Ҳар йили эски милодий йил тугашидан чамаси бир ой аввал бошланиб, янги милодий йил кириб бир ҳафтага қадар инсонларни тинчлигини бузадиган, турли кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўладиган халқ тилида пақилдоқ деб аталувчи пиротехника воситаларининг шовқини эшитила бошлайди.
Қани эди болалари қўлида ўйнаётган “ўйинчоқ” қанчалик хавфли эканлигини ота-оналар билишса.
Бу “ўйинчоқ”дан аввало уни ўйнаётган ёшларнинг ўзлари жабр чекяптилар. Маълумотларга қараганда, уларнинг ораларида турли тан жароҳатларни олаётганлар, баъзи аъзолари куйиб жабр кўраётганлар, кўриш ва эшитиш қобилиятини йўқотганлар, ҳатто қўл-оёғидан ажраб қолганларни ҳам учраши ачинарли ҳолатдир.
Ёшларни бу “ўйин”ларидан турли ёшдаги инсонлар, беморлар, ёш ҳомиладор келинлар ҳам азият чекмоқдалар.
Шифокорлар сўзларига кўра, “пақилдоқ” одамни бехосдан чўчитгани боис юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатар экан.
Буни ўйнаётган ёшлар пиротехника воситаларини салбий оқибатларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Балки улар пиротехника воситаларини портлаганига, ундан чиқадиган шовқинли ва даҳшатли овозларга, дўст ва синфдошларини чўчитиб қўрқитганларига хурсанд бўладилар. Ахир улар инсонларни чўчитиш ва уларни қўрқитиб азият етказишдан динимиз қайтарганлигини қаердан ҳам билишсин.
Аллоҳ таола Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб, “Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устиларига бўҳтон ва очиқ ойдин гуноҳни олибдилар», деб марҳамат қилади. (Аҳзоб сураси, 58-оят).
Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида у зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар.
Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир», деб марҳамат қиладилар.
Мутахассислар маълумотига кўра пиротехника воситалари ишлатилганда ёниш ҳарорати 3000 даражагача етиши мумкин бўлиб, кучли ёнғин келиб чиқиши хавфини кучайтиради.
Бу арзимас кўринган иш сабабли инсоннинг бошига турли хил кулфатлар ёғилиши, ўзининг ҳаёти хатарда қолиши ва ҳатто жони ҳалокатга учраши мумкин экан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ўз жонларини хатарга солишдан қайтариб, “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” деб марҳамат қилган.
Яна пиротехника воситаларини сотиб олишда исрофга йўл қўйиб гуноҳкор бўлиш ҳам бор. Чунки ҳар бир неъматни нотўғри тассарруф қилиш ўша неъматни зое бўлишидир. Неъматни зое қилиш эса исрофдир. Исрофгарни эса Аллоҳ яхши кўрмайди.
Аллоҳ таоло Ўзини Каломида айтади: «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас». (Аъроф сураси 31-оят).
Кўриниб турибдики, баъзан ўйламасдан қилинган ишлар, эътиборсизликлар нафақат инсонни ўзига, балки ўзгаларга ҳам зарар етказиб, кўнгилсизликлар ва гуноҳларга сабаб бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ» деганлар.
Имом Термизий Абу Сирмадан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди», деганлар.
Пиротехника воситалари савдоси билан шуғилланувчилар ҳам инсонларга зарар етказиб, гуноҳ ишларга шерик бўлаётганликларини билиб қўйсалар ҳамда бу йўл билан бола-чақа боқиб уларни роҳатини кўришни истасалар бошқа тирикчилик қилсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки қиёмат куни ҳамма инсон ҳаёти, илми, қилган касб-ҳунаридар сўралади.
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар: «Банда қиёмат куни тўрт нарсадан сўралмагунча, бир қадам ҳам олдинга силжий олмайди. Бу саволлардан биринчиси, умрини нима билан ўтказгани; иккинчиси, ёшлик даврида нима билан машғул бўлгани; учинчиси, мол-дунёни қай йўсинда топгани ва нималарга сарфлагани; тўртинчиси, ўрганган илмига қандай амал қилганидир» (Баззор ва Табароний ривоят қилган).
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддасига мувофиқ, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жиноят кодексининг 2501-моддасида эса бундай қилмишлар содир этганлар учун унинг ким томонидан содир этилгани ва қандай оқибатларга олиб келганлигига қараб турли жазо чоралари, жумладан, саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши кўзда тутилган.
Инсон эркакми ё аёл, ҳаёти давомида турли гуноҳ ва жиноятлар қилмасдан динимиз кўсатмаларига амал қилиб яшаса ҳамда инсонларга қўлидан келган яхшиликларни қилса, фарзандларининг хулқ ва одоби ҳамда тарбияларига эътиборли бўлса, у инсон икки дунё саодатига эришади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл сураси 97-оят).
“Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби
Зиёуддин Мирсодиқов
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эр-хотинлик қилиш баробарида аёл ҳақдор бўладиган нарсанинг исмидир.
Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони каримда унга нисбатан «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» исмлари ишлатилган. Бизда маҳрнинг ўрнига «қалин», «сут пули» каби иборалар қўлланади.
Баъзи уламолар: «Маҳрнинг ўнта исми бор», деганлар. Бизда «маҳр» исми машҳур бўлганлиги учун шу исмни қўллашни маъқул кўрдик.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади: «Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (4-оят).
Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади, агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам.
Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилади ва маҳр келиннинг шахсий мулки бўлади. Бу шаръий ҳукм келинларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эркалашнинг муҳим бир кўринишидир.
Маҳр бериш фарз амал ҳисобланади. Ҳатто шундайки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишга ҳам имконлари йўқ. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса ҳам, меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.
Ушбу оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб эрининг берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «...فَالْتَمِسْ وَلَوْ خَاتَمًا مِنْ حَدِيدٍ...». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига:
«...Агар бир темир узук бўлса ҳам топ...», – деганлар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Набий алайҳиссалом бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганлари собитдир.
Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.
Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир
Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу – нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир. Ушбу маълумотга суяниб, ҳар бир даврдаги маҳрнинг энг оз миқдорини белгилаш осон бўлади. Бунинг учун ўша даврнинг закот нисоби, мазкур миқдорнинг йигирмадан бири аниқланса, энг оз маҳр миқдори чиқади.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَا مَهْرَ أَقَلَّ مِنْ عَشْرَةِ دَرَاهِمَ. رَوَاهُ الدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дедилар (Дорақутний ва Байҳақий ривоят қилганлар).
Агар ўн дирҳам миқдоридан озни айтган бўлса ҳам, ўн дирҳам миқдорини бериш вожиб бўлади.
Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.
Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади.
Яъни, эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз бўлган маҳрдан бошқани, ўн дирҳам ёки ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса, бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин ўшани бериш вожибга айланади.
Саҳиҳ хилват деганда, ақди никоҳдан кейин эру хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеъликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.
Холи жой деганда, ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.
Ҳиссий монеълик деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай турганлиги кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.
Шаръий монеълик деганда, аёлнинг ҳайзли ёки нифосли бўлиши, иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.
Табиий монеълик деганда, эр-хотиндан бошқа шахснинг улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.
Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб, саҳиҳ хилват юзага келгандан кейин эрга маҳрни тўлиқ бериш вожиб бўлади, агар хотиннинг айби билан никоҳ бузилса ҳам. Мисол учун, қовушгандан ёки саҳиҳ хилватдан кейин аёл диндан чиқиб, муртад бўлса ҳам, маҳрни тўлиқ олиш ҳаққига эга бўлади.
Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эр‑хотиннинг бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушганларидан олдин содир бўладими, кейинми, барибир.
Жинсий олатнинг кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик ман қилувчи омил эмас.
Бундай ҳолатларда ҳам келин-куёв ёлғиз қолсалар, саҳиҳ хилват ҳисобланаверади.
Давоми бор...
"Бахтиёр оила" китобидан