечириш ҳаққини сақлаб қолган билан тенг.
“The Fatwa on Terrorism and Suicide Bombings” китобидан
Даврон НУРМУҲАММАД таржимаси
[1] Имом Буҳорий. Ал-Саҳиҳ (Китаб ал-Ҳажж). 2:620; §1654; Муслим. Ал-Саҳиҳ. 3:1305-1306; §1679.
[2] Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Қуръони карим ва ўзбек тилидаги маънолари таржимаси. – Т.: «Hilol-Nashr» 2015. 590-б.