Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Июл, 2025   |   28 Муҳаррам, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:32
Қуёш
05:10
Пешин
12:35
Аср
17:37
Шом
19:53
Хуфтон
21:23
Bismillah
23 Июл, 2025, 28 Муҳаррам, 1447

Сабаблар ўрганилди - ажрим бекор бўлди!

19.12.2019   2150   3 min.
Сабаблар ўрганилди - ажрим бекор бўлди!

Яқинда «Оила» илмий-маркази томонидан юртдошларимиз ўртасида оилалар бузилиб кетишининг асл сабаблари ҳақида ижтимоий сўров ўтказилди. Сўровнома натижаларига кўра, оилаларнинг 22,5 фоизи бир-бирини тушунмаслик ёки тушунишни хоҳламаслик, фарзандсизлик оқибатида, 15,6 фоизи оилага ўзгаларнинг аралашуви, 15 фоизи ўзаро жанжаллар, 11 фоизи сурункали пиёнисталик туфайли бузилиши маълум бўлган.

Чиндан ҳам бугунги кунда, никоҳ дея аталмий муқаддас ва илоҳий риштанинг узулишига кўплаб сабаблар, жумладан: оила қурувчиларда оила ва оилавий муносабатлар ҳақида билимнинг етишмаслиги, ароқхўрлик ва гиёҳвандлик, ёш оилага ота-онанинг беҳуда аралашуви, эр-хотинларнинг бир-бирлари билан бўлаётган алоқаларида сабр ва бағрикенгликнинг етишмаслиги асосий омил бўлмоқда.

Навоий вилояти Қизилтепа тумани бош имом-хатиби Завқиддин домла Орипов кўплаб ажрим низоли, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни ислоҳ қилиб келади. Эр-хотинлар, қайнона-қайноталарга динимизнинг кўрсатмасини етказади, насиҳат қилади. Йил давомида тумандаги имомлар билан биргаликда маҳалларда жами 403 та оила ислоҳ қилиниб, яраштирилганлиги қувонарли ҳол.

Шундай хайрли ишлардан бири куни кеча, 18 декабрь куни Тавоис қишлоғида истиқомат қилувчи Каримовлар оиласини яраштириш билан якун топди. Томонлар тингланганда, арзимас сабаб, яъни қайнона-келин муносабатларидаги совуқлик, феъл-атворларига мослаша олмаслик экани аён бўлди.

Имом домла ўн бир йилдан буён бирга истиқомат қилаётган қайнона-келиннинг ҳамон инсофга келмаслиги, адоватда бўлиши бу жоҳиллик, нодонлик эканини уқтирди.

Дунёдаги барча махлуқотларга оид нарсаларнинг чегараси бўлгани каби, ота-она ҳаққининг ҳам чегараси бор. Банданинг Аллоҳнинг амрига зид бўлган хоҳиши рад қилинади. Холиққа маъсият бўладиган нарсада махлуққа итоат қилинмайди.

Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг, агар ўша биров ота-она бўлса ҳам, хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ. Бу ҳақиқатни барча уламолар ўзларининг қадимги ва янги китобларида таъкидлаганлар.

Имом-хатиблар, отинойилар деярли ҳар куни ана шундай нотинч оилаларни ислоҳ қиладилар, муросага келтириш йўлида хизмат қиладилар. Бу уларнинг дин, миллат, юрт олдидаги масъулиятли вазифаларидир. Биз юқоридаги маълумот билан қайсидир оиланинг муаммосини ошкор қилиш ниятидан йироқмиз. Мақсадимиз, бу каби воқеалардан арзимас сабаблар билан жанжал кўтарётган, турмушига қаноат қилмаётган ёхуд оғзининг бир четидан бемалол ўзича “талоқ” лафзини айтиб Аллоҳ таолонинг Аршини ларзага келтираётган эр ва хотинлар, қайнона ва қайнота, қуда-андалар ибрат олсинлар, ўйлаб кўрсинлар. Имом етказса,  шариатни етказади.  Ҳеч бир нарса беҳикмат содир бўлмайди, балки Аллоҳ ана шундай оилаларга тўғри йўлни, ечимни эслатиш учун илм аҳлини рўпара қилади. Қиёматда эса етказилган эслатмаларни олган ёки олмаганлигидан қаттиқ сўралади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳазрати инсон бўлинг!..

22.07.2025   4080   2 min.
Ҳазрати инсон бўлинг!..

Машина йўлига чиқиб кетган одамни кўриб ҳайдовчи зўрға тўхтатиб қолди. Ундан ҳам олдин ёнидаги дўсти тушасолиб йўловчининг ёқасидан олди. Узр сўраб довдираётган одамни кўриб, ҳайдовчи тез тушди-да, дўстидан унинг ёқасини қўйиб юборишини сўради.


– Бу нима деганинг?! Сал бўлмаса қамалиб кетардинг-ку буни деб, – янада жаҳли чиқди дўстининг.


– Сен уни қўйиб юборавер, гап бор... Бўлди, ака, ҳушёр бўлиб етиб олинг... Йўқ, шошманг...


Ҳайдовчи ҳатто у одамнинг қўлига пул ҳам берди. Дўстини ҳайрон қолдириб, машинага қайтди.


Дўстининг савол назари билан қараб турганини кўриб, изоҳ бера бошлади:

– Бир соатча олдин дорихонага киргандим. Шу одамга кўзим тушганди. Қўлида дорилар рўйхати ёзилган қоғоз, пули етмаганидан мунғайиб турган эди. Дорилар нархини эшитиб, оғир қадамлар билан чиқиб кетганди. Ортидан чиқиб ёрдам бергим келди. Лекин пулимни қизғондим. Ташқарига чиққанимда у онаси билан гаплашиб турган экан. Ҳалиги одам онаси билан гаплашиб бўлгач: “Шунча пулни қаердан топаман? Ё Аллоҳ! Ўзинг йўл кўрсат, деганини эшитиб ҳам индамай кетавердим. Гўё унга пул берсам ўзим оч қоладигандай... Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўз Каломида: “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда) камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади(Бақара сураси, 268-оят) дея огоҳлантирганини билардим. Яна “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)” (Анъом сураси, 160-оят) деган ваъдасини ҳам ўқигандим. Барибир хомлик қилдим. Сал бўлмаса ўша хасислик қилган пулимдан ўн, юз ҳиссаси чиқиб кетадиган бир мусибатга дучор бўлардим. Майли, ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам, Аллоҳ имкон берди. Шунинг учун айб у одамдамас, ўзимда, деб билдим...


Ҳа, азизлар! Ҳаётимизда бундай ҳолатларга дуч келиб турамиз. Аввало, биров билан тушунмовчилик бўлиб қолса у одамнинг аҳволини сўрайлик. Балки бирор мусибат ё ташвишда юргандир. Дарҳол тилимизга келган сўзлар билан хақорат қилиб, уришиб кетмайлик. Бунақа вазиятларда шайтон васваса қилишини унутмайлик. Хулоса қилишга шошилмайлик. Ҳазрати инсон деган номга муносиб иш тутайлик.


Акбаршоҳ Расулов

Ўзбекистон янгиликлари