Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Рустам Қосимов ва Бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев бошчилигидаги делегация 2019 йил 19-21 декабрь кунлари Малайзияга ташриф буюради. Бу ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакатимизнинг Малайзиядаги Элчихонаси берган маълумотга кўра ташриф чоғида Ўзбекистон делегацияси “Миллий суверенитетни қўлга киритишда тараққиётнинг роли” мавзусидаги Куала-Лумпур саммитида иштирок этади.
Саммит 2014 йилдан бери ўтказиб келинади. Унда мамлакат етакчилари, турли давлатларнинг жамоатчилик, ишбилармонлик, академик ва илмий доиралари вакиллари иштирок этиб, мусулмон олами олдида турган таҳдидларни бартараф этиш, бу борада илғор тажрибаларни алмашиш ҳамда ислом тамаддунини ривожлантиришнинг энг мақбул йўлларини излаб топиш бўйича фикр алмашади.
Малайзия Бош вазири Маҳатҳир Моҳаммад Саммитнинг раиси ҳисобланади.
Тадбир ишида Осиё ва Яқин Шарқнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари ҳамда бошқа мамлакатлар ҳукуматларининг юқори мансабдорлари иштирок этиши режалаштирилган.
Ўзбекистон делегацияси ташрифи дастурида Куала-Лумпур шаҳрида қатор вазирлик ва идоралар, Малайзиянинг йирик компаниялари раҳбарлари билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида учрашувлар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
Ўзбекистон Халқаро ислом академиясининг Малайзиянинг қатор етакчи ислом университетлари ва илмий-тадқиқот марказлари билан амалий ҳамкорлиги тўғрисида битим имзолаш ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
#Янгиликлар #Ҳаж_2025
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжидида Ҳаж ва умрага оид дарслар ўтказилди.
“Мир Араб” ўрта махсум ислом таълим муассасаси мудири Жалолиддин домла Сабуров ва Эркин домла Қудратов бу йил ҳаж сафарига кетаётган навбатдаги гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада ҳаж қоидалари, уларни бузиш оқибатлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафарга тайёргарлик ва унда эътибор қаратилиши лозим бўлган кўрсатмалар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, амалиётга оид маслаҳатларни баён этди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устозлар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Аллоҳ таоло Ҳаж сафарига отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, улуғ ибодатни бекаму-кўст адо этиш барчамизга насиб этсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати