Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сиздан (эй Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар» (Бақара сураси, 186-оят).
«Эй Раббимиз! Биз ўзимизга (ўзимиз) зулм қилдик. Агар бизни кечирмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, биз, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурмиз» (Аъроф сураси, 23-оят).
«Раббим! Мен Сендан ўзим (яхши) билмаган нарсани сўрашимдан паноҳ тилайман. Агар мени кечирмасанг ва менга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурман» (Ҳуд сураси, 47-оят).
«Эй Раббим, бу бузғунчилар қавми устидан Ўзинг мени ғолиб қил!» (Анкабут сураси, 30-оят).
«Эй Раббим! Мени ва зурриётимдан (кўп фарзандларимни) намозни баркамол адо этувчи қилгин! Эй Раббимиз! Дуоимни қабул эт! Эй Раббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган (қиёмат) куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин!» (Иброҳим сураси, 40–41-оятлар).
«Эй осмонлар ва Ерни ижод этган Зот! Дунёю охиратда Ўзинг эгамдирсан. (Ажалим етганида) мусулмон ҳолимда вафот эттир ва мени солиҳлар (қатори)га қўшгин!» (Юсуф сураси, 101-оят).
«Таваккулни Аллоҳга қилдик. Эй Раббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасида ҳаққоний ҳукм қил! Сен ҳукм қилувчиларнинг яхшисидирсан» (Аъроф сураси, 89-оят).
«Эй Раббим! (Бу қийин вазифага) бағримни кенг қилгин ва ишимни осон қилгин ҳамда тилимдан тугунни (дудуқликни) ечиб юборгин, (токи) улар (қавмим) гапимни (яхши) англасинлар» (Тоҳо сураси, 25–28-оятлар).
«Эй Раббим! Ўзинг менга (бу) золимлар қавмидан нажот бергин!» (Қасас сураси, 21-оят).
«Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен (барча) нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен (ўзимга) зулм қилувчилардан бўлдим» (Анбиё сураси, 87-оят).
«Эй Раббим! Мени ёлғиз ташлаб қўйма (меросхўр фарзанд ато эт!) Сен (Ўзинг) ворисларнинг яхшироғидирсан» (Анбиё сураси, 89-оят).
«Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан» (Оли Имрон сураси, 38-оят).
«Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан» (Оли Имрон сураси, 8-оят).
«Эй Раббим! Мени (қабрга) содиқлик билан (гуноҳларим кечирилган ҳолимда) киритгин ва (тирилтирганингда ҳам) содиқлик (розилигинг билан) чиқаргин ҳамда мен учун ўз даргоҳингдан бир мадад берувчи ҳужжат ато қилгин» (Исро сураси, 80-оят).
«Эй Раббим! Менга (кофирларга) ваъда қилинаётган нарса (азоб)ни кўрсатсанг-чи?! Эй Раббим! (ўшанда) мени у золимлар қавми ичида (турувчи) қилмагин!». «Эй Раббим! Мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. Яна мен Сендан, эй Раббим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ сўрайман». «Эй Раббим! (Гуноҳларимизни) мағфират эт ва (ҳолимизга) раҳм айла! Сен (ўзинг) раҳм қилувчиларнинг яхшисидирсан». (Муъминун сураси, 93,-94-,97-,98-,118-оятлар).
«Эй Раббим! Менга илмни зиёда эт!» (Тоҳо сураси, 114-оят).
«Эй Раббимиз, бизлар Сенга имон келтирганмиз. Бас, бизнинг гуноҳларимизни кечир ва бизни дўзах азобидан асра!» (Оли Имрон сураси,16-оят).
ЎМИ матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўғил ҳар ойлик маошини онасига топширар, унинг юзидаги табассумни кўриб, ўзини дунёдаги энг бой инсон деб ҳисобларди.
Йиллар ўтиб, онаси оламдан ўтди. Навбатдаги маошини олган ўғил бир зум не қиларини билмай қолди-ю, бир қарорга келди: «Пулларни онамнинг номидан эҳсон қиламан».
Шу кундан эътиборан, у ҳар ой масжидларга сув куллерлари ўрнатишни одат қилди. Намозхонлар сув ичиб, онасининг ҳақига дуо қилишларидан қалби таскин топарди.
Кунлардан бир кун маҳалла масжидида янги куллер ўрнатилганини кўриб, «Аттанг, бу сафар кечикдим-а», деб ўкинди. Шунда ёнига имом келиб:
– Хайрли ҳадя учун раҳмат, – деди.
– Узр, адашдингиз, шекилли. Буни мен олиб келмадим...
– Йўқ, адашмадим. Буни сизнинг номингиздан ўғлингиз келтирди.
Орқасига ўгирилган ота жилмайиб турган ўғлига кўзи тушди.
– Болам, бунга пулни қаердан олдинг? – ҳаяжондан кўзлари ёшланди отанинг.
– Ота, анчадан бери менга берадиган пулларингизни йиғиб юргандим. Сиз бувижоним учун хайрли иш қилаётганингизни кўриб, мен ҳам сиз учун шундай қилишни истадим.
Отанинг кўзларидан қувонч ёшлари сизиб чиқди. У ўғлига насиҳат қилмаган, шунчаки ўз амали билан намуна бўлганди.
Ҳа, фарзандлар эшитган гапларини унутиши мумкин, аммо кўрган амалларини ҳеч қачон унутмайди. Бугун ота-онамизга қилган яхшилигимиз эртага фарзандларимиздан албатта қайтади.
Акбаршоҳ РАСУЛОВ