Сўнгги йилларда Давлатимиз Раҳбари томонидан барча соҳа ва йўналишлар қатори юртимизда истиқомат қилиб келаётган турли миллат ва элат, диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний нормаларга мос равишда фаолият юритаётганидан далолатдир.
Қолаверса, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Давлатимиз Раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббус асосида қабул қилинган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция ҳам таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.
Ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодаси ўлароқ, жорий йил 5 декабрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳузуридаги конфессиялар ишлари кенгашининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирни Дин ишлари бўйича қўмита раиси, Конфессиялар ишлари кенгаши раҳбари А.Ахмедов олиб борди. Мазкур йиғилишда турли дин вакиллари ўртасида ҳамжиҳатлик алоқаларини янада яхшилаш, конфессия вакиллари томонидан тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида сўз юритилди.
Тадбирнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллиги байрами арафасида ўтказилгани диний бағрикенглик, тотувлик ва аҳиллик, ўзаро тушуниш, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда фаолият олиб бориш борасидаги ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлашга ҳам асос бўлиб хизмат қилди.
– Президент Ш.Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлардан барчамиз мамнунмиз. Сўнгги йилларда мамлакатда фаолият юритаётган диний конфессиялар вакилларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Турли байрам ва тантаналарда бир-биримизни қутлашга борамиз, бу яхши анъанага айланди. Бугун Дин ишлари бўйича қўмитада бўлиб ўтган тадбирда ҳам бизга ўзгача эҳтиром кўрсатилди, тақдирлаш маросими ўтказилди, бундан жуда бахтиёрмиз – дейди Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий.
Тадбирда иштирок этган яҳудий диний жамоаси раиси Аркадий Исахаров ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, жумладан, шундай деди: “Дарҳақиқат, бугун мамлакатимизда 16 хил турли диний конфессия вакиллари эмин-эркин ўз ибодатлари, диний расм-русумларини бажариб келмоқда. Бу эса, албатта, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мазкур йўналишда олиб борилаётган эзгу ишларнинг самарасидир”.
– Мен 14 йилдан буён Ўзбекистонда истиқомат қилиб келаман. Очиғи, сўнгги йилларда бизга бўлган эътибор яна ҳам кучайди. Давлат Раҳбари томонидан диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида мақтанса арзигулик ишлар амалга оширилмоқда. Биз – барча конфессиялар вакиллари Ўзбекистоннинг дин соҳасида олиб бораётган сиёсатини қўллаб-қувватлаймиз. Бу йўлда ҳаммамиз бир тану, бир жон бўлиб фаолият юритамиз, – дейди Рим-католик черкови епископи Ежи Мацулевич.
Кўтаринки руҳда ўтган тадбир якунида Дин ишлари бўйича қўмита томонидан барча конфессиялар вакилларига эсдалик совғалари, фахрий ёрлиқлар топширилди.
Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати
Бир қиз айтади:
«Худонинг берган куни ҳали у тарафдан, ҳали бу тарафдан мени ғам-ташвишлар сиқувга олади. Лекин жума куни кайфиятим бошқача бўлади, қайғуларим камайиб, хурсандчилигим ортади. Сизларга бунинг сирини айтиб бераман.
Авс ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Энг афзал кунлардан бири – жума кунидир. Одам алайҳиссалом шу куни яратилган, руҳи ҳам шу куни қабз қилинган. Сурга шу куни пуфланади. Даҳшатли қичқириқ ҳам шу куни бўлади. Бу кунда менга кўп салавот айтинглар, чунки салавотларингиз менга кўрсатиб турилади». Саҳобалар «Ё Аллоҳнинг Расули, сиз тупроққа қоришиб кетган бўлсангиз, қандай қилиб салавотларимиз сизга кўрсатилади?» дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла анбиёларнинг жасадини тупроққа ҳаром қилган», дедилар (Абу Довуд, Насоий ривояти).
Мана шу муборак ҳадисни эшитганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени қандай қилиб таниб олишларини ўйладим. Ҳар жума куни айтган салавотларим у зотга етказиб турилар экан. Расулуллоҳ мени умуман салавот айтмаган ёки жуда кам салавот айтган ҳолимда таниб қолсалар-чи? Буни ўйлаб, ўзимдан ҳам, Расулуллоҳдан ҳам жуда уялиб кетдим. Қиёмат куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени таниб олсинлар, у зотга кўп салавот айтганим учун шафоат қилсинлар деб умид қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп-кўп салавот айтадиган бўлдим. Ҳар жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўпроқ салавот айтишни одат қилдим.
Шундан кейин салавот айтиб бўлишим билан улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилаётганини ўйлаб, жума кунини чинакамига севиб қолдим. Жума куни айтган салавотларим Расулуллоҳга кўрсатилгани учун бу кунни интиқлик билан кутадиган бўлдим. Жума куни тонгда бомдод намозини ўқиб бўлгач, қалбим шодликдан энтикиб кетадиган бўлди, чунки шу кунги салавотларим суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилади! Иншааллоҳ, мен бу борада биринчилардан бўламан!
Салавотнинг бундан бошқа фойдалари ҳам билина бошлади. Жума куни уйимиз янада сокин, файзли бўлиб қолади, муаммо ва ташвишлардан холи бўлиб кетади. Шу куни онам билан бир-биримизга янада меҳрибон, илтифотли бўлиб қоламиз. Буларнинг барчаси, албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган салавотларимизнинг шарофатидир. Ҳатто узрли пайтимда бошқа кунларни руҳан сиқилиб ўтказсам ҳам, жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтганим учун қийинчиликлар йўқ бўлиб кетади. Мен бу ҳолатни тахминан етти йилдан бери кузатиб келаман. Ҳозирда эса жума кунлари ўзгача бахт, ўзгача тетиклик ҳис қиламан. Аллоҳ таоло барча муслима қизларни жума кунлари ҳам, бошқа кунларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ҳаловати билан сийласин!»
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.