12 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Самарқанд вилоятига ташрифларининг иккинчи куни Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси зиёрати билан бошланди. Таомилга биноан ўтганларнинг руҳи поки ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми олий мактабига борилди. Олий таълим муассасасида 2019-2020 ўқув йилининг бориши, талабалар ва педагог-ўқитувчиларга яратилган шарт-шароитлар ва талабаларнинг билим даражалари синовдан ўтказилди.
Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 11 январь куни янги мактаб билан танишиб, бу ерда талабаларга Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний ва бошқа буюк алломаларимиз асарларини пухта ўргатиш борасида алоҳида тўхталган эдилар.
Шу муносабат билан ташриф чоғида муфтий ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Олий мактаб кафедралари фаолияти, ўқув хоналари, кутубхона ва таълим-тарбия жараёнларини олиб боришнинг энг замонавий услублари билан яқиндан танишдилар.
Ташриф чоғида олий мактабда таълим сифати, ўқув дарсликлари турлари, хорижий ва маҳаллий ўқитувчиларга ҳамда талабаларга янада қулайликлар ташкил этиш бўйича муҳим тавсиялар берилди.
Ҳадис илми мактаби фаолиятини ташкил қилиш мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида муҳим аҳамият касб этади. Ташкил этилган олий таълим муассаса ўз олдига ҳадис илмининг илмий-назарий асосларини чуқур ўрганиш, хорижий тилларни чуқур ўргатиш, диний қадриятларни асраб-авайлаш, ҳадис илми уламолари асарларининг таржима ва қиёсий матнларини тайёрлаш, ўзбек ва хорижий тилларда нашр этиш, конференциялар ташкил этишдек катта вазифаларни қўйган.
Муфтий ҳазратлари педагог-ўқитувчилар билан мулоқотда Ҳадис илми мактабида ўқитиш услубларини такомиллаштириш ва халқаро илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини алоҳида таъкидладилар.
Маълумот ўрнида, Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати беш йил бўлиб, кундузги таълим шаклида олиб борилади. Мактабга араб тилини пухта ўзлаштирган, ҳадисларни ёд олишга салоҳияти бўлган ўрта махсус диний таълим муассасаларининг 10 нафар иқтидорли битирувчилари саралаб олинди.
Мактабда ҳадисшунослик фанлари билан бир қаторда Қуръони карим, фиқҳ, ақида, тафсир, ислом тарихи каби фанлар ҳамда хорижий тиллардан чуқур билим берилади.
Келажакда Ҳадис илми мактаби битирувчилари диний фанлар, хусусан, ҳадис илми соҳасида таълим бериб, диний ташкилотларда имом-хатиб, илмий ходим вазифаларида ишлаши, шунингдек, илмий-тадқиқот марказларида илмий ходим сифатида фаолият олиб бориши кўзда тутилган.
Битурувчилар таълимни ўз ихтисослигига кўра, Ўзбекистон халқаро Ислом академияси магистратурасида, таянч докторантура ва докторантура босқичларида давом эттиришлари мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Имом Абул Муъин Насафий раҳматуллоҳи алайҳ "Табсиратул адилла" асарларида Хуросон ва Маворауннаҳр аҳолиси ҳанафийликни Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг етакчи шогирди Имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, унинг шогирди Абу Сураймон Жузжоний, унинг дўсти Шайх Абу Бакр Аҳмад, Шайх Исҳоқ Собиҳ Жузжоний, Имом Абу Бакр Жузжоний, Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёдий Ансорий ва Имом Мотуридий силсиласи орқали ўрганган деб келтиради. Имом Насафийнинг таъкидлашларича бу олимлар илк даврдан бошлаб Мовароуннаҳрнинг барча ҳудудларида ҳамда Хуросоннинг Марв ва Балх шаҳарларида ҳанафийлик мазҳабини ёйишда жонбозлик кўрсатишган.
Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг эътиқодий қарашларини яхши ўзлаштиришдан ташқари минтақамизда ҳанафийлик тарқалишида муҳим ҳисса қўшганлар.
Косонсой туман "Бузрукҳўжа" жоме масжиди имом-хатиби
Содиқжон Абдураҳманов
Манба: @Softalimotlar