Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Декабр, 2024   |   27 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
28 Декабр, 2024, 27 Жумадул сони, 1446

Фиқҳий мазҳабларнинг ҳақлиги борасида ҳужжат ва фатволар

16.12.2019   2718   9 min.
Фиқҳий мазҳабларнинг ҳақлиги борасида ҳужжат ва фатволар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётларининг охирига келганда, Қуръони Карим оятлари тушиши ҳам охирига етиб қолди. Кейинги босқичдаги оятларнинг аксарияти ҳукмларга тегишли эди. Турли қабила ва юрт одамлари Исломни қабул қилишди. Янги мусулмонлар қаршисида деярли йигирма уч йил давомида тушиб тўпланган оятларни ўқиб-ўрганиш, уларга амал қилиш, шариат аҳкомларини ўз ҳаётларида татбиқ қилиш вазифаси турар эди. Табиийки, ёш саҳобалар ўзларидан катталардан, янги мусулмонлар эскиларидан шаърий масалаларини сўрай бошлашди.

Бу ишларда баъзи саҳобалар ўз илмлари, топқирликлари билан бошқалардан ажралиб чиқдилар. Уламоларимиз фиқҳ билан машҳур бўлган тўрт халифани, Абдуллоҳ ибн Маъсуд, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс, Зайд ибн Собит ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳумни мисол қилиб келтирадилар.

Шунингдек Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳолиси мусулмон бўлган узоқроқ юртларга ўз вакилларини, ўша ердагиларга шариат аҳкомларини ўргатиш, уларнинг ҳаётида ориз бўладиган масалаларни ҳал этиш учун юбора бошладилар.

Жумладн, Яманга Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни юборишни ирода қилдилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига жўнаб кетаётганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини тўхтатиб, “У ерда сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу “Аллоҳнинг Китоби ила”, деб жавоб бердилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг Китобидан топа олмасангчи?” деб сўрадилар. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу “Аллоҳнинг пайғамбари суннати ила”, деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг пайғамбари суннатидан ҳам топа олмасангчи?” деб сўрадилар. Шунда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу қараб турмасдан, “Фикрим ила ижтиҳод қиламан”, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу жавоблардан ғоят мамнун бўлдилар ва: “Аллоҳ расулининг вакилини, Аллоҳни ва расулини рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин”, дедилар.

Барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда фиқҳ илмига ҳужжат ва далил бўлиб келмоқда.

Биринчи ҳижрий асрнинг иккинчи ярми ва иккинчи ҳижрий асрда Ислом дини дунё бўйлаб кенг тарқалди. Турли араб бўлмаган халқлар ҳам мусулмон бўлдилар. Табиийки, улар ўзларига Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан шариат аҳкомларини чиқариб, тартибга солиш имконига эга эмаслар. Бир тарафдан тил билмайдилар, қолаверса, илмлари йўқ. Нима қилиш керак? Билганлардан сўраш керак. Шундай қилиб, аста-секин кишиларга диний ҳукмларни ўргатадиган, уларнинг саволларига жавоб берадиган кишилар ажралиб чиқа бошлади. Кейинчалик шароит бутун бошли китоблар таълиф қилиш, масалаларни жамлаб баён қилишни ҳам тақозо қилиб қолди. Бу ҳақиқатни халифа Абу Жаъфар Мансур ва Имом Молик ораларида бўлиб ўтган ҳодисадан ҳам билиб олсак бўлади. Имом Молик ибн Анас ёшликларида Абу Жаъфар Мансур билан бирга ўқиган эканлар. Катта бўлганларида йўллари турлича бўлиб, Имом Молик илмда, айниқса, фиқҳда улкан алломалик даражасига етиб, ҳамманинг ҳурматига сазовор бўлдилар. Оғайнилари ва ҳамдарслари бўлмиш Абу Жаъфар Мансур Имом Молик билан мажлис қурди ва у кишига: “Яқин орада мен билан сендан илмлироқ одам йўқ, ўзинг кўриб турибсан, мен мана шу иш ила машғул бўлиб қолдим (яъни, халифалик). Сен одамларга диний ишларини енгиллаштириб берсанг”, деди. Имом Молик рози бўлдилар ва “Муватто” китобини таълиф қилдилар. Янаги ҳаж мавсумида “Муватто” китоби билан танишган халифа Абу Жаъфар Мансур қойил қолди ва Имом Моликка: “Жуда яхши қилибсан, агар хоҳласанг, ҳамма одамларни шу китобга жамлайман”, деди. Имом Молик: “Йўқ, ундай қилма, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг саҳобалари ҳамма ёққа тарқалиб кетишди, уларнинг ҳар бири ўзи билан яхшиликни олиб кетди”, дедилар.

Ушбу қиссадан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳатто давлат бошлиғи ҳам кишиларга фиқҳий кўрсатмалар мажмуаси лозимлигини англаб етган. Уламолар, жумладан, Имом Моликдек забардаст олим ҳам бу заруратни тушуниб етганлар. Шунинг учун ҳам Ислом оламининг турли жойларида фиқҳ уламолари етишиб чиқа бошладилар. Мазкур уламолар ўз илмий ишларида фиқҳий ижтиҳодларига тўртта нарсани асосий манба қилиб олганлар.

Биринчиси: Қуръони Карим. Фақиҳ Исломда бирор нарсанинг ҳукми қандай эканлигини билмоқчи бўлса, аввало Қуръонга мурожаат қилади. Унда нима ҳукм бўлса, ҳеч қандай иккиланишсиз қабул қилади.

Иккинчиси: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари. Агар фақиҳ ўша масалага жавобни Қуръондан топа олмаса, суннатга мурожаат қилади. Уни топиб ҳукмини баён ҳам қилади.

Учинчиси: Ижмоъ. Бу бир даврнинг ижтиҳод аҳли бўлган уламоларнинг бир овоздан бирор масалани қабул қилишларидир. Мисол учун, Қуръони Каримни китоб шаклига келтириш зарурлиги Қуръоннинг ўзида ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам таъкидланмаган. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг урушларда Қуръонни ёд биладиган қорилар кўплаб шаҳид бўлаётганидан ташвишланган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг таклифлари билан халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Қуръонни жамлашга амр бердилар. Бунга ҳамма рози бўлди, ҳеч ким қарши чиқмади. Бу иш ижмоъ орқали амалга ошди.

Тўртинчиси: Қиёс. Яъни, аввалги манбаларда ҳукми келмаган масалани, шунга ўхшаш манбаларда ҳукми бор нарсага қиёслаб ҳукм чиқариш.

Мисол учун, Қуръонда хамр, яъни ўша вақтда узум, арпа, асал, хурмо каби нарсаларни ачитиш йўли билан олинадиган маст қилувчи ичимлик ҳаром қилинган. Уламолар шунга қиёслаб улардан бошқа маст қилувчи ичимликларнинг барчасини ҳаром деб атаганлар.

Фақиҳларимиз суянадиган яна баъзи манбалар ҳам бор. Улар тўртта мазкур асосий ва қолган ёрдамчи манбаларга суянган ҳолда кўп масалаларни ҳал қилганлар. Ўша даврда кўплаб фақиҳлар етишиб чиққанлар. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан фиқҳий ишлари ҳам қолиб кетган. Аммо мусулмонлар оммасига кенг тарқалган, шогирдлари ва орқасидан эргашувчилари кўп бўлган уламолар фиқҳий мазҳаб соҳиблари, деб тан олинган. Шулардан тўртталари бутун дунёга машҳур бўлганлар ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар жумҳури томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар, деб тан олинган. Булар қуйидаги мазҳаблар:

  1. Ҳанафий мазҳаби — Шом, Туркия, Ўрта Осиё халқлари, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва бошқа юртларда кенг тарқалган.
  2. Шофеъий мазҳаби — Миср, Сурия, Индонезия, Малайзия, Филиппин, Тайланд ва баъзи Африка давлатларида тарқалган.
  3. Моликий мазҳаби — Либия, Тунис, Жазоир, Мағриб, Мавритания, Нигерия ва бошқа Африка давлатларида тарқалган.
  4. Ҳанбалий мазҳаби — Арабистон ярим оролида тарқалган.

         “Фиқҳий мазҳабларнинг баъзи масалаларга оид ихтилофини тақозо қилган илмий сабаблари бор. Бу ишда Аллоҳ Таолонинг катта ҳикмати, жумладан, бандаларига раҳмат ва шаръий далиллардан ҳукм чиқаришга кенг йўл очиш бордир. Сўнгра бу нарса бир неъмат ва фиқҳий-қонуний бойлик бўлиб, Ислом умматига диний ва шаръий ишларда кенглик яратиб беради. Шунда биргина, бошқасига ўтиб бўлмайдиган шаръий татбиқ ила чегараланиб қолинмайди. Балки, умматга баъзи вақтларда ва ишларда фақиҳ имомлардан бирларининг мазҳаби торлик қилиб қолса, бошқа мазҳабда кенглик, юмшоқлик ва осонлик топилади. Мазкур нарса ибодатга, муомалотга ёки оила, маҳкама ва жиноий ишларга ҳамда ҳаётнинг бошқа соҳаларига оид бўлиши мумкин. Мазҳабларнинг ушбу ихтилофи-фиқҳий ихтилофдир. Бу динимизнинг камчилиги ҳам, динимиздаги қарама-қаршилик ҳам эмас. Бундоқ ихтилофнинг бўлмаслиги мумкин ҳам эмас. Ўзининг комил фиқҳи, ижтиҳоди ва қонуний низомига эга бўлган ҳар бир умматнинг фиқҳий ижтиҳодий ихтилофи бўлмай иложи йўқ”.

Албатта, жаҳондаги энг мўътабар исломий ташкилотлардан бири бўлмиш Робитаи Олами Исломийнинг Ислом Фиқҳи Академияси кенгашининг ушбу баёнотидан кейин ўзини билган ҳар бир мусулмонда фиқҳий мазҳабни ҳақ эканлигида ва уларни эҳтиром қилиш зарурлигида ҳеч шубҳа қолмаслиги лозим.

Ўзларини “мазҳабсиз” деб номлаган Ҳиндистон салафийларининг етук олими Сиддиқ Ҳасанхон: “25 йиллик ҳаёт тажрибамдан келиб чиқиб айтаманки, омма халқ мазҳабга амал қилмаса охир оқибат диндан чиқар экан” деган. Шайх Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Мазҳабсизлик динсизликка кўприкдир” деганлар.

 

Бобожонов П

Шовот тумани Қарри Эшон бобо масжиди имом-хатиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мўъжиза сотиб оламан

26.12.2024   1599   4 min.
Мўъжиза сотиб оламан

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу

Бугун сизларга 6 ёшли бир қизалоқ ҳақида сўзлаб бераман. Қизалоқнинг исми Тесси бўлиб, у камбағал оилада яшарди. Уйларининг биринчи қаватида дорихона жойлашган эди. 
Қизалоқ кунларнинг бирида ота-онасига билдирмасдан шу дорихонага борди. Дорихоначи узоқ йил кўришмаган чикаголик бир дўсти билан суҳбат қурарди. Улар дорихонага кирган қизалоқни пайқамай, гаплашишда давом этардилар. Охири Тесси столни тақиллатиб, қўлидаги бир долларни сотувчининг олдига қўйди-да: “Илтимос менга мўъжиза бериб юборинг” деди.

Сотувчи ҳайрон бўлиб: “Сенга нима керак қизалоқ?” деди.
Қизалоқ: “Мана бир доллар, менга мўъжиза керак” деди.
“Биз мўъжиза сотмаймиз” деди сотувчи.

Қизалоқ бу гапни эшитиши билан йиғлаб юборди. “Илтимос қиламан, менда яна 11 сент ҳам бор, менга мўъжиза топиб беринг”.
Сотувчи: “Менда сен излаётган нарса йўқ. Кечирасиз, лекин мен сенга ёрдам беролмайман”, деди.
Дорихоначининг олдида турган дўсти тиз чўкиб, қизалоқдан сўради: “Сиз қандай мўъжиза сотиб олмоқчисиз?”.

“Укам, укам.... касал. У юқори қаватдаги уйимизда аҳволи оғир ҳолатда ётибди. Ҳозиргина шифохонадан келди. Лекин миясидаги шишни даволаб бўлмаяпти. У ўлиб қолади, укам яшаши учун менга мўъжиза керак” деди жажжи қизалоқ кўзлари ёшга тўлиб.

Ҳа, қизча мўъжизани сотиб олса бўладиган нарса деб ўйларди. Чунки у шифокорнинг укаси оғир касал экани, бунинг учун катта маблағ кераклиги ҳақида айтган сўзларини эшитганди. Шифокорнинг бу сўзларидан кейин Тесси кўзлари ёшга тўлган отасининг умидсизлик билан айтган ушбу сўзларини ҳам эшитганди: “Энди...энди ўғлимизни фақат мўъжиза қутқара олади”.
Шунинг учун қизалоққа мўъжиза жуда зарур эди.

“Сизда неча пул бор?” деб сўради ҳалиги чикаголик одам.
“Бир долларим ва яна ўн бир сентим бор”, деди Тесси.
“Қандай ҳам яхши, менинг мўъжизам учун айнан шунча керак бўлади” деб жилмайди ва жажжи муштига пулларини қисиб олган қизчанинг қўлидаги пулни олиб, “Қани менга уйингни кўрсат-чи, укангни кўрмоқчиман” деди.
Маълум бўлишича, бу одам таниқли нейрохирург шифокор Карлтон Aрмстронг экан. У дунёдаги энг яхши нейрохирурглардан бири эди.
Шифокор қизалоқ билан бирга уйга борди ва Тессининг укасини кўриб: “Мен сизнинг фарзандингизни мутлақо бепулга даволайман”, деди. Тессининг оиласи бундан ниҳоятда хурсанд бўлишди. Мўъжиза содир бўлаётганига ишонишмасди.
Шифокор Армстронг жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширди ва унинг бу амалиётда қўллаган услуби бутун дунё тиббиёт мактабларида ўргатиладиган бўлди.
Тез орада Тессининг укаси бутунлай соғлом ҳолда уйга қайтди. “Сизнинг ўз оёқларингиз билан уйимизга келиб қолишингиз бу – ҳақиқий мўъжиза. Пулимиз ҳам йўқ эди. Наҳотки, бепулга шундай мураккаб амалиётни қилиб берган бўлсангиз”, деди қизалоқнинг отаси. Бу гапларни қизалоқ Тесси эшитиб қолиб, югуриб келди: “Йўқ, кечириб қўясиз ҳеч бепул эмас. Мен бу мўъжиза учун 1 доллар ва 11 сент тўлаганман”, деди. Қизалоқнинг ота-онаси ҳайратланиб: “Йўғе, бу сенинг ишингми?” дейишди. Шифокор: “Ҳа, ҳаммасига шу жажжи қизалоқ сабабчи”, деди.


Ушбу ҳикоядан ўзимизга қандай фойдаларни олишимиз мумкин:

Аввало, ёш болаларнинг беғуборлиги, соф табиат экани. Бир нарсага шак-шубҳасиз ишонишлари.
Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглиги. 
Учинчидан, агар бир нарсага чин қалбдан ишонсак ва унга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсак, албатта мўъжиза биздан узоқ эмаслигига гувоҳ бўламиз.
Қиссада гувоҳи бўлганингиздек, қизалоқнинг қатъий ишончи сабабли Аллоҳ таоло шифокорни юборди. Натижада, қизалоқнинг укаси тузалиб кетди, мўъжиза содир бўлди. Бунинг учун бор йўғи 1 доллару 11 сент сарфланди.

Даврон НУРМУҲАММАД

Мақоланинг видеолавҳа шакли
 

Мақолалар